Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сафар КАТТАБОЕВ

03.02.2017


ДУРУСТМИСИЗ?

Аслида эса саломлашиш номоддий маданий меросимиз ҳисобланади. Уни асраб-авайлаш, ривожлантириш барчамизнинг бурчимиз. Тўғри, дунё халқларининг саломлашишдаги урф-одатлари, сўз ва ифодалари турлича, лекин мақсад бир: бир-бирларига яхшилик, саломатлик тилаш.

Мусулмонларда саломлашиш энг улуғ амаллардан ҳисобланади ва жуда ҳам мукаммал шаклда қўлланилади. “Ассалому алайкум”, “Ваалайкум ассалом”  сўзлари арабча бўлиб, “Сизга тинчлик-омонлик бўлсин”, “Сизга ҳам тинчлик-омонлик бўлсин” деган маъноларни билдириши барчага аён. Қўл бериб кўришиш орқали аждодларимиз бир-бирининг тафтини ҳис қилган, фан тили билан айтганда, энергия алмашган. Бундай сўрашиш бизда юртимизга ислом дини кириб келгунга қадар ҳам бўлганлигини бир неча далиллар исботлайди. Масалан, 3 минг йиллик тарихга эга зардўштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” (“Огоҳнома”, “Донишнома”)да қўл бериб сўрашиш, қўл бериб аҳдлашиш ҳақида сўз юритилади.

Зардўштийликнинг асосчиси Хоразм заминида дунёга келган. Асли туркий миллатига мансуб Зардўшт Хоразм воҳасида чорвачилик билан шуғулланиб юрувчи орийлар қабиласининг Сипийтмон (Спитома) уруғидан чиққан. Энг муҳими, бу дин ҳам якка худоликка асосланган, унинг ҳам асосий ғояси эзгулик. “Авестода “Эзгу фикрат, эзгу калом, эзгу амал” сўзлари такрор ва такрор келтирилиши буни исботлайди. Шу боис ҳам ислом дини аҳкомлари аждодларимиз онгига тез сингган.

Хўш, ислом дини кириб келгунга қадар “ассалому алайкум” жумласи ўрнида қандай сўз ишлатилган? Тарих фанлари доктори, профессор, авестошунос ва сўғдийшунос олим Мирсодиқ  Исҳоқовнинг “Унутилган подшоликдан хатлар” (Тошкент. “Фан” нашриёти. 1992 йил) китобида келтирилган бир хатдан маълум бўладики, ўша пайтларда сўғд тилида “Друта(ҳ)” деб саломлашилган. Бу сўз бир неча асрлардан бери ўзгариб, бизгача “Дурустмисиз” шаклида етиб келган. Ўша мактубда “Друта(ҳ)”, яъни саломдан сўнг “Кўп таъзимлар бўлсин”, деб хат бошланган.

Ассалому алайкум жумласи чап қўлни кўксига қўйиб, ўнг қўлни узатиб сўрашиш билан қўшилиб, ҳамма учун оддий ва чиройли, шу билан биргаликда ёқимли удумга айланган. Ёшларнинг ёши улуғларга, уловда кетаётганнинг пиёдаларга, хотин-қизларнинг эркакларга, хонага кирганнинг уйда ўтирганларга, озчиликнинг кўпчиликка салом бериши каби тартиблар қўшилиб, саломлашиш сайқалланган қадрият даражасига кўтарилган.

Шундай экан, баъзи ёшлар билиб-билмай “шохлашиб” кўришаётганига, қадриятларимизга путур етказаётганига бошқалар жим туравериши керакми? Сиз нима дейсиз, азиз ўқувчи?

Ушбу мақола тарихчи, тилшунос, манбашунос олимларимизда қизиқиш уйғотса, зукко мутахассисларимиз ўзларининг янада салмоқли фикрларини билдиришса, ўқувчиларимиз орасида баҳс ва мунозараларга сабаб бўлса, нур устига нур бўлур эди. Ахир қадимий маданиятимиз, маънавиятимизга узоқ ўтмишимизга қайта-қайта мурожаат қилсак, ундан фойдали сабоқлар чиқарсак, қандай олижаноб иш бўлур эди.

Сафар КАТТАБОЕВ, ҳуқуқшунос, ёзувчи.

 

Report typo