Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

16.01.2017


БУЮК САРКАРДА ВА УНИНГ БЕНАЗИР ЖАНГ САНЪАТИ

Негаки, Соҳибқирон интизомли қўшин тузиш ва уни моҳирона бошқариш, жанг тақдирини ҳал этадиган жойларга ҳарбий кучларни тезкорлик билан йўллаш, мавжуд тўсиқ ва ғовларни тадбиркорлик билан бартараф этиш ҳамда қўшиндаги жанговар руҳни юксак даражада тутиб туришга эриша олган.

У нафақат ҳарбий қудратга эришди, балки мавжуд жанговар санъатни турли стратегия, тактика ва тадбирлар орқали янада кучайтирди, юксак даражага кўтарди. Амир Темурнинг ўзга саркардалардан фарқли жиҳати - у ўта мушкул вазиятларда ҳам сира ўзини йўқотмаган, аксинча, оқилона ечим ва тадбирлар орқали улардан чиқиш чораларини олдиндан белгилай олган. Буни америкалик олим Ричард Нельсоннинг қуйидаги сўзлари ҳам асослайди:

"Темурда жанг пайтида энг зарур жойда бўла олишдек ажойиб хусусият мавжуд эди. Бу унга душманлари мақсадини уқиб олишга улгурмасдан ўз вақтида оқилона қарорлар қабул қилиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш имконини беради. Боз устига, жанг майдонида унинг шахсан ўзи иштирок этиши оғир дамларда жангчиларини муқаррар мағлубиятдан   қутқариб қолган".

Ўтмишда кучли интизом ва тартиб-қоида жорий этилган қўшин  энг қудратли қўшин саналган. Эътиборли жиҳати, Амир Темур шундай қўшинга эга бўлган кам сонли саркардалардан бири бўлган. Унинг қўшинидаги жанговар тартиб ривожланиб борган, ўз навбатида, қўшин замонасининг энг илғор қурол ва ҳарбий техникалари билан таъминланган, қисмлар бир-биридан кийим-боши, байроқ ва туғи билан ажралиб турган. Бундай фарқланиш жанг пайтида қўшинни бошқаришда қўл келган. Шу боис ҳам Соҳиб-қирон олиб борган жангу жадалларида бирор марта ҳам енгилмаган. Бу эса унинг бўлажак жангларга жиддий тайёргарлик билан киришганини исботлайди, яъни унинг хатти-ҳаракатидаги тезкорлик, кенгаш, махфийлик, қулай  вазиятни қўлдан бермаслик ва тўғри тадбир қўллаш фазилатлари ҳамма вақт ўзини оқлаган.

Амир Темур Шарқда биринчилардан бўлиб қўшинга ўтсочар қуролни олиб кирган. Темурийлар даврида  кейинчалик бу қуролнинг зарбзан, фаранги, қозон, ҳок каби бошқа турлари кенг ёйилди. Қўшин таркибида тоғли ҳудудларда самарали ва тезкор жанг олиб борувчи махсус ҳарбий қисм ва бўлинмалар ташкил этилган. Шу билан бирга, буюк саркарда ҳарбий санъат тарихида илк бор қўшинни жанг майдонида анъанавий беш бўлакдан фарқли ҳолда етти қўлга бўлиб жойлаштириш тартибини жорий этган.

Тарихчи Ибн Арабшоҳнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқирон қўшинида аёллардан иборат бўлинмалар ҳам бўлиб, улар эркаклар билан бир сафда жанг қилган. Шунингдек, унинг қўшинида айғоқчилик, замонавий тилда айтганда, разведка аъло даражада йўлга қўйилган. 1830-1840 йиллардаги Хива экспедицияси қатнашчиси, ҳарбий мутахассис Михаил Игнатьевич Иванин "Икки буюк саркарда: Чингизхон ва Амир Темур" асарида шундай ёзади:

