Айтиш жоизки, ушбу нуфузли форум мамлакатимизда нафақат сифатли пахта толаси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари янада яхшилангани, балки замонавий технологиялар асосида уни чуқур қайта ишлаш саноати ҳам изчил ривожланаётгани, бу борадаги салоҳият мунтазам юксалиб бораётганини яққол кўрсатиб берди. Мазкур ярмаркада вилоятимиздан ҳам бир қатор текстиль корхоналари вакиллари ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, экспорт қилиш бўйича катта ҳажмдаги манфаатли келишувларни тузиб қайтди.
Маълумотларга кўра, ярмаркада Хитой, Россия ва Бангладеш мамлакатлари ишбилармонлари вилоятимиздаги текстиль корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларига харидор бўлган. Чет эллик ҳамкорлар ярмарка қатнашчиси - Шаҳрисабз туманида фаолият кўрсатаётган “Оқсарой текстиль” МЧЖдан ип калава сотиб олиш истагини билдирган ва томонлар бу бўйича шартномалар имзолаган.
“Оқсарой текстиль” МЧЖ масъулларининг маълум қилишича, жорий йилнинг 9 ойида корхонада 5266 тонна пахта толаси қайта ишланиб, 4219 тонна ип калава тайёрлашга эришилган. Тегишли даврда Россия, Хитой, Туркия, Эрон, Босния ва Герцеговина каби мамлакатларга 8 миллион 476 минг долларлик ип калава экспорт қилинган. Ярмаркада имзоланган битимлар маҳсулот экспорти салмоғи ортиши, географияси янада кенгайишига шароит ҳозирлаши шубҳасиз.
М.ЖЎРАЕВ
Суратларда: “Оқсарой текстиль” МЧЖ фаолиятидан лавҳалар.
Собир Нарзиев олган суратлар.