Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

02.01.2017


БУЮК АЛЕКСАНДРНИНГ ОТАСИ

 

ФИВА ТУТҚУНИ

Тахминан милоддан аввалги 368-365 йилларда Филипп Фивада гаровда ушлаб турилади. У шу ерда Қадимги Юнонистоннинг ҳарбий стратегиясини ўрганади ва эллин маданиятининг улкан ютуқлари билан танишади. Милоддан аввалги 359 йилда иллирийлар македон қўшинини тор-мор этиб, Македониянинг бир қисмини эгаллаб олишди. Жангда Филиппнинг акаси – подшо Пердикка III ва яна 4 минг македониялик ҳалок бўлади. Пердикканинг гўдак ўғли Аминта шоҳ деб эълон қилинади. Филипп эса унга васий этиб тайинланади. Бироқ у панада юришни истамасди ва тез орада қўшиннинг ишончини қозонади. Натижада 23 ёшли васий ёш меросхўр жиянини бошқарувдан четлаштириб, ўзи Македония шоҳи бўлади.

Македониянинг юксалишига хизмат қилган қатор муваффақиятли ислоҳотлар ҳам айнан Филипп II даврига тўғри келганди. Ёш подшо стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудларга қишлоқлар аҳолисини кўчириб, янги шаҳарларга асос солади. Кейинчалик бу шаҳарлар давлатнинг иқтисодий ва ҳарбий-стратегик марказларига айланади. Милоддан аввалги 350 йил ўрталарида Филипп Пангей конлари жойлашган бой ҳудудни қўлга киритади ва бу ерда ўз номи билан аталган шаҳар барпо этади. Конлардаги қазилмалар ортидан у йилига минг талант (бу ерда: оғирлик бирлиги)гача олтин ўзлаштира бошлайди. Бу эса нафақат ўз олтин тангасини зарб этиш, балки бутун Ўрта Ер денгизи ҳудудидаги савдо-сотиқни назоратга олиш имконини беради.

Энг муҳим туб ўзгаришлар қўшинда ўтказилади. Юнонистонда ҳарбий соҳани пухта ўрганган Филипп II сафдан ташқари хизмат қилувчи ва ҳарб ишига ҳаминқадар ўқитилган черик ва беқарор ёлланма аскарлар ўрнига ўз армиясини ҳудудий белгисига кўра танланган озод деҳқонлар билан тўлдира бошлайди. Бир вақтнинг ўзида у яхлит юнон фалангасини бир қанча майда, бир-бирига яқин турувчи, аммо ўзаро аралашиб кетмайдиган узун сафларга ажратарди. Македон фалангаси эса таркибида тахминан бир ярим минг одам бўладиган полклардан тузиларди. Бу усул жангда пиёда аскарларнинг эпчиллиги ва зарбини кескин оширади, натижада пиёда аскарлар маҳоратли қўшинга айланади.

Филипп армияга доимий (қишин-ёзин) машқ-машғулотларни жорий этди. Адиб Полиэннинг  гувоҳлик беришича, у македониялик аскарларни озиқ-овқатию қурол-аслаҳа ва бошқа зарур буюмларини ортмоқлаган ҳолда 60 километрлаб юришга мажбурлаган. Қўшиндаги тартиб-интизомни қаттиқ тутган. Унинг икки генерали кўчма лагерга саёқ қўшиқчи аёлни олиб келишганида, шоҳ ҳар иккисини ҳам мамлакатдан ҳайдаб юборган. Филиппнинг ислоҳотларидан кейин Македония  армияси энг яхши қўшинлардан бирига айланади, Македония эса Болқон  яриморолидаги кучли  давлатлардан бири бўлди.

ДИПЛОМАТ ВА СИЁСАТЧИ

Филипп II ҳамиша муҳим сиёсий муаммоларни ўз олдига қўяр ва уларни ҳал эта оларди. Ҳукмронлигининг биринчи беш йилидаёқ у турли манёврлар қўллаш ва мақсадга эришиш учун ҳар хил усуллардан фойдалана билишдек фавқулодда қобилиятга эгалигини кўрсата олди. Шу тариқа у фракияликларни ўз томонига оғдиради, иллирияликларни жангда енгади, кичикроқ молосс қабиласи билан эса улар шоҳининг қизи – Александрнинг бўлажак онаси Олимпиадага уйланиш орқали иттифоқ тузади.

Шимолий чегараларни мустаҳкамлаб, Филипп  Грециянинг ички низоларига барҳам беришга тутинади. Унинг мақсади Муқаддас уруш олови ўт олган Ўрта Грецияни эгаллаш эди (милоддан аввалги 355-346 йиллар). Буни амалга ошириш учун Дельфадаги Аполлон ибодатхонасига тегишли бир парча ернинг фокидияликлар томонидан эгаллаб олингани қулай баҳона бўлади. Милоддан аввалги 352 йилда Филипп фокидияликларни ер билан яксон қилади ва ўзининг Аполлонга бўлган муҳаббатини намойиш этган ҳолда 3 минг асирни денгизга чўктиришни, улар бошчисининг танасини эса хочга михлашни буюради.

Милоддан аввалги 346 йилда машаққатли Муқаддас уруш тугайди. Унинг натижаси ўлароқ Македония янада кучаяди. Филипп Дельфа амфиктионияси (юнон полислари иттифоқи - Дельфадаги Аполлон ибодатхонаси ҳимоячилари) аъзоси бўлади ва шу билан Ўрта Грециянинг ишларига аралашишнинг қонуний ваколатини қўлга киритади. Бироқ Афинада буюк нотиқ Демосфен бошчилигидаги македонларга қарши гуруҳ шаклланган эди. Ўз нутқларида (улар “филиппика” номини олганди) Демосфен македон шоҳининг босқинчилик ғояларини фош этади. Демосфеннинг жўшқин ҳаракатлари ўз мевасини беради: милоддан аввалги 340 йилларнинг сўнгида Филиппга қарши Афина раҳнамолигидаги кучли коалиция бош кўтаради. Бу коалиция кўп минг сонли (40 минггача гоплит) черик ва қудратли флотдан иборат эди. Филипп II қўшини ҳамда юнонлар ўртасидаги ҳал қилувчи жанг милоддан аввалги 338 йилда Херонея шаҳри яқинида бўлиб ўтди. Бу уруш ўта шиддатли кечди. Бироқ македонияликлар орттирган тажриба ва малака ўз самарасини кўрсатди: якуний ғалаба Филиппга насиб қилди. Қадимий Элладанинг дабдаба ва салобати барҳам топди.

Шу жараёнда Филипп яна бир бора дипломатик маҳоратини намоён қилади: фиваликлар билан ўртадаги низони кескин ҳал этгани ҳолда у Афинадагиларга ўзининг бешафқат босқинчи эмас, балки маърифатли иттифоқчи эканини исботлаган ҳолда бирмунча тинч муроса йўлини таклиф қилади.

Устомонлик билан олиб борилган сиёсат Филиппнинг кўплаб юнон шаҳарлари томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлади. Милоддан аввалги 337 йилда Коринф шаҳрида у умумюнон кенгашини чақиради ва шу тадбир давомида   Эллин иттифоқи тузилади. Шу билан тарқоқ ва ўзаро душманлик кайфиятида бўлган ҳудудлар ўрнида, зўрлик билан бўлса-да, яхлит Греция давлати вужудга келди. У энди ҳатто кучли саналган форслар давлатига ҳам қарши тура оларди...

