Ота-онанинг биринчи вазифаси – болаларига баодоб жамиятда ўзини қандай тутишни ўргатиш; иккинчи вазифаси эса – шундай жамиятни топиш.
Р.ОРБЕН
ЭНГ КИЧИКЛАР НИМАНИ ТОМОША ҚИЛИШАЯПТИ?
Замонавий одам онгига болалигиданоқ руҳий айниш буҳронлари ёпирилади. Ҳозирги мультфильмларнинг аксариятида зўравонлик, шафқатсизлик, ҳақиқатдан йироқ турмуш, жинсий патология ва иллатлар тарғиб қилинади.
Дисней мультфильмларининг анъанавий сюжети: мушук сичқонни тутиб олади ва уни мўмайгина долларга пуллайди, сўнг эса топган пулини яшириб қўяди-да, мушукхонимлар билан денгиз бўйида кўнгил очиш ҳақида хаёл суради. Мана, бола онгига мурғаклигидан сингдирилаётган хулқ-атвор модели: тутиш, пуллаш, бошқалардан яшириш ва бор пулини кўнгилхушликка сарфлаш. Яна бошқа, замонавийроқ сюжет эса, бизда бир вақтлар айтилганидек, “энг ёши кичиклар” учун: бу анимацион фильмдаги суперқаҳрамон қиз клубда стриптиз раққосаси, “иш”дан бўш вақтида эса “69-махфий агент” вазифасини бажаради ва жиноятчиликка қарши курашади (“Стриперелла” мультсериали). “69-агент”нинг сийнаси ўзига хос ёлғонни аниқловчи детектор, оёқлари билан эса у душманининг бўйнидан маҳкам қисиб олади ва бўғиб ўлдиради. Бу мультқаҳрамонга порномодель овоз берган. “Мен Стриперелла билан жуда фахрланаман, - дея таъкидлаганди у “Reuters” агентлигига берган интервьюсида. - У менинг учун alter ego - кучли, ақлли, жозибадор, бундан ташқари, келинг, ҳақиқатга тик борамиз, бироз енгилоёқ ҳам...”
Замонавий анимацион фильмларнинг аксариятини монстрлар (беўхшов, мутант махлуқлар), фазовий келгиндилар ва бошқалар ҳақидаги мультфильмлар ташкил қилади, қайсига қараманг қотиллик, зўравонлик. Сюжети космик жанглару, образлари суперқаҳрамонлардан иборат кўпгина мультсериаллар кичкинтойдаги туғма эзгулик ҳисларига путур етказади. Мультфильм ва компьютер ўйинлари унинг онгига зўравонликни тиқиштиради. Бола шуури беихтиёр ўз рақибларини турли-туман йўл-усуллар (отиш, портлатиш, бўлакларга бўлиш, оловда ёқиш, сувда чўктириш) орқали ўлдириб, осонгина бир ёқли қилаётган суперқаҳрамонга тақлид қилишга интилади. Зўравонлик ва қотилликдан иборат ўйинлар дунёсига кирган гўдак улғая боргани сари муштумзўрликка худди наркотик моддаларга кўниккан каби мослашиб, ўрганиб боради, энди у ўлдириш ва зўрлик қилишнинг янгидан янги порцияларини ҳис қилиш ва кўришга эҳтиёж сеза бошлайди. Ўсмирлик ёшида эса бундай болалар эзгуликни тарғиб қиладиган одатий фильмларни томоша қилиш, қизиқарли, сермазмун китоблар ўқишга бўлган қобилиятини йўқотади. Улар унинг учун зерикарли туюлади.
Болаликдан ҳозирги одамлар нореал – ҳақиқатдан йироқ ҳаёт тарзида яшашга ўргатилаяпти. Реал ҳаётдан узоқлашиш – бу кўпчилик мультфильм ва компьютер ўйинларининг асоси. Илгари ҳам эртакларда нореал, хаёлий мавжудотлар бўлган, бироқ улар ҳамиша реал қаҳрамонлар билан биргаликда ҳаракат қилишган, уларга ёрдам беришган. Ҳозир ҳаммаси бошқача: ўйлаб топилган фазовий кемалар, уйдирма персонажлар, ёлғондакам қуроллар... Булар таъсирида реал ҳаёти ҳам болага худди бош мақсади ҳокимият учун кураш ва пул топишдан иборат бўлган ўйин ва кўнгилхушлик каби кўринади.
Яна, ҳозирги мультфильмлардаги деярли барча персонажларнинг жинсий белгилари атайлаб бўрттириб кўрсатилади: ярим очиқ кўкрак ёки бўкса. Агар бундай бўлмаган тақдирда ҳам бош қаҳрамон стриптизчи, агар бу қўғирчоқ бўлса, албатта, худди Барби қўғирчоқлари сингари аёллик белгилари ниҳоятда бўрттирилган “жонон”. Бундай кучли босимга эга тарғибот болада янглиш жинсий дунёқараш шаклланишига туртки бўлади.
