Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин ХОЛМУРОДОВ

24.04.2017


БОЙТЕРАКНИНГ ҲИММАТ МОМОСИ

Яқинда - Наврўз байрамида ҳам қадрдон қишлоғимга бордим. Элнинг Йилбошисида қатнашдим. Ҳамқишлоғим - 83 ёшли Ниёз тоға Қосимов билан даврада ёнма-ён ўтириб қолдик. У ёқ-бу ёқдан  гурунглашиб ўтириб, оналари  ҳақида сўрадим.

 - Минг шукур, онажоним яхши. Ортимда суянадиган тоғ бордек кўнглим тўқ. Ҳозир 107 ёшдалар.

Байрам тугагач, бу пири бадавлат онахонни бир зиёрат қилиш, суҳбатини олиш мақсадида Ниёз тоға билан уйларига йўл олдим. Юз билан юзлашиб, ундан ҳам ҳатлаган Ҳиммат момо Қосимовани ҳалиям бардам, тетик ҳолда кўриб, кайфиятим кўтарилди. Ниёз тоғанинг айтишича, Ҳиммат момо 1910 йилда туғилган. Момонинг ота-онаси асли Чироқчининг Қанотли қишлоғида яшашган. Ҳиммат момо Бойтеракка келин бўлиб тушган.

Ҳиммат момонинг неваралари 44 нафар. Чевара, эвара-дуваралар билан қўшиб ҳисоблаганда 500 дан ошар экан.

- Яратганга минг шукур! – дейди момо. – Узоқ умр берди, сиҳат-саломатликда, болаларим, невара-чевараларим ардоғида яшаяпман. Шу кунларни кўрсатганига шукур!

Ҳиммат момони аста гапга тутаман. Узоқ умр кўриш сирларини билгим келади. Момонинг умри меҳнатда ўтган. Қишлоқ одамлари собиқ иттифоқ даврида қандай яшагану ниманинг ортидан кун  кечирган бўлса, момо ҳаммасига тирик гувоҳ.

- Ҳаётда меҳнат қилган ютади-да, болам, - дейди у. – Мен ҳам меҳнатнинг ортидан рўзғор тебратишда болаларимнинг отасига ёрдам бердим. Оғир-енгил кунларни кўрдим. Пахта парваришлаш, уни териб олиш, болаларга қараш, ҳарбий хизматга, Ватанни ҳимоя қилиш учун жангга кетганлар изидан дуолар қилиш... Эҳҳе, ўша кунларни айтаверсам, эртак, афсона бўлади. У кунларни биз кўрдик, биздан кейингилар кўрмасин... Худонинг қўллагани рост бўлсин, одамнинг боши омон бўлса, кўраверар экан. Тинчлик-хотиржамликни кўриб турибман. Юртпарвар, элпарвар инсонлар давлатимизга ғамхўрлик қилаётганидан хурсандман. Мингга кирсинлар. Оллоҳ ёши улуғларнинг имонини бақувват, ёшларнинг умрини узун қилсин.

Ҳиммат момо шундай дуо қилиб, кафтини юзига суртди. Мен у кишига разм соламан. Момонинг хотираси жойида. Эшитиш қобилияти яхши. Кўзлари кўради. Шу ёшгача тетик ва бардамлигининг боисини кўнгил тозалиги, ҳалолликда деб билади. Унинг соддагина фалсафасига кўра одам ўзига раво кўрмаганни бошқаларга ҳам тиламаслиги керак. Доим яхши, эзгу ўйлар билан яшаши, кучини фақат яхшиликка сарфлаши лозим. “Ёмон гапдан, ғийбатдан, ҳасаддан Худо асрасин, биздан нари қилсин”, дейди момо доим.

Момонинг яна бир ўғли Абдирашид ака ҳам шу ерда эди. У Қаршидаги 10-дон маҳсулотлари комбинатида қирқ йил ишлаб, нафақага чиққан. Ҳозир фарзандлари, невара-чевараларига бош-қош. Момонинг невараларидан бири Пирматжон Қосимов эса полковник унвонига эга. Ҳозирги кунда нафақада. Тадбиркорлик билан машғул. Уларнинг бари учун Ҳиммат момонинг ҳаёти ибрат, ўгитлари эса йўлчи юлдуз.

Невара келин кириб, онахоннинг қўлига саккиз ойлик болачани тутқазди. Оти Меҳриддин бўлиб, бу исмни момонинг ўзи қўйган экан. Момо болани алқаб, эркалашга тутинди:

- Умргинанг узоқ бўлсин! Тойдай бўлиб, ака-опаларингга эргашиб юргин! Юртимиз тинч бўлсин-да, сенинг бахтингга элимиздан файзу барака аримасин!

Дуогўй момонинг бу эзгу тилаклари ушалсин. Ва шундай умри узоқ, фариштамонанд момоларимиз омон бўлишсин...

Мўмин ХОЛМУРОДОВ, 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси 

Report typo