Семинарда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти, божхона қонунчилигида жорий этилаётган ўзгаришлар хусусида сўз юритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этиладиган вақтинча олиб кирилаётган айрим товарларнинг рўйхатини, уларни озод этиш шартларини, шунингдек имтиёзларнинг амал қилиш муддатларини тасдиқлаш тўғрисида"ги, Давлат божхона қўмитасининг "Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида"ги, 2016 йил 21 июлда рўйхатдан ўтказилган "Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисни ўқитиш, унинг малакасини ошириш, шунингдек божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестатини бериш, қайта расмийлаштириш (унинг амал қилиш муддатини узайтириш), тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорлари, шунингдек, божхона соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган хато-камчиликлар ҳамда уларни бартараф этишнинг аниқ чора-тадбирлари юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.
- Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига барча жабҳаларда қулай шарт-шароитлар яратилмоқда, жумладан, божхона таомиллари соддалаштирилиб, амалдаги тартиблар енгиллаштирилмоқда. Божхона тўловларидан имтиёзлар берилиб, соҳа йўналишида қўшимча имкониятлар яратилмоқда, - дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Олим Қодиров. - Биргина мисол, 2016 йилнинг 22 август ҳолатида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 513 миллиард 893 миллион 500 минг сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланган бўлса, шундан 439 миллиард 500 миллион 900 минг сўмлик қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.
Тадбирда юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, бу имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Н.ХЎЖАЕВ