Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

22.02.2017


ЭРТА ТУРМУШНИНГ “МУШТИ”

Эътибор берган бўлсангиз, ота-онасининг орзу-ҳаваси йўлида ёки бўлмаса, ўткинчи ҳиссиётларга берилиб, эрта турмуш қурган аксарият йигит-қизлар бугун камдан-кам ҳолларда оилавий бахтга эришишмоқда. Табиийки, ҳаётий тажриба етишмаслиги, қолаверса, турмуш, рўзғор борасидаги тасаввурлар торлиги сабаб, улар ҳар қадамда муаммога дуч келишлари аниқ. Охир-оқибат эса ҳаммасига “тақдир айбдор” бўлади...

Бундай ҳолатларга қандай омиллар сабаб бўлаяпти? Аҳоли орасида тушунтириш, тарғибот ишлари кенг кўламда олиб борилишига қарамай, бу масаланинг кун тартибидан тушмаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

- Бугун қиз боланинг олий ўқув юртларида ўқиши, аёлларнинг давлат ташкилотларида ишлаши шарт эмас, уй-рўзғор юмушларини, бола парваришини эпласа бўлди, деган ақидалар эскирди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилфуза Жалилова. - Энди ота-оналаримиз қизларини “тезроқ эгасига топшириш”, “тенги чиқса, текин бериш” ҳақида эмас, соғлом, билимли, маърифатли қилиб   вояга етказиш ҳақида кўпроқ қайғуришаяпти. Қизларнинг ўқиши, маърифатли бўлиши уларнинг ўзлари, оилалари учунгина эмас, балки юрт равнақи, жамият тараққиёти учун ҳам жуда муҳим эканлиги бугун кундек равшан бўлиб қолди. Қизларимизни эрта турмушга узатишнинг салбий оқибатларини онгли равишда англаяпмиз. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ёшларимиз орасида ҳамон қайд этилаётган эрта турмуш қуриш ҳолатларининг салбий асоратлари нафақат ўша оила, балки жамият кайфиятига ҳам сезиларли даражада таъсир қилаётгани жуда ачинарли. Балоғат ёшига етмаган йигит-қизлар оила қуришнинг масъулиятини тўлалигича ҳис қила олмайдилар. Ҳаётий тажрибага эга бўлмаган бу ёшдагилар ўртасида ўзаро ҳурмат, оғир дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга қарши биргаликда курашиш каби хусусиятлар тўлиқ шаклланмаган бўлади. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, эрта никоҳ қуриш ўз навбатида тўлиқ билим олишга, ҳунар эгаллашга ҳам тўсқинлик қилади. Натижада бундай оилаларда моддий жиҳатдан етишмовчиликлар юзага келади. Бу эса ўз навбатида оилавий можароларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Охир-оқибат янги келин-куёв бир-бирига кўникишга улгурмай, оилавий муносабат дарз кета бошлайди. Бундай никоҳларнинг аксарияти ажралишлар билан якун топаётгани оила мустаҳкамлигига бир қадар масъул инсонлар сифатида бизни ҳам ташвишга солади.

Халқимизда қиз бола тарбиясига алоҳида эътибор билан ёндашилади. Шу боис ҳам қиз болани ёшликдан ёмон кўздан, ёмон иллатлардан асраш керак. Зеро, қиз бола - бировнинг хасми. Куни келиб, ота-онасининг юзу кўзи бўлиб бошқа хонадонга боради. Шунинг учун ҳам ёши улуғлар бахтини топсин, тахтига етсин, деб дуо қилишади. Балоғатга етган қизга меҳмондай муомала қилинади. Хатти-ҳаракатидаги энг кичик нуқсонларни ҳам тузатиб, уни келин бўлишга тайёрлашади. Аслида, бундай одоб-ахлоқ йўриғи қиз болани бекаликка тайёрлаш, оналикка кўниктириш, демакдир.

- 16-18 ёш уларнинг айни ўқийдиган, бирор касбни эгаллайдиган даври саналади, - дейди вилоят она ва бола скрининг маркази бош шифокори Зиёда Обляқулова. - Ҳали ҳаётда ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, маънавий жиҳатдан етук бўлишга улгурмаган қизни қандай қилиб оиладек муқаддас гўшани барпо қилишга йўллаш мумкин? Қолаверса, бўй-басти, ташқи кўриниши жиҳатдан балоғатга етгандек бўлиб кўрингани билан ёш қиз ҳали оилавий ҳаётда бажариладиган турли юмушларга, оналикка етарли даражада тайёр бўлмайди.

