Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Биродар АЗИЗОВ

21.07.2022


Энергия тежамкор пардалар, сув сарфланмайдиган иссиқхона ва Vannamei креветкалари...

 

Истиқболли лойиҳалар

2022-2023 йилларда Қашқадарёда умумий қиймати 14,6 миллиард сўмдан ортиқ 14 та инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш лойиҳаси ва 4 та стартап-лойиҳа амалга оширилади.

Ушбу бизнес-ташаббусларнинг рўйхати мамлакатимиз Президентининг "2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланиб, вилоят ҳокимининг тегишли қарори иловасида ҳам келтирилган.

Бу инновацион лойиҳаларнинг энг йириги давлат илмий дастурлари доирасида ажратилган 1,5 миллиард сўм ҳажмидаги сармоя ёрдамида Нишон туманида "Lucky-Rabbits" масъулияти чекланган жамияти томонидан рўёбга чиқарилади. Қишлоқ хўжалигининг энг муҳим тармоқларидан бири - чорвачилик соҳасидаги инновацияларга асосланган мазкур ташаббус қуёнчилик кластерида етиштирилган гўштдан кенг ассортиментдаги экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган.

Инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришга йўналтирилган яна бир қатор истиқболли лойиҳалар  доирасида воҳамизда, шунингдек, чигиртка уни, аквапоника ускуналари, энергия тежамкор "Climat control" пардалари, балиқ оқсили, филеси ва "OMEGA-3" ёғи, жўхори, жавдар ва бошқа экинлар унидан парҳезбоп нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ёшларни ахборот технологиялари ва архитектура соҳасида ўқитиб, уларнинг технологик ва инновацион салоҳиятини ошириш ҳамда интернет орқали фрилансерлик хизматини жорий этиш режа қилинган. Даромадли бизнесга айланиши мумкин бўлган навбатдаги инновацион ғоялардан бири Қашқадарёда импорт ўрнини босувчи, оқсил ва минералларга бой денгиз жониворлари - қисқичбақасимонлар оиласига мансуб Vannamei креветкаларини етиштириш технологиясини йўлга қўйишдан иборат. Уни ҳаётга татбиқ этиш учун 1 миллиард 455 миллион сўм маблағ ажратиш мўлжалланмоқда.

Лойиҳаларнинг аксарияти кичик бизнес субъектларининг ташаббуси билан амалга оширилаётган бўлса, тағин бир қисми воҳамиздаги олий таълим ташкилотлари томонидан илгари сурилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ тез орада Қашқадарёда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда қуёш энергияси асосида ишлайдиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қуритиш қурилмаларини ишлаб чиқариш, пиёз уруғларини бир йўла пушта ҳосил қилиб, кўп қаторлаб экадиган сеялка ва сувни шўрсизлантириш қурилмасининг тажриба нусхаларини яратиш, инновацион комбинациялашган агрегатлар машина-трактор парки (МТП)ни ташкил этиш назарда тутилган.

Рўйхатдаги стартап-лойиҳалардан, айниқса, вилоятимиздаги нодавлат таълим муассасаларидан бирида мактабгача ва бошланғич мактаб ёшидаги болаларни IT-технологиялар, робототехника, лего-конструкция ва кимё соҳаларида ўқитишга йўналтирилгани алоҳида эътиборга лойиқдир.

Шу билан бирга, "Ҳароратни мўътадиллаштирувчи фаол нанокомпозицион қўшимчали плёнка, қуёш концентратори ва гидрогеллар ёрдамида табиий ноқулай майдонларда ёқилғи ва сув сарфисиз ишлайдиган пилот иссиқхонани ташкил этиш", "Импорт ўрнини босувчи газ сарфи ҳисоблагичини ишлаб чиқариш", "Ер ости сувларини қайта ишлаб, аҳолига минералларга бой ичимлик суви етказиб бериш хизматини такомиллаштириш" лойиҳалари ҳам илғор технологияларга асосланганлиги ва ўз соҳасида янгилик яратиб, қисқа фурсатда ташаббускорлар учун юқори даромад, жамият учун эса катта фойда келтириши мумкинлиги билан диққатга сазовордир.

Шунингдек, Президент қарорига мувофиқ, 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш жараёнида Қашқадарёда Ёшлар технопарки фаолиятини йўлга қўйиб, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ва олий таълим ташкилотларида янги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда янги ишланма ва технологияларни яратиш ва жорий этиш бўйича кўплаб аниқ устувор ва "драйвер" инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, янги инновацион корхоналарни ташкил қилиш режалаштирилган. Мисол учун, воҳамида 2022-2023 йилларда "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси тизимидаги "DMG qurilish klasteri" масъулияти чекланган жамияти томонидан маҳаллий хом ашё асосида янги турдаги енгил ва иссиқлик сақловчи керамзитдан девор панеллари, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси тизимидаги "Oq Saroy Textile" масъулияти чекланган жамиятида эса "Vortex" технологияси асосида вискоза толадан аралаш ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши керак. 2024 йилда эса "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти томонидан Косон ва Муборак туманларида SCADA маълумотлар йиғиш ва диспетчерлик назоратини амалга ошириш тизимининг жорий этилиши кутилмоқда.

 Биродар АЗИЗОВ 

 

Report typo