Гомосексуализмни тарғибот қилиш эса тараққийлашган давлатларда ҳукумат томонидан тавсия этилаяпти. Болалар боғчаларида аллақачон Евроиттифоқ томонидан тавсия этилган, гўдакка икки севишган шаҳзода ҳақидаги эртакни ўқиб бериш кўзда тутилган дастур жорий қилинмоқда. Мана, шундай “эртак”лардан бирининг қисқача мазмуни: “Бир шаҳзода яшаган экан, у маликани севаркан ва унинг қалбини забт этишга бор кучи билан уринибди, аммо малика унга илтифот қилмабди, шунда шаҳзода ўз дўстини чақирибди ва у билан муҳаббатга бой умр кечира бошлабди”.
Литвалик ота-оналар мамлакат меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигига мурожаат қилишганди. Улар “Gender Loops” деб аталувчи таълим лойиҳасини бекор қилишни талаб этишган. Маълум бўлишича, бу дастур мурғакларга ноанъанавий жинсий муносабатлар ҳақида тушунча беришни ҳам ўз ичига олган экан. Ваҳоланки, бундай дастурнинг қўлланиши умумий патология (бузилиш, айниш)ни юзага келтириши ҳеч гап эмас...
БАРБИ ҚЎҒИРЧОҚЛАРИ
Барби қўғирчоқлари алоҳида диққатга сазовор. Мультфильмларнинг намойиш этилишида телевидениени айбласа бўлар, бироқ Барби қўғирчоқларини ота-оналарнинг ўзлари фарзандларига сотиб олиб беришади. Ва АҚШда 1959 йилда ихтиро қилинган, бир қарашда беозор кўринадиган бу ўйинчоқдан ёпирилаётган хатарни билишмайди. Аввалига Барбининг тарихи ҳақида тўхталсак.
Расмий маълумотларга кўра, Барбининг муаллифи америкалик Рут Хандлер саналади. Қўғирчоқларни тадқиқ қилган профессор М.Г.Лорд шундай ёзади: “Барбининг илк ўтмишдоши қўғирчоқ Лиллидир. Лилли биринчи марта 1952 йилнинг 24 июлида пайдо бўлган ва жуда тез оммалашиб кетган. Унга прототип бўлган енгилтак аёл – Лилли икки нарсани – кўнгилхушлик ва пулни хуш кўрар, пулдор жазманларини тез-тез алмаштириб турарди”.
Рут Хандлер илк марта Лилли қўғирчоғини таътилини ўтказаётганида Швейцарияда кўрган. “Биз кўчада кетаётгандик, дўконларга қараб, мен юзи ва қомати худди катта ёшли аёлникидай ясалган ғаройиб қўғирчоқни кўриб қолдим”, дея ўз бизнес-моментини айрича ҳавас билан эслайди Рут.
Ҳатто ғарблик руҳшунослар ҳам Барби қўғирчоғи қизалоқларда шахс ва жамиятга зарар етказадиган хулқ-атворни шакллантириши мумкинлигидан жиддий хавотирдалар. Қизчаларнинг руҳияти ўзгара бошлайди – “уларда болаларга хос бўлмаган истиғно, совуқлик ва эрта улғайиш белгилари намоён бўлади”. Барбисини ясантирар экан, мурғак қизалоқ ўз ҳаётий маслагини туза бошлайди – у ҳам кимнингдир қўлида қўғирчоқ бўлишни хаёл қилади.
Авваллари қизчалар қўғирчоғи билан “қиз-она” ўйинини ўйнарди. Қўғирчоқ гўдак кўринишида бўлгани учун мурғак қизалоққа яқин ва тушунарли эди. Ва у қизгинани энг асосий вазифага – она бўлишга тайёрларди. Энди эса бу ўйин бутунлай ўзгача тус олаяпти. Барби қўғирчоғи қизчаларга она ролини ўргатмайди. Бу ерда ота-она билиши шарт бўлган энг муҳим жиҳат шуки, Барбига энагалик қилиш керак эмас, уни ясантириш керак. Болалигиданоқ қизчаларга қандайдир ўртамиёна гўзаллик идеали сингдирилиши оқибатида улар сал улғайгач, ўзлари ўйнаган “соҳибжамол”га ўхшашга интиладилар. Ўта озғин, рамақижон, ҳурпайган сочли Барби қўғирчоғи гўё замонавий манекен аёлларнинг қиёфасини масхара қилаётгандай...
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.