Одам адабиётни севиши, анча-мунча ижодий тафаккурга эга бўлиб, қалам тебратиши мумкин – бунда уни ё қаламкаш дейдилар, ё ижодкор. Бироқ “шоир” деган ном учун бу камлик қилади. Шоирлик аслида худо юқтирган дард билан яшаш, ўзи ва ўзгалар қалбига теран ички нигоҳ билан боқиш, кези келганида, бутун бир миллат, халқ дардини баралла айта олиш билан ўлчанадиган бир мезонки, унинг талабларига ҳамма ҳам туриб бера олмайди. Агар киши ўзини шоир санаб, бор-йўғи анъанавий мавзулардагина қалам тебратиб юраверса, ўз ёзганларини ўзи ўқиб, қониқиш туйсаю бошқалар уни тан олмаса, у шоир эмас. Шоирнинг ёзганлари аслида уни ўқиган одамнинг қоқ юрагини мўлжалга олган пайкон мисоли бўлмоғи керак: токи бу пайкон юракларни яраласин, жароҳатдан инсон дилида оғриқ, руҳида уйғоқлик ҳис этсин. Шундагина у ҳақиқий шоир дейилмоққа ҳақли.
Ўзбек шеъриятида ана шундай ҳақли равишда ШОИР деган ном, унвонга сазовор, эл меҳри, халқ эътирофига эриша олган қалам соҳибларидан бири Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовдир. Таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров эл суйган шоирнинг 2000 йилда нашр қилинган “Сайланма”сига ёзган сўзбошисида шундай деган эди: “Бундан эллик йил муқаддам янграган Эркин Воҳидовнинг илк жарангдор шеърлари билан ўзбек шеъриятида янги бир самимият даври бошланди. Ва ўша – ўсмирлик чоғларидан то ҳозиргача шоир шеърдан шеърга, достондан достонга, довондан довонга, даврдан даврга ўсиб, ўзгариб, ҳар янги даврда ўзгача камолот пиллапояларини забт этиб борди. Фақат унинг ўзи билан бирга туғилган самимияти ўзгармади, ҳамиша эл юрагига қулоқ тутиш, элга тилмоч бўлиш эҳтиёжи ўзгармади. У янги замонларнинг маърифатини халқ қалбига олиб кирди. Сўзининг туб мағзида миллий ғурур туйғуларини сезгир пардаларда ифодалади...”
Дарҳақиқат! Шоир шеърияти шундай халқчил ижодки, бугун “ўзбекман” деган ҳар бир одам унинг, жуда бўлмаганида, 4 сатр шеърини ёддан айта олади. Яқин 40-50 йилдан бери Эркин Воҳидовнинг жуда кўп шеърлари тўй-тантаналарда, шинаванда давраларда такрор ва такрор айтилади, севиб ўқилади. Боғчага, мактабга илк қадам қўйган ўғил-қизлар унинг Ватан, Она юрт ҳақидаги сатрларини осонгина ёд олади. Боиси – шоир шеърларидаги самимият, оддий ҳаётий мазмунни теран фалсафа даражасига олиб чиқиш истеъдоди. Асллик, нуктадонлик, оҳорлилик – булар шоир шеъриятининг муваффақиятини таъминлаган энг муҳим омиллар, десак, адашмаймиз. Зеро, унинг ижодини ҳеч бир бошқа ижодкорники билан солиштириб бўлмайди. Бу шеъриятнинг оҳори йиллар ўтса-да, тўкилмайди – ҳар даврда ҳам бирдек севилиб, бирдек янгича қабул қилинаверади.
Фурсат - олтин,
Сен кўкрак кериб
Олтинингни сочиб борасан.
Фурсат қувар,
Унга чап бериб,
Сўроғидан қочиб борасан.
У етолмас,
Ёшсан - абжирсан,
Қолмай келар лекин орқангдан.
Қочма йигит,
Вақт келар, бирдан -
Фурсат маҳкам тутар ёқангдан...
Шоир ижодидан ўрин олган бу каби юзлаб шеърлар бир томондан мағзи тўқлиги, чуқур мушоҳадага бойлиги билан, бошқа томондан эса техник жиҳатдан пишиқ, мукаммаллиги билан ўқувчини ўзига оҳанрабодай тортади. Эркин Воҳидов шеъриятга кириб келган кезларидаёқ (ўтган асрнинг 60-йиллари) ўзининг буткул янгича овоз, янгича услуб эгаси эканини исботлади. Мумтоз адабиётнинг энг нафис, гўзал намунаси бўлмиш ғазал жанрида битган шеърлари ўша даврда катта янгилик сифатида қабул қилинди. Ўз ўрнида бу – катта ижодий жасорат ҳам эди. Ҳали шўролар тузумининг авжи баланд бўлган, адабиётни ҳам ўз йўриғига солиб, ўзига ҳамоҳанг, “жўровоз” бўлишни талаб қилиб турган бир пайтда шоир мумтоз жанрга дадил мурожаат қилди, янгича ёндашув билан ғазални замонавийлаштирди.
Эй мунаққид, сен ғазални
Кўҳна деб камситмагил,
Севги ҳам Одам Атодин
Қолган инсон қонида, дея ўз ижодий тажрибасига изоҳ берган эди у. Эл орасида жуда тез тарқалган ғазаллар таниқли ҳофизлар созига эш бўлиб, тилдан тилга кўчди, неча дилларни ўзига мафтун қилди. Айниқса, шу жанрда битилган “Ўзбегим” қасидаси Эркин Воҳидов ижодининг энг юксак намунаси, дея эътироф этилди, шоирнинг ўзига хос “ижодий паспорти”га айланди. Навоий, Бобур, Фузулий сингари шоирлар ғазалларига боғланган мухаммаслари тилининг соддалигию мазмун жиҳатидан муаллиф ғояларига ҳамоҳанглиги билан ажралиб туради.
Шоирнинг ижоди замон, давр билан ҳамқадам, ҳозиржавоб шеъриятдир. У жамиятнинг оғриқ нуқтасига айланган иллатларни, қусуру камчиликларни ўзига хос нуктадонлигу ўткир тил билан, таъсирчан ифодаларда шеърга солди. “Донишқишлоқ латифалари” деб ном олган туркум ҳажвий шеърлари эса кулги шинавандаларига янги образ – Матмусани тақдим этди. Бу қаҳрамон ўзининг содда, анойинамо ҳаракатлари билан Насриддин Афандини эслатади.
Эркин Воҳидов ижодида таржима кенг ўрин эгаллаган. Ўзбек китобхони айниқса рус шоири Сергей Есенин шеъриятини унинг таржимасида севиб ўқийди, ўзига яқин деб билади. Немис шоири Гётенинг “Фауст” асарини катта маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган Эркин Воҳидов ўзининг етук таржимон сифатидаги маҳоратини намоён этди. Шоир қаламига мансуб “Орзу чашмаси”, “Бахмал”, “Қуёш маскани”, “Тошкент садоси”, “Нидо”, “Руҳлар исёни” каби достонлар эса алоҳида бир мавзу. “Нидо”ни ўқиган киши ҳали-ҳамон Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини ўз вужудида ҳис этгандай сесканиб, бош қаҳрамон билан бирга изтироб чекса, “Руҳлар исёни” достонига сингдирилган исёнкор руҳ, шарқ эртакларига монанд воқеа ичида воқеа усули орқали озодликка, эркка интилган инсон кечинмалари тасвиридан ларзага келади.
Бу дунёнинг
Қувончи кам,
Дарду ғами - зиёда,
Аммо ғамдан қочмоқнинг ҳам
Тадбири кўп дунёда.
Кимнинг дилдош
Бор улфати,
Дардин унга тўкади.
Ёлғизларнинг бор кулфати
Дил тубига чўкади, деб бошланади достон. Маъно ҳамда қофиянинг бири иккинчисига қўл бериб, тугалликда тизилаётган сатрлар аро шоир тафаккурга берилади: дунёда ҳамма ғамнинг давоси, бор ташвишнинг ечими мавжуд. Аммо шундай бир дард борки, унинг асло давоси йўқ. Бу – она халқни эзаётган истибдод дарди, шоир юрагига дард бўлиб кирган ва унинг эрксевар руҳини исканжага олаётган озодлик соғинчидир. Чин шоир ўзи мансуб элнинг бу дардига бардош бера олмайди, у юрагини маёқ қилиб, зулмнинг зулматдек қаро йўлини ёритмоққа, юртини исканжадан озод этмоққа шайланади. Ва шу йўлда борини қурбон қилади... Достонни ўқир экансиз, ҳинд шоири Назрул Ислом қиёфасида эрки учун курашган оташқалб шоир руҳини кўрасиз, ҳис этасиз. Шу билан бирга, достондан ўрин олган бири биридан таъсирли, теран маънога, фалсафий хулосаларга бой ҳикоятларнинг ҳар бири ўқувчини мушоҳадага чорлайди.
Эркин Воҳидов драматург сифатида ҳам самарали ижод қилди. Биргина “Олтин девор” комедиясининг ўзиёқ шоирни шуҳрат чўққисига кўтарди. Бугунги кунда ҳам бу саҳна асари кўпчиликнинг севимли томошасига айланган. Умуман, шоирнинг баракали ижоди унинг номини ҳақли равишда ўз замонасининг буюк қалам аҳли сафига қўшди. Истиқлол йилларида Эркин Воҳидов ижоди янги босқичга кўтарилди. Истибдод йилларидаёқ ўзбек эканидан фахрланган, “қайга борсам, бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб”, дея ғурурланган шоир истиқлол насимларидан илҳомланди. Унинг кейинги даврдаги сара шеърларидан бирида шундай сатрлар бор:
Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,
Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст...
Шоирнинг ўзи эса шеърияти, ижоди билан авлодларига чинакам боғ – шеърий бир Ватан қолдириб кетди, десак, муболаға эмас. Зеро, бу шундайин боғки, назмий чечаклари киши дилига чексиз завқу шавқ бағишлаб, маънавиятига озуқа бўлади. Ватанни севишга, шу эл дарди билан яшашга ундайди, ўргатади.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА