Мамлакатимиз мустақил бўлгач, Президентимиз раҳнамолигида тарихий, илмий-маънавий, диний меросимизни қайта тиклаш йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Ўша даврда аҳвол шу даражада эдики, мустабид тузум сиёсати боис Соҳибқирон бобомиз хотираси топталган, хизматлари атайлаб камситилган ва қораланган, унга қилинган бўҳтонлар шу қадар кучли бўлгандики, буларга кўпчилик ишониб қолган эди. Шу боис унинг пок номини тиклаш учун катта маънавий жасорат лозим эди.
Президентимиз истиқлол йилларида миллий ифтихоримиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган буюк бобомиз хотирасини тиклаш ҳамда абадийлаштириш йўлида ана шундай улкан жасорат кўрсатди. Давлатимиз раҳбари Амир Темур номини нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида тиклашга эришди.
Дарҳақиқат, озод ва ҳур юртимизда Амир Темур шахсини англаш, улуғлаш ва у билан боғлиқ тарихий ҳақиқатни жаҳонга танитиш, шу асосда буюк келажагимизга ишончни юксалтириш йўлида катта ишлар қилинди.
ЮНЕСКО 1996 йилни “Амир Темур йили” деб эълон қилди. Ўша йил апрель ойида ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳида “Темурийлар Уйғониш даври” деб номланган нуфузли кўргазма ва “Темурийлар даврида фан, маданият ва таълимнинг равнақ топиши” мавзусида илмий конференция бўлиб ўтди. Кўргазманинг очилишида мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов, ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби Федерико Маёр нутқ сўзлади.
Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонланиши бежиз эмасди, албатта. Чунки Амир Темур олти аср муқаддам Осиё билан Европа ўртасида кўприк қурган, яъни Европа давлатлари қироллари билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйган осиёлик биринчи ҳукмдор эди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, Амир Темур бундан 600 йил аввалроқ ҳеч қандай давлатнинг қўшнилари билан ўзаро алоқа тузмасдан, яъни бугунги тил билан айтганда, ҳамкорликсиз истиқболи бўлмаслигини теран англаган. Шу сабабли, у Европа ва Осиёни боғлашга ҳаракат қилган. Бир томондан – Хитой, Ҳиндистон, бир томондан – Франция ва Англия, яна бир томондан – Рум, Испания, Италия, Миср ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатган ва шу муносабатларни мустаҳкамлашга уринган.
Амир Темур фаолияти, айниқса, Европа тақдирида улкан бурилиш ясагани тан олинган ҳақиқатдир. Шу боис европалик олимлар ХВИ аср ўрталаридаёқ Соҳибқирон ҳақида қатор илмий асарлар яратган. Италиялик Перондино исмли олимнинг 1553 йили Флоренция шаҳрида яратган “Скифиялик Темурбекнинг улуғворлиги” номли китоби шундай асарлардан биридир.
Агар бугун жаҳонда Амир Темур ҳақида чоп этилган жиддий илмий асарлар рўйхатига назар солсак, уларнинг сони беш юздан ошганига гувоҳ бўламиз. Бу дунёда Амир Темур ҳаёти ва фаолияти, унинг оламшумул бунёдкорлик ишларига бўлган қизиқиш ғоят катта эканидан дарак беради.
Амир Темур ҳақида ХВ-ХВИ асрларда ёзилган асарлар орасида Иоанн Шилтбергернинг “Европа, Осиё ва Африка бўйлаб саёҳат”, Султония архиепископи Иоаннинг хотиралари, Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга — Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” номли асарлари салмоқли ўрин эгаллайди.
Айни пайтда Ғарбнинг машҳур адиб ва драматурглари томонидан Амир Темур образи бадиий талқинини яратиш учун кўламли ишлар қилинган. Бунга мисол тариқасида Кристофер Марлонинг “Буюк Темур”, Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони”, Эдгар Понинг “Темурбек” достонларини келтириб ўтиш жоиз.
Европалик машҳур бастакорларнинг Соҳибқирон бобомиз ҳақида мусиқий асарлар ҳам яратганликлари маълум. Буларнинг барчаси Европада Амир Темур шахсига қайта-қайта мурожаат қилиб келинаётганининг ёрқин далилидир.
Ҳозирги кунда жаҳонда Амир Темур даври тарихи ва шахсига бўлган қизиқишлар ошса ошдики, асло камайган эмас. Хусусан, Европа темуршунослигида французлар ҳамиша олдинги ўринда турган. Ҳозирги кунда ҳам Париж шаҳрида Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси фаолият кўрсатмоқда. Ассоциацияга узоқ йиллар раҳбарлик қилган профессор Люсен Керен умрининг ярмини темурийлар даври тарихи ва маданиятини ўрганишга сарфлаган. Унинг “Самарқандга, Амир Темур даврига саёҳат” ва бошқа асарлари кўп минг нусхада қайта-қайта нашр этилгани илмий-маърифий жамоатчиликка яхши маълум.
Ассоциация мунтазам чоп этиладиган “Темурийлар” номли ўз журналига ҳам эга. Ушбу ассоциация билан Археология институтимиз ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
ХХ асрга келиб Европада Амир Темур ва темурийлар тарихи, маданияти, сиёсати ҳақида янги-янги асарлар яратилди. Бунга мисол тариқасида машҳур француз шарқшуноси Жан Пол Ру ва инглиз олими Гаролд Лембнинг асарларини келтириш мумкин.
Жан Пол Ру ўз асарида Амир Темур тарихига оид Ғарб ва Шарқ мамлакатларида сақланган манбаларни чуқур таҳлил этиб, Соҳибқироннинг ҳокимиятга келишидан тортиб, то вафотигача бўлган даврни яхши ёритиб берган. Асарни ўқиган киши Амир Темур фаолиятининг барча қирралари ҳақида яхши маълумот олади.
Гаролд Лемб Соҳибқироннинг давлат арбоби, саркарда ва бунёдкорлик фаолиятини тарихий манбалар ҳамда Европада чоп этилган илмий асарлар орқали яхши ёрита олган. Ушбу асарнинг қимматли томони, у Европа тарихшунослигида Амир Темур ҳақида шаклланган айрим ноилмий ғояларнинг пуч эканлигини исботлаб берди. Муаллиф Амир Темур шахсига баҳо берар экан, Соҳибқирон барча ютуқларга ўз шижоати, қатъиятлилиги ва ғоят кучли қобилияти билан эришганини ёзади.
Лемб Амир Темур ҳақида: “У Александр Македонский каби қиролнинг ўғли ёки Чингизхон каби қудратли уруғ доҳийсининг меросхўри эмасди. Енгилмас Александр дастлабки ҳарбий юришларида ўз халқидан, яъни македонлардан фойдаланди, Чингизхоннинг ортидан эса унинг мўғуллари эргашдилар. Темур эса ўз атрофига турли одамларни тўплашига тўғри келди. Унинг ихтиёрида бўлган ҳудудлардан икки қитъани боғлайдиган савдо карвони йўллари ўтарди. Темур ҳеч бир таърифга сиғмайди. У ўз сулоласини яратди. У варварлар доҳийси Аттила каби Римни изламади, аммо ўз Римини барпо қилди. У ўзи учун ҳукмдорлик тахтини яратди...” деб ёзган.
Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, Соҳибқирон Амир Темур улкан ва қудратли, ўз қонун-қоидаларига эга бўлган давлат яратган, Қадимги Шарқ заминида Уйғониш даврининг тамал тошини қўйган, буюк бунёдкор сифатида дунёда тан олинган шахсдир.
Манбалар асосида М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.