Қуйида сермаҳсул ижодкорнинг туркум шеърларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
ОИЛА
Сен борсан, қувончи осмонда одам,
Ўлан тўшагида мезбонда одам,
Сенсиз аламзада, гирёнда одам,
Ҳар ким паноҳ топган ошён - оила.
Гўдак ором олган олтин бешиксан,
Туну кун очилган нурли эшиксан,
Ҳар кимнинг қалбида битта қўшиқсан
Икки дил яратган достон - оила.
Аёлнинг ҳаёси, эркак орисан,
Болакайлар ўниб-ўсар жойисан,
Бобосан, бувисан, дада, ойисан,
Бир митти мамлакат, қўрғон - оила.
Яхшими, ёмонми, сиринг ўртада,
Кичикми, каттами, еринг ўртада,
Манглайдан тўкилган теринг ўртада,
Мустаҳкам қалъасан, қалқон - оила.
Энг оғир жазодир хиёнат сенга,
Ярашур муҳаббат, садоқат сенга,
Никоҳ бу риштадир, иноят сенга,
Қадрингга етмаган нодон, оила.
Султонми, гадоми, даврони ўтар,
Ким кимга тош отар, ким кимни туртар,
Йиқилса кўрпача, болишни тутар,
Ҳар бошда соябон, айвон - оила.
Баъзида англамас кўнгил кўнгилни,
Тақдир айро қилар ҳаётни, йўлни,
Аросатда қолган қизни, ўғилни
Не қилмоққа ожиз, ҳайрон - оила.
Лекин тикандан ҳам гул кўп дунёда,
Пиру бадавлатлар ҳаддан зиёда,
Умр ўтаверар отда, пиёда,
Ҳар унган ниҳолга боғбон - оила.
* * *
Қоронғу тун оғушларида
Ухлаб ётар одамлар бари.
Сукунатни тилимлаб ташлар,
Юрагимнинг дукур-дукури.
Ит ҳуради аллақаердан,
Деразадан пойлайди қўрқув.
Атрофида канизаклари,
Нурин сочиб турар ой сулув.
Кўзларимга келмайди уйқу,
Бардошимни синайди кеча.
Ташвишларни унутиб буткул,
Ором олгим келади пича.
Чўзиламан жойимга аста,
Тизгини йўқ хаёллар – душман.
Тушларимда ой ёруғида
Шеърлар ёзиб турган эмишман.
ЮРАГИМ
Мен сени кўрмаганман,
Кўролмасман ҳеч қачон.
Аммо шундай бўлса ҳам
Дўст бўлганман жонажон.
Сен шундасан, мен шунда,
Ёнгинангда яшайман.
Бир умр қўним топган,
Маконингман, гўшангман.
Қўл узатсам етару,
Ушлаб бўлмайди сени.
Жон билан баробарсан
Ташлаб бўлмайди сени.
Ўзим каби тинмайсан,
Дук-дук қилар товушинг.
Ҳолатимни, дардимни
Зумда билар товушинг.
Сену мен бир тақдирмиз,
Ташвиш битта, ғам битта.
Бирга келдик дунёга,
Кетар йўллар ҳам битта.
Ҳар нарсадан сиқилиб,
Ўзинг қўйма хатарга.
Тўлиб, тошган пайтингда
Тўкиб ташла дафтарга.
Ҳаёт деган ҳамроҳинг,
Гоҳ бошингни силайди.
Гоҳо эса чил бериб,
Бардошингни синайди.
Не бўлса ҳам куйинма,
Дунё асли чаладир.
Сенга мудом шу таним
Энг мустаҳкам қалъадир.
* * *
Осмон гумбазига осилиб қолди,
Ерга қулаб тушди минг йиллик офтоб.
Ёмғирлар ўрнида тошлар ёғилди,
Қақраган дарёда балиқлар кабоб.
Самони тарк этди оймомо бирдан,
Сарғайган юлдузлар етим қўзидек.
Бир сиқим кул бўлди дов-дарахт ёниб,
Шайтон чапак чалди, дунё тўзиди.
Томиримдан қонмас, айланиб вулқон
Неки аъзом бўлса танамни тепди.
Умр тушга ўхшаб кўринди менга,
Қирқ йиллик уйқудан уйғониб кетдим.
Ўша кун, ўша тонг, ўша маҳалда,
Бомдод намозлари ўқилган эди.
Ўзимни ўзимга едириб буткул
Онамнинг жонлари узилган эди.
ОНАМ БИЛАН СУҲБАТ
Болаларга
- Ватан нима? - Мен сўрадим онамдан.
Онам деди: - Сен туғилган остона.
Инсон яшар ҳар қаерда, ҳар қайда,
Туғилган юрт лекин тахту кошона.
Яна шуни қулоғингга қуй, болам,
Ватан бўлар бу дунёда ягона.
Мен сўрадим: - Бошимизда нур сочган
Қуёш бирла ҳилол ҳамки бир дона?
Онам деди: - Ой, қуёшнинг ўрни бор,
Аммо улар ерда эмас, осмона.
Ватан меҳри шундай буюк, болажон,
Киши бўлар ғурбатларда девона.
Дедим : - Агар шунча улуғ бўлса юрт,
Не қилайин унинг учун мен, она?
Онам айтди: - Ўсгин, унгин, одам бўл,
Довруғин ёй етти иқлим томона.
Қадрини тут осмонлардан юқори,
Эл кулса кул, ёнса ён, бўл парвона.
МИНГЧИНОР
Бу ернинг осмони бошни силайди,
Қоялар бир-бирин опичлаб ётар.
Тонги туни билан соғинчда ёнса,
Кўзи қияр-қиймас қуёши ботар.
Саратон забтига олган кезда ҳам
Димоққа урилар баҳор нафаси.
Сирли оҳанг бўлиб дилга қуйилар
Дарахт япроғидан булбулнинг саси.
Гоҳ қуёш булутга бошини қўйса,
Инжулар юзлардан думалаб ўтар.
Бир ёни Самарқанд, бир томон Ургут
Шаҳри Кеш меҳмонни шу ерда кутар.
Бир санъат яшайди тоғ орасида
Бағрида яшириб ҳайратларини.
Қизларнинг сочидай нафис толалар
Пазанда элимнинг сувратларими?
Бу ерда табиат алвон рангларни
Зангор гиламларнинг кўксига экар.
Олволи, ўриклар шохларин букиб,
Ҳосилнинг забтидан ерга бош эгар.
Чўққилар қўйнидан қорлари сим-сим
Арчалар оралаб сойларга сизар.
Қайнарни қалбига жо қилиб ҳамон
Абдулла Шоирнинг руҳлари кезар.
Тан енгил, руҳ тоза, иймон саломат,
Юракда юрт меҳри, ажиб виқорлар.
Исмини жисмига монанд этгали
Кўкарар кексаю ниҳол чинорлар.
Унга туташ тоғлар қадим ва сирли,
Мозий ҳикматидир харсангтошлари.
Йўлларнинг четидан “Оқ йўл”, дегандай,
Қизғалдоқлар силкир алвон бошларин.