Бухоро тахтида ҳукм сурган ҳукмдорлар ўзларига хос феъл-атворга эга шахслар эдилар. Улар орасида эл олқиши ва меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган бир зот борки, уни оддий халқ “Амири маъсум”, “Жаннатмакон” каби унвонлар билан эъзозлаган. Бу - Амир Шоҳмурод эди.
Унинг отаси Дониёлбий Муҳаммад Раҳимхон вафотидан кейин тахтни эгаллайди ва мамлакатни 27 йил бошқаради. Амирнинг ўн иккита ўғли бўлиб, уларнинг тўнғичи 1742 йилда Насаф шаҳрида туғилган Шоҳмурод эди. Отаси тахтга ўтирган вақтда Шоҳмурод 17 ёшда бўлган. Илм олишга иштиёқи баландлиги боис у Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олади, тасаввуфга жиддий қизиқади ва сўфиёна ҳаёт кечиради.
Ўша давр муаррихлари Шоҳмуродни “сўфийталъат”, “дарвешсурат” дея таърифлашган ва унинг юксак мартабали оиладан чиққан бўлса-да, ҳаммоллик қилиб кун кечиргани ҳақидаги маълумотларни келтиришган. Отаси Дониёлбий бир неча бор уни бу йўлдан қайтаришга уринади. Унга давлат хазинасидан маош тайинлайди. Лекин ўғил бу имтиёзлардан воз кечади. Таниш-билишлари уни девонага ҳам чиқаришди. Шоҳмуроднинг феъл-атворида ҳукмдорлик ва сўфийлик сифатлари мавжуд бўлиб, мужаддидия-нақшбандия сулукини ихтиёр этган эди. У кунларнинг бирида ўз даврининг етук сўфийларидан бири охунд Муҳаммад Сафар ҳузурига бориб, ундан ўзини шогирдликка олишни сўрайди. Устози амирзодадан: “Сен золим ва золимзодадирсан. Шайх хизмати ва бу йўлдаги риёзатга қандай тоқат қилурсан?” деб сўрайди. Шоҳмурод ўз аҳдида қатъийлигига устозини ишонтиради ва оғир касб бўлган ҳаммоллик билан кун кечира бошлайди...
Орадан йиллар ўтиб амир Дониёлбий кексаяди ва салтанатни бошқариш унга қийинлик қила бошлайди. Асли келиб чиқиши эронлик бўлган Давлат қушбеги ва қозикалон Саййид Низомиддин ҳукмдорнинг иродаси заифлашиб қолганидан фойдаланиб, улусга солинадиган турли солиқ ва мажбуриятларни оширадилар. Албатта, буларнинг бари халқнинг қаҳр-ғазабини келтиради. Ана шундай қалтис пайтда Шоҳмурод амир саройига яширин йўл орқали кириб, отаси билан учрашади. Бошқарув жиловининг Давлат қушбеги ихтиёрига деярли ўтиб бўлганини тушунтириб, исботлаб беради ва чора кўришни сўрайди. Ота аҳволни ўзи ҳам фаҳмлаб, билиб-кўриб турганини, лекин бирор чора кўришга ожизлигини билдиради. Шоҳмурод бу муаммони ўзи бартараф қилишга киришади: Қўқондан элчилар келганини баҳона қилиб, қушбегини саройга таклиф этади ва уни қатлни ижро этишга шай турган жаллод қўлига топширади. Кўп ўтмай қозикалон Саййид Низомиддин ҳам шундай ўлим топади.
Муаррихларнинг турли манбаларда ёзишича, Шоҳмуроднинг қозикалон билан зиддиятга боришига яна бир сабаб бор эди. Қозикалон Шоҳмуродни ёқтирмасди. Кунларнинг бирида Амир Дониёлбий ўғлининг ҳаммоллик қилиб юрганидан шикоят қилиб, қозикалондан жўяли маслаҳат сўрайди. Қози эса: “Яна қанча ақлли, фаросатли ўғилларингиз бор. Бунинг ақли ноқис. Бу юриш-туриши давлатингиз шаънига ярашмайди”, дейди ва уни салтанатга яқинлаштирмасликни маслаҳат беради. Аммо Дониёлбий Шоҳмуродни яхши кўрар ва унга ишонарди. Қозикалоннинг бу гаплари эса тезда Шоҳмуроднинг қулоғига етиб боради ва ёш йигит қалбида жароҳат қолдиради.
Ҳар икки золим амалдорнинг қатл этилиши халқ орасида Шоҳмуроднинг обрўйини янада оширади. Кўп ўтмай отаси уни Самарқандга ҳоким этиб тайинлайди. Бу пайтда шаҳар хароб ҳолга келган, аҳоли қашшоқлашган, яшаш шароити қийинлашганди. Янги ҳокимнинг одил ва фидойилиги туфайли тез орада Самарқанд яна фаровонлашади. Шаҳар гавжумлашиб, бозорларда тўкинчилик бошланади. Маданий ҳаёт ўз изига тушиб, илм-фан ривож топади. Тақчиллик туфайли ёпилиб, хароба аҳволга тушган Хожа Аҳрор Валий ва Шайбонийхон мадрасалари қайта таъмирланиб, илм-маърифат ўчоғига айлантирилади. Амир Шоҳмурод Самарқанддаги мадраса-масжидларга мударрис ва имомларни шахсан ўзи суҳбатдан ўтказиб тайинлаган.
