Ёхуд уйсиз аёл нега Қарши шаҳар ҳокимлиги масъулларидан норози?
Бирни кўриб фикр қил
Аслида ҳали куз бўлса-да, "Қиш қиличини яланғочлади" деган ибора шу кунларга жуда мос тушади. Ташқарида совуқ жондан ўтаётган, кишининг иссиқ уйдан чиққиси келмайдиган, кўпчилик аллақачон "паровой"у "тёплый пол"ларни ишга туширган бир пайтда Қарши шаҳрилик ёлғиз она, иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Саодат Зокирова қишни чала битган, шарт-шароити йўқ, совуқ ва зах хонада қарши олмоқда.
- Болаликдан иккинчи гуруҳ ногирониман, - дейди Саодат Зокирова. - Қарши шаҳридаги Махсумобод маҳалласида улғайдим. Кейин Китоб туманига турмушга чиқдим, турмушим бўлмади. Ёлғизликдан, муҳтожликдан қийналиб, шу ерлик яна бир киши билан шаръий никоҳ асосида турмуш қургандим. Бироқ бу умидим ҳам чиппакка чиқди. Битта фарзандим билан ёлғиз қолдим. Аввалига болалик ҳовлимга, онамнинг ёнига қайтган эдим. Лекин кичик ҳовлида онам, укам, келин ва уларнинг болалари бирга яшашади. Хуллас, мен у ерга сиғишмадим. Ўтган йили Боғобод маҳалласи ҳудудидаги мана шу уйни ижарага олиб, кўчиб келдим. Бу ерни арзонлиги учун танлагандим. Ойига 250 минг сўм тўлайман. 500 минг сўм ногиронлик нафақамнинг ярми ижарага кетади. Қолгани билан фарзандим иккаламиз бир ойни ўтказишимиз керак. Бу ҳам майли, аммо яшаётган жойимда ҳеч қандай шароит йўқ. Ўтган йили қизим уч ойлик чақалоқ эди. Бир амаллаб совуққа дош бердик. Ўша кунлардан ўтиб олгач, ёлғиз умидим бўлган фарзандимнинг соғлиғи, келажаги учун давлатимиздан ёрдам сўрашга мажбур бўлдим. Ахир Президентимиз ҳар чиқишларида биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга топшириқлар беради. Менинг ҳам арзимни кимдир тинглар, ҳолатимни кўриб, уй олишимга ёрдам беришар, дегандим-да.
Аёлнинг айтишича, у ўтган бир йил давомида бир неча маротаба "портал"га, шаҳар ҳокимлигига ёрдам сўраб мурожаат қилган, аммо буларнинг ҳеч биридан натижа бўлгани йўқ.
- Масъуллардан умидим қолмагач, оммавий ахборот воситаларига мурожаат этдим, - дейди у. - Яқинда "Севимли" телеканалидан келиб, шу ҳақда лавҳа ҳам тайёрлашди. Кўрсатув эфирга кетганидан сўнг Қарши шаҳар ҳокимининг ўша вақтдаги хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гўзал Мамадалиева келиб, ҳолатимни, шароитимни ўрганиб кетди. Ёрдам қиламиз, деди. Лекин барибир натижа бўлмади. Кейин суриштириб билсам, у ишдан бўшаб, ўрнига бошқа киши тайинланган экан. Энди яна бошидан бошлашим керак. Лекин бу мурожаатлардан бир наф чиқишига ўзим ҳам ишонмай қолдим. Фақат ваъда бор, шароитимни келиб кўриб кетиш бор, аммо натижа йўқ.
Биз мурожаатни ўрганиш давомида Саодат Зокирова рўйхатда турган Махсумобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собир Ҳасанов билан ҳам гаплашиб, айни пайтда аёлнинг онаси уйидаги шарт-шароит, оиланинг иқтисодий аҳволи ҳақида маълумот олдик.
- Ҳақиқатан ҳам Саодат Зокирова турмуши бузилгач, бошқа маҳаллада ижарада яшаяпти, - дейди у. - Бундан хабарим бор. Турмушга чиқишидан аввал ҳам уй сўраб мурожаат этган. Ўша вақтда ҳаракат қилиб 2 сотих ер олиб бергандик. Билишимча, бу ер ҳозир ҳам турибди.
Маҳалла раисининг таъкидлашича, аёлнинг онаси 6 сотихли ҳовлида бир ўғли ва келини билан туради. Яъни ҳовлининг бир четидаги уйда ўғли оиласи билан яшаса, онасининг ўзи учун турадиган қисмида ҳам иккита катта-катта хона ажратилган. Укаси мебель цехида ишлайди. Онаси нафақа олади. Оиланинг иқтисодий аҳволи ўртача.
Хуллас, биз борини ёздик. Хўш, мана шу вазиятда Саодат Зокирова ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтожми ёки унинг саъй-ҳаракатлари ортида бошқа мақсад-муддаолар бўлиб, мурожаатлари асоссизми? Қандай бўлмасин, масала у ёки бу томонга ҳал этилиши керак!
Зеро, тунда ҳаво ҳарорати 10 даража совуқдан ҳам пастлаган бир пайтда ногиронлиги бор аёл ёш боласи билан мутлақо шароити йўқ кулбада яшамаслиги керак. Ҳатто ўз ихтиёри билан ҳам...
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.