Деҳқонобод туманида турмуш ўртоғи томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраган 27 нафар аёлга ҳимоя ордери берилган. Бу ҳақда туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Дилшод Мирзаевга таяниб ҳокимлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, хотин-қизларга жисмоний ва руҳий босим ўтказган шахслар билан профилактик суҳбат ташкил этилиб, оилавий муҳит ўрганилган.
Туман марказида истиқомат қилувчи Ч.Р. доимий равишда спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда уйига келиб турмуш ўртоғи С.Г.га жисмоний куч ишлатган, фарзандлари кўз ўнгида аёлини хўрлаган. Буни аниқлаган ҳудуд профилактика инспектори ташаббуси билан келгусида салбий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш ва ушбу оилани соғломлаштириш мақсадида С.Г. га ҳимоя ордери расмийлаштириб берилган.
Шунингдек, фуқаро Б.З.нинг оиласида ҳам кичик келишмовчилик катта жанжалга сабаб бўлгани, ушбу оила ўрганилганда эр-хотин ўртасида рашк туфайли мунтазам жанжал бўлаётгани ва ушбу жанжал сабаб эр хотинига мунтазам руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб келаётгани аниқланган. Натижада Б.З.нинг турмуш ўртоғи А.А.га ҳимоя ордери расмийлаштириб, оиладан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими маъсуллари ва маҳалла фаолларидан иборат мураббийлар хабар олиб туриши, оилани соғломлаштириш масаласи кўрилаётган экан.