Хабарингиз бор, 19 август куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсуновнинг пандемия даврида қилинган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди.
Бошқарма бошлиғи тиббиёт ходимларининг ютуқлари билан бирга камчиликлар ҳам мавжудлиги, аҳоли томонидан бўлган мурожаатларга вақтида жавоб бермаслик ҳолатлари кузатилганини қайд этди.
“Вилоятдаги тиббиёт ходимларининг барчаси пандемияга қарши курашишда виждонан ишлаяпти, деб айтолмайман. Аммо бу борада жонини жабборга бериб, аҳоли учун сидқидилдан хизмат қилаётган шифокорларимиз жудаям кўп. Вилоятдаги 5 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари номидан сўз бериб айтаманки, коронавирусга қарши курашишда давом этамиз ва аҳоли саломатлигини таъминлаб, кўзланган мақсадимизга эришамиз”, деди Дониёр Турсунов.
Маълумот ўрнида, шу вақтгача вилоятда 883 киши коронавирус юқтирган бўлса, 862 бемор (98 фоиз) тузалиб, 8 киши вафот этди. Албатта, соғайиш кўрсаткичлари ортиши тиббиёт ходимларининг заҳматли меҳнати маҳсулидир.
Қайд этиш лозим, сессиядан сўнг бир гуруҳ фаол тиббиёт ходимлари вилоят хокимининг фахрий ёрлиғи ва совғалари билан тақдирланишди.
Шаҳар ва туманларда ташкил этилган мобиль гуруҳларга яна 20 та янги “Damas” русумли тез ёрдам машиналари топширилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсуновга эса “Tracker” русумли автомашина хизматда фойдаланиш учун берилди.
Айтиш ўринли, бир неча кун олдин daryo.uz сайтида “Қашқадарёда тез ёрдам ҳайдовчилари ва ҳамширалар рағбат пули ололмаётганидан шикоят қилиб, вилоят ҳокимлиги биноси олдида тўпланди” сарлавҳали мақола эълон қилинган, соғлиқни сақлаш бошқармаси мурожаат муаллифлари ва журналистга рағбат борасидаги қарор талаблари бўйича тушунтиришлар берилгани, ҳайдовчилар ва фельдшерларга рағбат пули қарор талаблари асосида, ставкаларидан келиб чиқиб берилгани, диспетчерларга эса қарорда белгиланмагани сабабли пул тўланмаганини маълум қилган эди.