Муносабат ва мулоҳаза
"Qashqadaryo" газетасининг жорий йил 17 ноябрь кунги сонида "Ваъда бор, амалда эса ҳеч нарса. Машъалдаги сув иншоотидан фойдаланиш имкони йўқми?" сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда Ғузор тумани Қоракўл маҳалласи Машъал посёлкасидаги ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ёритилган.
Мақолада таъкидланганидек, 1993 йилда "Шўртаннефтгаз" корхонаси (ҳозирги Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси) томонидан Машъал посёлкасини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Шаҳрисабз - Қарши бош сув магистралидан қувур орқали ҳудудга сув тортиб келиниб, аввал шу ерда барпо этилган махсус резервуарларга тўпланган, сўнг насос ёрдамида аҳоли ҳамда "Шўртаннефтгаз" корхонасига ҳайдаб берилган.
Кейинчалик "Шўртаннефтгаз" корхонаси лойиҳадан воз кечиши натижасида сув иншооти фаолияти тўхтаб қолган. Унинг қувурлари, қисмлари аста-секин талон-торож этилиб, йўқолиб бормоқда. Аҳоли вакилларининг ушбу сув иншоотини қайта ишга тушириш ва фойдаланишни ташкил этиш бўйича турли ташкилотларга қилган мурожаатларига эса тайинли жавоб йўқ.
Шундан келиб чиқиб, мақолада "Хўш, тайёр иншоотни таъмирлаб, қайта ишга тушириш имкони йўқми?" деган савол ўртага ташланган эди.
Орадан 20 кун ўтиб, яъни жорий йилнинг 7 декабрь куни "Қашқадарё сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти мақолада кўтарилган мавзуга муносабат билдирди.
Жамиятнинг расмий Telegram канали орқали эълон қилинган муносабат матни қуйидагича:
"Ҳозирги кунда Ғузор тумани аҳолиси тахминан 205 минг кишини ташкил этади. Айни пайтда туманда 43 та маҳалла мавжуд бўлиб, шундан 41 таси тизимлашган ичимлик суви линиясига уланмаган. Бу ҳудудлар аҳолисига ичимик сувини махсус техникаларда ташиб етказиб бериш йўлга қўйилган.
Давлатимиз раҳбари 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифлари чоғида Ғузор туманида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси оғир эканлигини таъкидладилар ва келгуси йилда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 50 фоизга етказиш вазифасини қўйдилар. Айни пайтда бу борада ишлар бошлаб юборилган."
Халқимизда "Мен нима дейману, қўбизим нима дейди" деган мақол бор. Биз нима ҳақда ёздигу, "Қашқадарё сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти масъуллари нима демоқда?...
Аслида жамият масъуллари муаммони ўрганиши, ҳеч бўлмаса, мақолада айтилган сув иншоотидан бугунги кунда фойдаланиш имкони бор ёки йўқлигини аниқлаб, бу ҳақда ўз хулосаларини айтиши, айнан Машъал посёлкасини келгусида марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш режалари ҳақида аниқ маълумот беришини кутгандик.
Ташкилот масъуллари эса хонадан чиқмасдан туриб, 12-13 ноябрь кунлари Президентнинг вилоятимизга ташрифи чоғида айтилган, ҳамма эшитган, ҳамма ўқиган маълумотларни ёзиш билан чекланишибди.
Нима ҳам дердик... Айни пайтда "Қашқадарё сув таъминоти" масъулияти чекланган жамиятининг муаммога муносабати шу.
Ж.БОЙМУРОДОВ