"Чегарадош давлатлар тўғрисидаги керакли маълумотларни Амир Темур 1000 кишилик енгил бўлинмалар воситасида тўпларди. Бу бўлинмалар сувсиз чўл ерларда туя миниб, бошқа жойларда эса отлиқ ва пиёда ҳолда ҳаракат қиларди... қўшни давлатлар кимга қарши ва қачон уруш бошлаш ниятлари борлигига, шу давлат ҳокимларининг мақсадларини билиб олишга ҳаракат қилинарди. Мазкур бўлинмалар келтирган маълумотларга қараб Амир  Темур тегишли чора-тадбирлар кўрарди. Бундай маълумотлар савдо муносабатлари баҳонасида ҳам тўпланарди. Амир Темур Чингизхон сингари савдо карвонларини Ўрта Осиёнинг турли ўлкаларига, Хитой, Ҳиндистон, Миср, Саудия Арабистони,  Сурия, Гуржистон ва ҳатто Европа давлатларига ҳам юборар эди. Карвон қайтиб келганидан кейин дарвеш шаклида савдогарлар билан карвонга қўшилган аъёнлар йўл давомида кўрган давлатларидаги шарт-шароит, шу давлатда яшовчи халқ урф-одатлари ва энг асосийси - ўша давлат ҳукмдорларининг ўз фуқароларига бўлган муносабатлари ҳақида маълумот берардилар.

Амир Темур саёҳатчиларга, савдогар ва карвонбошиларга алоҳида ҳомийлик қилар, улардан ўзлари кўрган мамлакатларининг ҳолати ҳақида муҳим маълумотларни билиб оларди".

Қайд этиш жоиз, Соҳибқирон рақиблари билан жангларда ҳар сафар турли ҳарбий тактика ва тадбирларни қўллаган. Ундаги бу беназир хислат ва ҳарбий салоҳиятни ҳали у ҳокимият тепасига келмасидан туриб, мисол учун, унинг кам сонли қўшини билан тажрибали мўғул ҳукмдори Илёсхўжанинг кўп сонли лашкарига қарши жангда ҳам кўриш мумкин. Ўша жанг олдидан Темур ва Илёсхўжа бир-бирининг устун ҳамда заиф томонларини ўрганишга интилади. Хусусан,  Илёсхўжа Амир Темурнинг қўшини ҳақида маълумот тўплашни кўзлаб, у ерга элчи юборади. Ўз навбатида,  Темур вазиятдан унумли фойдаланиб, элчини чалғитиш учун қўшинни қайта-қайта унинг олдидан ўтказади. Бундан элчи "Темурнинг қўшини кўп экан", деган хулосага келади.

Соҳибқирон бунга қўшимча равишда яна бир ҳарбий тактика қўллайди, яъни у душман кўнглига ваҳима солиш мақсадида отларга шох-шабба боғлаб, кам сонли қўшинини жанг майдонидан четроқда қайта-қайта югуртиради. Ваҳимали шовқин-сурон, қуюқ чанг-тўзон кўтарилади. Бу эса душман томонга элчи етказган маълумотларни тасдиқлаган бўлади. Бундан ташқари, тунда ҳар ер-ҳар ерда  улкан гулханлар ёқилади. Амир Темур томонидан ўйлаб топилган бу тадбир ҳам ўз самарасини берган, душманнинг жанг қилишга юраги бетламай, Мовароуннаҳрни тарк этган.

Унинг ҳарбий тадбирларидан яна бири - жанг пайтида қўшин қанотларини душман ҳужумидан муҳофаза қилиш, шунингдек, ўз ўрнида, душман кучларини ён томондан айланиб ўтиб, ортидан зарба бериш мақсадида тузилган отлиқ қисмнинг жорий этилиши таҳсинга лойиқ. Бундай ҳарбий қисм Александр, Ганнибал, Чингизхон, Людовик XIV, Буюк Фридрих каби улуғ саркардалар қўшинида ҳам учрамаган.

Бир сўз билан айтганда, Амир Темурнинг ҳарбий амаллари унинг келажакда эришиши мумкин бўлган обрў-эътибор, шон-шараф ва ғалабаларига замин яратган, мустаҳкам пойдевор вазифасини бажарган. Энг муҳими, унинг ютуқлари Осиё ва Европа давлатларининг тинч-тотувлиги ва  фаровонлиги учун хизмат қилган.

Азизбек НОРОВ тайёрлади.

Report typo