Лафборо ва Лестер (Британия) университетлари олимлари сигаретадан воз кечгандан кейинги вазн ортиши чекишни ташлаш факти билан эмас, балки нотўғри овқатланиш одатлари (шакар, туз ва ёғли таомларни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш)га боғлиқлигини аниқлашди. Буни 12-15 май кунлари Италияда бўлиб ўтган семизлик бўйича Европа конгрессига тақдим этилган тадқиқот кўрсатган.
Илмий иш давомида 83 минг нафар вояга етган кишига оид маълумотлар таҳлил қилинган. Қатнашчилар чекишга қарамлик ҳолатидан келиб чиқиб, икки гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳга тана вазни индекси 26 (ортиқча тана вазнига эга) бўлган ўртача 40 ёшли 6 минг 454 нафар киши киритилган. Иккинчи гуруҳ (чекмайдиганлар) тана вазни индекси 25,7 (семириш олди ҳолатида) бўлган ўртача 44 ёшли 77 минг 327 нафар кўнгиллидан тузилган.
Ҳамма қатнашчилар ёши, жинси, ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва чекиш даражаси, шунингдек, одатий ҳамда парҳез таомномаси ҳақидаги сўровномани тўлдирган.
Маълумотлар барча қўшимча таҳрирлашлардан ўтказилганидан сўнг олимлар чекувчилар овқатланишни икки марта кўпроқ қолдириб юбориши ва 50 фоизи кундузги пайтларда чекмайдиганларга нисбатан уч соат узоқроқ таомланмай юришини аниқлаганлар. Шунингдек, чекувчилар умумий ҳисобда оз ейиши, уларнинг овқатланиш оралиғида тамадди қилиш эҳтимоли 35 фоизга камлиги, камдан-кам ҳолатда рағбат сифатида ёки зерикишдан таомланиши маълум бўлган.
Бундан ташқари, тадқиқот чекувчилар овқатланиш оралиғида ва десертга чекмайдиганларга нисбатан 8-13 фоиз камроқ ширинликлар истеъмол қилиши, қовурилган таомларни афзал билишини кўрсатган. Бироқ иккинчи гуруҳдагилар тайёр овқатларга 70 фоиз ҳолатда ва 36 фоиз кўпроқ туз ва шакар қўшган.
Олимларнинг тахминича, сигаретадан воз кечгандан кейинги вазн тўплаш ҳолати истеъмол қилинаётган таом ҳажмининг ортиши ва чекишни ташлаш факти билан эмас, балки носоғлом овқатланиш одатлари билан далилланиши мумкин. Улар айнан қовурилган овқатлар, шакар ва тузнинг ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш ортиқча вазн пайдо бўлишига олиб келади деган фикрда.