Халқимизда “Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал” деган пурмаъно ҳикмат бор. Вилоятимизда бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Эрта никоҳ муаммосини жойларга чиқиб ўрганиш, ёшлар, ота-оналар, маҳаллаларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари билан суҳбатлар ўтказиш, эрта никоҳнинг салбий асоратлари ва унинг олдини олишга қаратилган буклетлар, рисолалар ёзиш ва тарқатиш каби саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир.

- Албатта, бугун бутун дунёда ёш қизларнинг эрта турмуш қуриши ва она бўлиши, нафақат уларнинг соғлигига, балки фарзанди келажагига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани аниқ маълумотлар асосида исботлаб берилмоқда, - дейди Қарши давлат университетининг психология кафедраси доценти Мавлуда Файзиева. - Хусусан, Европа психологлар уюшмаси ташаббуси билан ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, эрта турмуш қурган ёшларнинг деярли барчасида узоқ муддатли руҳий сиқилиш ҳолати кузатилар экан. Шунингдек, эрта турмушга чиқиш оқибатида аёлларда юздан зиёд касалликлар юзага келиши мумкинлиги аниқланган.

Қолаверса, мутахассисларнинг таъкидлашича, гўдак парвариши борасидаги нўноқлик, ҳамиша атрофидагилардан ёрдам сўраш, рўзғор юритишдаги тажрибасизлик, эрига нисбатан эътиборининг пасайиши, қайнонанинг талабларига тўла жавоб бера олмаслик аёл руҳиятида ўзини паст баҳолаш, иккиланиш, хавотирланиш, руҳан эзилиш, норозилик каби бир қатор психологик норасоликларни юзага келтиради.

Ана шу нуқтаи назардан айтганда, эрта турмушга бериш қизларни нафақат жисмонан мажруҳ қилади, балки уларга руҳий жиҳатдан салбий таъсир ўтказади. Чунончи, ёшларда оилага, катта ёшдаги кишиларга ва умуман, маълум бир маънода уни қуршаб турган муҳитга нисбатан салбий муносабатни юзага келтиради. Айни чоғда мутахассислар томонидан ёшларни оилавий муносабатларга кўниктириш, уй-рўзғор юмушларига ўргатиш ва уларнинг бу ҳақдаги тушунчаларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилаётгани ҳам бежиз эмас.

– Эрта никоҳ қуришнинг салбий оқибатлари биринчи навбатда ёш келинчакда ҳомиладорликнинг асоратли кечишида кўринади, - дейди Зиёда Обляқулова. - Камқонлик, ҳомила тушиш хавфи, сурункали касалликларнинг авж олиши, вақтидан олдинги туғруқ, ҳомиладорлик ва туғруқ асоратлари аёлни ногиронликка ёки нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Туғруқ вақтида чақалоқнинг туғма нуқсонлар билан туғилиши ёки нобуд бўлиши, гестоз (шишлар, артериал босимнинг ошиши) каби ҳолатлар эрта ҳомиладорлик вақтида кўп кузатилади. Шу сабабдан бизга маслаҳатга келган ёшларга эрта никоҳнинг хавфли асоратларини тушунтириш билан бирга, уларга никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг нақадар муҳим эканлигини ҳам таъкидлаймиз.

Эрта ҳомиладорлик нафақат ёш аёлнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, балки унинг таълим олишига, жамиятдаги ўрнини топишига ҳам тўсиқ бўлади. Бундан ташқари, агар ёш она жисмонан, маънан ҳамда руҳан оналикка тайёр бўлмаса, бу ҳақда қандай қилиб фикр юритиши мумкин?!

Зеро, Президентимиз “Қиз болани коллежни битирмасидан, ҳунар эгалламасидан туриб, кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, буни мен узоқни кўрмаслик, калбатинлик деб ҳисоблайман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан  кейин у ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топади, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланади, эртага у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади”, дея таъкидлаганида минг бора ҳақ эди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo