Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

24.01.2017


ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ АЙЁМ ТАРАДДУДИ

Маълумки, мамлакатимизда мустақилликнинг чорак асрлик қутлуғ санаси ўзгача руҳ ва юқори кайфият билан кутиб олинмоқда. Истиқлол туфайли халқимиз ўз тақдирини ўзи белгилаш, мамлакатимизнинг беқиёс моддий ва маънавий бойликларига эгалик қилиш, келажагини ўз қўли билан яратиш имконини қўлга киритди. Ҳаётимизнинг қайси жабҳасини олмайлик, Юртбошимиз раҳнамолигида ақл-заковати, билими ва куч-қудратига ишонган мард халқимиз ўз пешона тери эвазига эришган улкан ютуқларнинг гувоҳи бўлиш мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда бу йилги байрам тантаналарида ҳам одамларимиз қалб ва шуурида тарихан қисқа давр ичида содир бўлган ўзгаришлар, янгиланишлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тараққиёт йўлидан шиддат ва шижоат билан юксалиб бораётган мустақил давлат асрий орзуларимиз ифодаси эканлиги бадиий, театрлашган кўринишларда акс эттирилиши мўлжалланган.

Шу билан бирга, ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшашга даъват этувчи чиқишлар намойиш этилиши кўзда тутилган.

Тантаналар ўтказиладиган амфитеатр майдони ҳозирданоқ байрамона тус олган, ранг-баранг байроқлар, қўлга киритилган ютуқларимизни ифодаловчи лавҳа ва шиорлар билан безатилмоқда.

- Мустақилликкача босиб ўтилган мураккаб ва машаққатли йўл халқимизнинг иродаси, қатъият ва матонатини кўрсатиб берди, - дейди байрам тантаналари бош режиссёри, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев. – Бу йилги байрам тантаналарида ана шу жиҳатларга, юртимизда қисқа даврда эришилган улкан ютуқларга алоҳида эътибор қаратилади. “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқат чиқишларда ўз аксини топади.

Байрам дастурига мувофиқ, дастлаб Қашқадарё дарёси устидаги Амир Темур кўпригининг бадиий конструкцияси бўйлаб қадимий дўмбира билан бахши кириб келади. У дориломон замонни куйга солади.

Сўнг қўлга киритилган ютуқ ва натижаларимиз, мамлакатимизнинг салоҳияти ва қудрати, унинг халқаро миқёсдаги обрўйи тобора юксалиб бораётгани, ислоҳотларнинг вилоятимиздаги самаралари акс эттирилади.

Миллий армиямиз вакилларининг чиқишлари асносида тинчлик-осойишталигимиз ишончли қўлларда эканлиги кўрсатиб берилади, ундан сўнг юртимизда истиқлол йилларида соғлом она ва бола тарбиясига қаратилаётган эътибор саҳнавий кўринишларда акс эттирилади, улуғ аждодларга муносиб мустақил юрт фарзандлари ҳаётий лавҳалар орқали истиқлолнинг тенгсиз неъмат эканлигини мадҳ этишади, спорт усталарининг, фольклор ансамблларининг чиқишлари, жаҳон классик мусиқаси намуналари, вилоятимиздан ҳамда пойтахтдан ташриф буюрадиган санъаткорлар иштирокида куй-қўшиқлар тараннум этилади.

Тайёргарлик жараёнлари бу йилги байрам тантаналари ҳар қачонгидан-да ўзгачароқ, ёрқин    таассуротларга бой бўлишини кўрсатиб турибди. Энг муҳими эса байрам шукуҳи қалблардан қалбларга кўчиб, истиқлолнинг чорак асрлик тўйи ҳар бир кишини улуғвор ишларга, эзгу мақсадларга чорламоқда.

 Н.ХЎЖАЕВ

Report typo