Вилоятимизнинг бош майдонида безатилган баланд арча атрофини кузатар экансиз, бу ердаги болаларнинг қувончидан қалбингиз сурурга тўлади. Арчада ёниб-ўчаётган ранго-ранг чироқлар жажжи болажонларнинг шўх қийқириқлари, Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари чиқишларига ҳамоҳанг.
Жажжи қалблар учун бу мўъжизанинг ўзгинаси. Йўқ дейсизми? Унда болалигингизни эсланг. Оддий қоғозни бўяб, ундан занжирча, байроқча ясаб арчага осганингизда қанчалик қувонганингизни ёдга олинг. Шундагина арча ёнида баралла шеър айтиб, Қорбободан совға олаётган жажжи фарзандингизнинг ҳаяжонини тушуна оласиз. Арча атрофини айланган сари Янги йилнинг эртакнамо сеҳри кишини ўзига мафтун айлайверади. Шунда болакайларнинг шодон қийқириқлари, воҳамиз санъат аҳли томонидан уюштирилаётган турли томошалар, куй-қўшиқлар қалбингизга ўзгача шукуҳ олиб киради.
- Опам билан бирга Янги йил арчаси ёнига байрам томошасига келдим, - дейди Қарши шаҳридаги 19-ўрта мактаб ўқувчиси Баҳриддин Бурҳонов. – Қорбобо ва Қорқиз билан суратга тушдик. Айниқса, эртак қаҳрамонларининг роса кўплигини кўриб, жуда хурсанд бўлдим.
Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармасининг Янги йил байрамига бағишланган чора-тадбирлар режасига асосан, жойларда турли концерт дастурлари, саҳналаштирилган томошалар намойиш этилмоқда. Шунга мувофиқ, вилоятимиздаги театр жамоалари ҳам болалар учун алоҳида тайёргарлик кўришган.
- Бу йил ҳам Янги йил байрами арафасида болажонлар учун “Янги йил шоуси” томоша-спектаклини саҳналаштирдик, - дейди вилоят мусиқали дарама театри режиссёри Сардор Сафаров. - Унда айёр тулки хўрозни ўғирлаб, келаётган йилни эгаллаб олмоқчи бўлади. Аммо бир қанча ҳайвонлар биргалашиб, хўрозни қутқаришга бел боғлашади. Тулки хўрозни қўйиб юбориши учун учта савол беради. Ҳайвонлар жим, боши қотган. Ана шу жойда беихтиёр залга, болаларга юзланамиз! Уларнинг саволга жавоб топиб, хўрозни қутқариб қолгандаги қувончларини кўриб, ўзимиз ҳам болаликнинг беғубор онларига шўнғиймиз гўё.
- Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси ҳам Янги йил байрами муносабати билан болажонларимизга қувонч улашишга ҳаракат қилмоқда, - дейди театр директори Ўткир Маматқулов. – Жамоамиз Янги йил байрамига бағишлаб “Музлар садоси” томоша спектаклини саҳналаштирган. Турли ташкилотлар, таълим масканларида намойиш қилинаётган бу асаримиз ҳам болажонларга байрам завқини улашмоқда.
Халқимиз болажон халқ. Ҳар бир нарсанинг энг сарасини фарзандига илинади. Янги йил байрамида болажонлар учун ташкил этилаётган турли тадбирлар, антиқа томошалар ҳам ана шу болажонлик хислатининг намоёни аслида.
Ж.БОЙМУРОДОВ