Амир Дониёлбий васияти ва аъёнлар истаги билан Шоҳмурод 1785 йилда Бухоро ҳукмдори бўлди. Бу йилларда Бухоро хонлиги оғир даврни бошдан кечираётган эди. Амир Шоҳмурод бошқаруви туфайли мамлакатда кенг кўламдаги ислоҳотлар ўтказилиб, шаръий қонунлар мустаҳкамланади, қаттиқ тартиб-интизом қарор топади. Бухоронинг фахри бўлган ва кейинги йилларда хароб ҳолга келган мадрасалар, масжиду карвонсаройлар, бозорлар таъмирланади. Бу даврда ўнлаб мадрасалар қурилади. Улардан бизнинг давримизга қадар сақланиб қолганлари XVIII аср меъморий санъати ёдгорликлари сифатида қадрлидир.
Янги ҳукмдор “Хатти тархоний”ни эълон қилади. Бу фармонга кўра аҳоли тинкани қуритадиган турли солиқлардан озод қилинади. Амир Шоҳмурод гарчи олий ҳукмдор бўлса-да, турмуш тарзи аввалгидек қолаверади. У ўзи танлаган тариқат йўлидан бориб, фақирона яшайди. Ўша давр муаррихлари Амир Шоҳмуроднинг бир йилда битта кўйлак, битта олача чопон ва иштон, оёғига эчки терисидан тикилган сахтиён маҳси ва калиш кийгани, бошига бўз салла ўрагани, эгнидаги пўстинининг нархи икки тангадан ошмаганини қайд этишган. Амирнинг жами либослари қиймати ўн танга атрофида бўлгани, лекин бир мадраса талабаларининг бир ойлиги ўша даврда 15 тангани ташкил этган. Ихтиёрида бутун салтанат бўлган ҳукмдор ана шундай дабдабасиз ҳаёт кечирган. Унинг кунлик овқати арпа нон, атала ва ёвғон шўрва бўлган. Шоҳмурод пичоқ қини ясаб тирикчилик қилган.
Кунларнинг бирида амир саройига яқин бўлган ва катта мол-дунё эгаси ҳисобланган амалдорлардан бири тўй қилиб, уни зиёфатга чақиради. Шоҳона безатилган дастурхон атрофида “олинг, олинг” бошланади. Ҳамма Шоҳмуроднинг биринчи бўлиб қўл узатишини кутарди. Шунда амир бир коса сув сўрайди ва чопони орасидан қотган нон олиб, мушти билан оҳиста синдиради-да, сувга ботириб тановул қила бошлайди. Дастурхон атрофидагилар ҳайратда қолади ва унинг яқинида ўтирган мулозимидан пичирлаб сўрашади: “У киши нима қилаяпти?” Жавоб шундай бўлади: “Амиримиз нафси билан жанг қилмоқда”.
Амир Шоҳмурод давлатини юксалтириш мақсадида қўшни мамлакатлар билан иқтисодий ва савдо алоқаларини яхшилашга эришган. Хусусан, Русия билан савдо-сотиқ ишларини олиб боришга ҳаракат қилган. Амир Шоҳмуроднинг шахси ва фаолияти ҳақида 1795 йилда Бухорога келган Русия фуқароси Т. Бурнашев шундай ёзади: “Унинг саройида заррача дабдаба йўқ эди... Халқ унга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўларди. Уни Муҳаммад шариатига ҳақиқий амал қилувчи ва ҳатто авлиё даражасида билишарди...”
Амир Шоҳмурод ҳаёти давомида “Фатовийи аҳли Бухоро” номли китоб битишга киришган, бироқ тугатишга улгурмаган. Китобни унинг тўнғич ўғли Амир Ҳайдар охирига етказган. Яна бир ўғли Мир Ҳусайний тарихнавис бўлиб, “Махазин ат-тақво” номли асар ёзгани маълум.
Амир Шоҳмурод 1800 йилда 62 ёшида вафот этган ва васиятига биноан устозлари Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳ ва Муҳаммад Сафар Хоразмийлар қабри пойига дафн этилган. У давлатни бор-йўғи ўн беш йил бошқарди. Лекин шу қисқа фурсат ичида уни таназзул ботқоғидан олиб чиқди. Сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказди. Ҳақпарастлиги ва адолатпешалиги боис манғит сулоласига мансуб ҳукмдорлар орасида энг кўп ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлди.
Ўролбой ҚОБИЛ,
Қамаши тумани