Дугоналар, бормисиз, омонмисиз?
Жам бўлишиб, очилиб гулзормисиз?
Ушбу операга халқимизнинг атоқли фарзанди Шароф Рашидов қаламига мансуб “Кашмир қўшиғи” қиссаси асос қилиб олинган. Бу фидойи инсон нафақат таниқли сиёсий арбоб, балки ўз даврининг билимдон адабиётшуноси, талабчан мунаққиди, публицисти, шоири ва адиби ҳам эди. Унинг ижоди ўтган аср 30-йиллари иккинчи ярмида бошланган. Кўпчилик ижод аҳли каби дастлаб шеъриятда қалам тебратган зиёлининг биринчи шеърий тўплами “Самарқанд куйлари” номи билан ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ёзилган, она юрт ҳимояси тараннум этилган, душманга қарши мардонавор курашга чорловчи, шу йўлда жон олиб-жон бериб курашаётган юртдошлари ҳақидаги илк туркум шеърлари эса 1945 йилда нашрдан чиққан “Қаҳрим” тўпламида жо бўлган. Кейинчалик насрда қалам тебратган Шароф Рашидовнинг бир қатор қисса ва романлари дунё юзини кўрди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Шароф Рашидов ижодида мақоланавислик муҳим ўрин эгаллайди. Шунинг учун унинг бадиий асарларида публицистик руҳ етакчилик қилади. Адибнинг 1953 йилда яратилган “Ғолиблар” қиссасида халқимизнинг урушдан кейинги тикланиш, тинч-осуда меҳнат оғушидаги ҳаёти акс эттирилган бўлиб, муаллиф бу асарни 1972 йилда қайта ишлайди ва роман шаклига келтириб, қайта нашр эттиради. 1958 йилда эълон қилинган “Бўрондан кучли”, 1964 йилда яратилган “Қудратли тўлқин” романларида ҳам халқ ҳаёти, умум меҳнати, ютуқлари, ўша мураккаб даврдаги инсонийлик жасорати акс эттирилган.
Шароф Рашидов ижодида муҳим ўрин эгаллаган асарлардан бири 1957 йилда чоп этилган “Кашмир қўшиғи” лирик қиссасидир. Бу асарнинг ўзига хос яратилиш тарихи бор. Шароф Рашидов ўтган аср 50-йиллари бошида Ҳиндистон сафарида бўлади. Ҳиндистоннинг сўлим Кашмир вилоятида ҳиндлар орасида кенг тарқалган бир ривоятни унга сўзлаб берадилар. Бу ҳақида муаллиф мазкур асар хотимасида шундай ёзади:
“Биз тушган кема Кашмирнинг Жилам дарёси ўртасидан сузиб борар экан, Наргиз ва Бамбур севгиси, вафоси ҳақидаги, уларнинг сон-саноқсиз дўстлари тўғрисидаги ана шу ажиб қўшиқни эшитдик. Бу қадимий қўшиқ бизни чуқур мазмуни, тенгсиз латофати билан мафтун этди...”
Озодлик ва эрк учун кураш, соф муҳаббат тараннуми ўлароқ янграган бу афсона-қўшиқ ва бу афсонани миллий озодлиги учун курашган, алалоқибат мустамлакачилар устидан ғалабага эришган жафокаш ҳинд халқининг шу курашларда қатнашган оддий одамлари сўзлаб бергани адибга қаттиқ таъсир қилади. “Булар гўзал водий боғбонлари, тоғлардан тушган ғаллакорлар, чорвадорлар, шаҳарларнинг ишчилари, моҳир ҳунармандлар эдилар. Булар мустамлакачилар зулмига қарши, ўз ватанининг озодлиги ва мустақиллиги йўлида ҳормай-толмай курашиб, ғалаба қозонган, ер ислоҳотини муваффақиятли ўтказиб, халқ фаровонлиги учун, ер юзида тинчлик ва бахтли келажак учун курашаётган азаматлардир. Жилам дарёсида сузар эканмиз, қирғоқларда сурнай садолари, ёқимли қўшиқлар янграрди. Биз бу қўшиқларни тинглаганимизда Кашмир ва Жамму халқларининг мустамлакачи золимларга қарши курашларини, уларнинг Наргиз ва Бамбур тимсолида куйлаган мард ўғил ва қизларини кўз олдимизга келтирдик”, дейди адиб. Кейинчалик шу афсона асосида рамзий тимсоллар кўмагида лирик қисса яратади ва уни “Кашмир қўшиғи” деб номлайди. Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, бу адибнинг Ҳинд диёри таассуротларидан юзага келган ягона асари эмас. 1959 йилда яратилган “Комде ва Мудан” номли қисса ҳам шу эл ҳикоятлари асосида ёзилган. Аммо “Кашмир қўшиғи” асари ўз бадиий латофати, таъсирчанлиги, шеъриятга хос нафосатни ўзида жамлагани билан тез орада машҳур бўлиб кетди. Адибнинг укаси, тиниқли таржимон ва адабиётшунос Асил Рашидов ушбу асар ҳақида шундай деган эди: “Шароф Рашидов биргина “Кашмир қўшиғи” қиссаси билан ҳам ўзбек адабиёти тарихида умрбод қолишга ҳақлидир. Бу асар дунёнинг 56 тилига ўгирилганининг ўзи барчасини англатиб турибди”.
