Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 январь, жума. 2025 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • Элшод, Севинч, Асилбек, Райҳон ва Зарнигор - Президент стипендияси соҳиблари

Ўз мухбиримиз

19.12.2024


Элшод, Севинч, Асилбек, Райҳон ва Зарнигор - Президент стипендияси соҳиблари

Эътироф

Қашқадарё олий таълим муассасаларининг беш нафар талабаси 2024/2025 ўқув йили учун  бакалавриат босқичи бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясига сазовор бўлди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг жорий йил 11 декабрдаги тегишли буйруғида қайд этилишича, Президент стипендиясига вилоятимиз олийгоҳлари талабаларидан Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтида "Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (сув хўжалигида)" таълим йўналиши бўйича таҳсил олаётган Элшод Улуғмуродов ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси  Севинч Махмутуллаева ("Логистика (агрологистика)" йўналиши), Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали талабаси Асилбек Шукуров ("Дастурий инжиниринг" йўналиши), Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали талабаси Райҳон Юлдашова ("Функционал овқатланиш ва болалар маҳсулотлари технологияси" йўналиши) ва Шаҳрисабз давлат педагогика институти талабаси Зарнигор Файзиева ("Технологик таълим" йўналиши) лойиқ кўрилган.

Маълумки, олий таълим муассасалари бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари Ўзбекистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларида бутун ўқиши давомида фақат аъло баҳоларга ўқиётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган охирги курс талабаларига тайинланади ва тўланади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг юқорида қайд этилган буйруғида Навоий, Ислом Каримов, Беруний, Улуғбек, Ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қаипбергенов, Бобур ва Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар рўйхатлари ҳам келтирилган. Эътиборлиси, ушбу стипендиялар соҳиблари орасида вилоятимиздаги давлат олий таълим муассасаларининг ўнлаб талабалари билан бир қаторда Қашқадарё нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган кўплаб ёшлар ҳам бор.

Ўз мухбиримиз

Report typo