Шаҳрисабз тумани адлия бўлимига фуқаро Г.Ш. ариза билан мурожаат қилиб, туман болалар шифохонаси бош шифокорининг буйруғига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси ноқонуний тартибда бекор қилингани ва ишга тикланишида амалий ёрдам беришни сўраган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишда маълум бўлишича, 2020 йил 29 январда фуқаро Г.Ш.га 54 ёшга тўлганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш хати берилган ва шифохона бош врачининг 2020 йил 30 мартдаги буйруғи билан Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисми 7-бандига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги қарорида 2019 йил 1 майдан аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман адлия бўлими томонидан фуқаронинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судига ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун 9 миллион 575 минг сўм иш ҳақи ва 1 миллион сўм маънавий зарар ундириш тўғрисида даъво аризаси киритилди.
Суд жараёни давомида томонлар ўзаро келишувга эришди ва Ш.Г. Шаҳрисабз тумани болалар шифохонаси бош шифокорининг 2020 йил 7 августдаги буйруғига асосан ҳамшира вазифасига ишга қабул қилинди.