Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

25.12.2020


"ДАМАС"НИ ЖАРИМА МАЙДОНИДАН ЧИҚАРИШ УЧУН 2 БОШ ҚЎЙ БЕРДИ

Қонун-қоида уни четлаб ўтиш эмас, риоя қилиш учун ишлаб чиқилади. Айримлар қонунни бузади-да, қилмишига яраша жазога кўниш ўрнига, ундан қутулиш йўлларини излайди. Шу кўйда кимларгадир бир-икки сўм тиқиштиради, "мушкул"ини осон қилиб беришни сўрайди. Қарабсизки, бир қонунбузарлик изидан иккинчисини етаклаб келади. 

Яккабоғлик Ғ.С. "Дамас" автомашинасини бошқара туриб, ҳуқуқбузарлик содир этгани учун йўл-патруль хизмати ходими томонидан маъмурий баёнома тузилган ва транспорт воситаси тумандаги хусусий корхоналардан бирига қарашли жарима майдонига қўйилган.

Бундан хабар топган фуқаро О.Ж. эса танишлари ёрдамида машинани чиқариб беришини, бунинг эвазига 200 АҚШ доллари кераклигини айтади. Натижада Ғ.С.дан 2 бош қўйни ушбу қийматда ҳисоблаб олади ва шу билан "қуённинг расмини чизади".

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Яккабоғ тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув олиб борилди. О.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Ушбу ҳолат мисолида фуқаролар битта хулосани ўзлари учун қатъийлаштириб олишлари керак: қонунга зид қилмишга қўл урилдими, шунга яраша жазо муқаррар, ёмғирдан қочаман, деб дўлга тутилмаслик кераклигини эси бор одам яхши тушунади.

Report typo