“У ҲАЁТ ҚУВОНЧЛАРИНИ ҚАДРЛАРДИ”

Тарихчи Полибийнинг гувоҳлик беришича, шоҳнинг тобути – саркофагига айнан шу сўзлар ўйиб ёзилган. Ҳукмронлигининг илк даврларида Филипп қўшин бошида туриб, ҳамиша жангнинг энг қайноқ нуқтасига отиларди: Метона жангида ўқ унинг кўзини чиқаради, жанглардан бирида ўмров суяги синади, трибаллар билан бўлган урушда эса у сонидан қаттиқ яраланади – оёғини тешиб ўтган найза зарби минган отини ўлдиради. Оғир жароҳат тузалади, аммо у бир умрга оқсоқ бўлиб қолади. Кейинчалик шоҳ қўшинни лашкарбошиларига таянган ҳолда бошқариб турадиган бўлади, бироқ ҳар доим сиёсий найранг ишлатишни маъқул кўрарди.

Плутарх томонидан тасвирланган бир воқеа машҳур. Унда келтирилишича, Филипп истеҳкоми мустаҳкам бир шаҳарни қўлга киритмоқчи бўлади. Айғоқчилари унга бу шаҳарни ҳеч бир тарафдан қўлга олиш мумкин эмаслигини етказишади. Бунга жавобан шоҳ шундай сўрайди: “Ҳатто олтин юк ортилган эшак ҳам ўта олмайдиган даражада мустаҳкамми?” Охир-оқибат бу гап қанотли иборага айланиб кетади: “Олтин ортилган эшак ҳар қандай эгаллаб бўлмайдиган қалъани ҳам олади”.

Филипп мўл-кўл шаробхўрлик бўладиган қувноқ зиёфатларни севарди, аммо шунда ҳам ақли ва ҳазилкашлик туйғусини йўқотмасди. Унинг яна бир ибораси бутун Македония бўйлаб тарқалганди: “Мен олиб борган энг машаққатли уруш рафиқам Олимпиада билан бўлган жангдир”.

У дўстларини қадрлар ва сахийлик билан мукофотларди. Масалан, ўзи гаровдалик чоғида уйида яшаган фивалик Филон ундан ҳеч қандай ҳадя олишни истамаганида шундай дейди: “Мени енгилмас деган сифатдан жудо қилма – эзгулик ва саховатда мендан устун бўлма!” Филипп Гиппарх Евбейский вафот этганида ўз қайғусини яширмайди. Унга: “У етарлича яшади, шекилли”, дейишганида, “ўзи учун етарлича яшади, - деб жавоб берганди шоҳ, - лекин мен учун эмас, чунки мен ҳали унинг дўстлиги учун миннатдорлик билдиришга улгурмагандим”.

У маърифатлиликни ҳам улуғларди: Александр фалсафани ўрганиши учун унинг тарбиясига Аристотелни таклиф қилади. Душманларига мурувватли эди, мағлубларга шафқатсиз эмасди, асирларни осонгина қўйиб юборар, қулларга озодлик бахш этарди. Гарчи табиатан мағрур бўлса-да, муомалада содда ва камсуқум эди.

Милоддан аввалги 336 йилда Филипп II Осиёга ўн минглаб аскардан иборат қўшин юборади. Ўзи эса Македонияда қизи Клеопатранинг тўйи сабаб ушланиб қолади. Зиёфат сўнгида у меҳмонлар олдига қўриқчисиз чиқади. Унинг маҳрамларидан бири Павсаний кийими остига қилич яширган ҳолда шоҳга яқинлашади ва кутилмаганда уни биқинидан яралайди. Қотил қочишга уринади, аммо уни тутиб жазолашади.

Филипп ҳақида замондошларининг бири бошқасини инкор қиладиган фикр-хулосалари кўп. Аммо агар унинг ўғли Александр отасидан қолган мамлакат ва қўшинга эга бўлмаганида эди, эҳтимол, содиқ гоплитлари билан Ҳинд уммонига қадар ҳудудларни забт этиш ва буюк жаҳонгир деб ном қолдиришга муваффақ бўла олмасди...

Муаллиф: Евгений ЯРОВОЙ.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Report typo