Таъкидланганидек, мамлакатимизда истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон фуқаро авиациясининг мунтазам, босқичма-босқич, аниқ шаклланган ривожланиш стратегияси ишлай бошлади. Авиапаркларни янгилаш, ердаги инфратузилмани модернизация қилиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, авиакомпаниянинг нафақат самодаги, балки заминдаги хизматлари сифати ва замонавийлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
- Бугун аэропорт жамоасининг асосий вазифаси кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириш, иш ҳажмини ошириш, аэропорт фаолиятига қўйиладиган барча халқаро талабларга риоя этиш, шунингдек, авиацион хавфсизлик ва парвозлар хавфсизлигининг юқори даражасини таъминлашдан иборат, - дейди Қарши халқаро аэропорти директори Ўктам Кенжабоев. - Энг асосийси эса, барча ишлар йўловчиларнинг авиаташувларга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондиришга қаратилган.
Қайд этиш жоизки, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси мунтазам равишда Европа ва Осиё мамлакатлари, Америка ва Япония давлатларига парвозларни амалга оширади. Авиакомпания ваколатхоналари дунёнинг 25 та мамлакатида фаолият кўрсатади. Республиканинг авиакомпания таркибига кирувчи 11 та аэропорти халқаро мақомга эга.
Тадбирда ана шулар ҳақида атрофлича фикр юритилиб, бир қатор авиаходимлар касбга бўлган садоқати, узоқ йиллик самарали меҳнати ва мамлакатимиз фуқаро авиацияси ривожига қўшган ҳиссаси учун "Меҳнат фахрийси" унвони, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси 25 йиллиги кўкрак нишони, авиакомпания бош директорининг фахрий ёрлиғи, пул мукофоти ва ташаккурномалар билан тақдирланди.
- 32 йиллик фаолиятим муносиб тақдирланиб келаётганидан миннатдорман, - дейди "Махсус авиация ишлари" авиакомпанияси Қарши бўлинмаси бош муҳандиси Шермат Назаров. - Ўзбекистон авиациясининг ривожланиш босқичларида иштирок этганим сабабли шуни аниқ айта оламанки, бугун мамлакатимиз нафақат минтақавий, балки жаҳон авиаташувлар бозорининг етакчилари қаторидан муносиб ўрин эгаллади.
Албатта, касбий салоҳияти юқори учувчилар, муҳандис-техник ва диспетчерлар таркиби, қулай лайнерлар, замонавий аэровокзаллар, янги технологиялар, хавфсиз парвозлар, эътироф ва мукофотлар - жаҳон авиаиндустрия майдонида Ўзбекистон фуқаро авиациясининг ишончлилиги ва барқарорлиги тасдиғидир.
Б.ЎКТАМ
* * *
Суратда: тақдирланганлардан бир гуруҳи.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.