Дарҳақиқат, қиссанинг шу қадар машҳур бўлиб кетгани бежиз эмас. Уни жаҳоннинг кўпгина халқлари ўз она тилларида ўқидилар, ўзлариники каби қабул қилдилар. Ўша даврда асар дунё тилларида 797 минг 500 нусхада нашр этилгани маълум. Бунинг асосий сабаби эса “Кашмир қўшиғи” энг улуғ туйғу – эрк, озодлик туйғуси, бу неъматга эришиш йўлидаги мардонавор ва тенгсиз курашлар, одамзод қалбининг нафис жавоҳири – муҳаббат мавзусида ёзилгани эди. Асарнинг қисқача мазмуни эса шундай:
Кашмирдаги сўлим водийда гуллаб-яшнаган бир боғ бор. Гуллар боғи деб аталадиган бу боғда Лола, Атиргул, Наврўзгул, Сариқгул, Оқ атиргул, Ёвунгул сингари бири биридан гўзал гуллар барқ уради. Уларнинг сардори, энг гўзали, шу билан бирга, жасоратли, иродалиси Наргиз гули эди. Асаларилар шоҳи Бамбур билан бир-бирига кўнгил берган бу икковлоннинг соф муҳаббати, Гуллар боғидаги чечакларнинг эркин, озод ҳаётлари таҳлика остида қолади. Ҳар бир эртакда бўлгани каби бу афсонада ҳам эзгуликни кўролмайдиган кучлар - ёвузлик тимсоллари бўлмиш Бўрон билан Хоруд ҳамда уларнинг дажжоллари севишганлар йўлига тўғаноқ бўлади. Икки ўртада тенгсиз кураш бошланади. Нозикниҳол гулларнинг аямажуз бўронига қарши кураши қанчалик ожизона бўлмасин, улар қалбидаги ишонч, озодлик иштиёқи барча машаққатлар, бало-қазоларни енгиб, охирида ғалаба қозонишларига мадад беради. Адиб бу жараённи ўзига хос лирика билан моҳирона тасвирлаган:
“Наргиз очилиб турган япроқларини, у босиб турган этакларини силтаб йиғиб олгандай, хўмрайиб йиғиб олди.
- Бўрон,- деди унга оҳиста тик боқиб, бу сафар ундан ҳам, унинг даҳшатли вужудидан ҳам ҳайиқмади. - Сен билан биз ҳеч қачон келиша олмаймиз! Ер билан офтоб балки бирлашур, аммо омонлик билан ёвузлик, уруш билан тинчлик - ҳеч қачон! Овора бўлма, дарёларни терс буриб, тоғларни ағдарганингда ҳам мақсадингга етолмайсан! Гулни узиб ташлайсан, аммо ҳамиша очилаверади! Очилаверади! Очилаверади! Бамбурнинг йўлларига ўт қўясан, бари бир у келаверади! Тоғлар пайдо қиласан, барибир у келаверади, йўлларимизни дарёлар билан тўсарсан, барибир у, сув кечиб келаверади! Келаверади! Келаверади! Ҳамма нарсага қодирсан, аммо севишганларни ажратиб ташлашга асло қодир эмассан!
Наргизнинг сўнгги сўзи Бўронни ларзага келтирди! Наргизни ўраб турган гуллар, дугоналари, қушлар, қумрилар, булбуллар, жамики гиёҳлар гуриллаб, чуғуллаб чапак чалишди! Бўронга қараб бостириб бордилар. Бўрон чекинишга, шармандаси чиқиб чекинишга мажбур бўлди!”
Бу каби назмга монанд сатрларни ора-орада оҳангдор, маънодор кичик-кичик шеърлар безаган:
Оламда гуллар яшар,
Боғларга жамол бўлиб,
Гулзорларга ярашар
Улар ҳусни хол бўлиб...
Ушбу шеърларни ўқиганда беихтиёр ўқувчи қулоқлари остида оҳангдор ва ширали, ёқимли овозда қилинаётган хиргойини эшитгандай бўлади. Шу сабаб ҳам қисса эълон қилинганидан сўнг тез орада машҳур композитор Сулаймон Юдаков назарига тушган ва то ҳануз оҳори тўкилмаган асар яратилишига асос бўлган.
Қиссанинг 26-нашрига масъул муҳаррирлик қилган шоир Туроб Тўла шундай ёзганди:
“Бу қўшиқни мен биринчи бор эшитганимда, адибнинг давр ва замон томирини яхши билишига, мулоҳазасига, сўз, тил ва оҳанг кучига ҳайрон қолган эдим. Асар шундай самимий, содда ва фусункор, ўқишли ёзилган эдики, лирикадан, ҳақиқий шеърдан ажратиб бўлмасди. Тинглардиму, вазни билан қофиясини ахтарардим хаёлимда, балки “баҳри тавил”дир деб ўйлардим. Аммо уларнинг биттаси ҳам йўқ эди, қора сўзнинг ўзида шундай чиройли эди. Оҳанг сел қиларди, оҳанг ва сўз, ҳиссиёт ва ҳаяжон етакларди кишини. Афсонавий образлар, гул билан гилам водий, водий бахтини муҳофаза қилиб турган, муҳофаза қилиб кузатиб турган баланд-баланд тоғлар, буюк Ҳималай ҳали юқорида эслаганимиз Кашмирни, ўша Сринагарни, ўша Жиламни, уларнинг одамларини эслатарди...”
Асар давр шиддатига, синовига дош бера олсагина, ҳақиқий асарга айланади. “Кашмир қўшиғи” қиссаси ана шундай давр синовида тобланган, барча тўсиғу чиғириқлардан омон ўта олган бадиий дурдонадир. Унинг мутолааси эса ҳар бир китобхон қалбида гўзал ҳиссиётлар уйғотиб, эзгулик ғалабаси, севги тантанаси, эрк тараннуми сифатида чуқур таассурот қолдиради.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА