Ёхуд Қаршида ҳунармандлар маркази қачон иш бошлайди?
Муаммо ва муносабат
Бизда негадир кейинги вақтларда аниқ амалий натижадан кўра "ундоқ бўлади, бундоқ бўлади" қабилидаги, қоғоздан ҳаётга кўчмайдиган таги пуч лойиҳалар, қуруқ ваъдалар кўпайди.
Мисол учун, Қарши шаҳридаги Одина масжидини олайлик. Советлар тузуми даврида қамоқхонага айлантирилган бу меъморий обида яқин йилларда қайта таъмирлангач, бу ер маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар қадами аримайдиган масканга айланиб кетади, деб чучварани хом санаган эканмиз чоғи, қачон қараманг, обида эшигида катта қулф осиғлиқ турарди. Балки шу сабабдир, Президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги қарорига асосан бу ерда 2020 йилнинг биринчи ярмида миллий ҳунармандчиликнинг кўплаб йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий ҳунармандлар бозори иш бошлаши белгиланди.
Ўшанда Республика "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ниёзов ташкил этилажак бу замонавий бозор ўзига хос марказ вазифасини бажариб, у ерда халқ амалий санъати усталарининг савдо расталари билан бир қаторда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма зали ва галереяси ҳам бўлиши кўзда тутилаётгани, ташриф буюрадиган маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар учун фольклор-этнографик ансамбллар дастурлари намойиш этилиши, таъмирлаш-тиклаш ишлари бошлаб юборилганини маълум қилган эди.
Таҳлилларга кўра, янги марказ нафақат шаҳарда фаолият кўрсатаётган 250 дан ошиқ ҳунарманд, балки қўшни туманлардаги ҳунармандлар учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очарди.
Вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Халилов эса қурувчи ва реставраторлар Одина масжиди гумбазида изоляция ишларини олиб бораётгани, 2020 йилнинг март ойигача барча ишлар якунланишини айтганди.
Ўз навбатида Президентнинг "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Қаршида ҳунармандлар бозори жорий йилнинг 1 июлигача ташкил этилиши шарт бўлиб, бу борадаги масъул ижрочилар сифатида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари қайд этилганди.
Мана, белгиланган муддатга ҳам саноқли кунлар қолди. Хўш, Одина масжидида нима ўзгарди? Ҳунармандчилик маркази иш бошладими-йўқми?
Гапнинг бўладигани, бу ерда ўзгаришлар "катта" экан. Аввал масжид эшигида эски бир қулф осиғлиқ турса, ҳозир уни янгисига алмаштиришибди. Бор-йўғи шу. Ҳолбуки марказ фойдаланишга топширилиши белгиланган 1 июль санаси яқинлашгани сари бу ерда иш қизғин, ҳунармандлару ташкилотчилар, ҳокимиятдагиларнинг қўли қўлига тегмаётган бўлиши керак эди. Аммо доим қиладиган иши - обида ва унинг атрофини тозалаб юрган ободонлаштириш ходимлари, пана-пастқамда турган йигит-қизлардан бўлак кимсани учратмайсиз. Ҳунармандчилик марказининг бирор асари кўринмайди.
Қизиқ ҳолат-да: ўтган йили айтилаётган гаплар, кутилаётган режалар ўзгача эди-ку. Нега ҳаммаси "гулдур-гуп", сувга тушган тангадек тинчиб қолди?
- Ҳунармандчилик маркази концепцияси, дизайни, ундан фойдаланиш тартибини ишлаб чиққанмиз, - дейди "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси мутахассиси Дурдона Омонова. - Бунинг учун 2 миллиард сўм маблағ сарфланиб, натижада 50 та устахона, 130 та иш ўрни яратилади. Энди ҳамма гап ана шу маблағ қачон ажратилишига боғлиқ бўлиб қолаяпти.
Чиндан ҳам, концепцияда кўзда тутилаётган режалар амалга ошадиган бўлса, ҳунарманд-усталар учун катта қулайлик бўлади. Масалан, бу ерда заргарлик санъати мактаби режалаштирилиб, 10 кишига мўлжалланган жиҳоз ва техникалар ўрнатилган ўқув хонаси, машғулотлар учун амалиёт хонаси, кутубхона ва кўргазма зали, дам олиш хонаси барпо этилиши назарда тутилган.
Шунингдек, кулолчилик, гиламдўзлик, каштадўзлик, миллий либослар тайёрлаш, заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, наққошлик каби 8 та йўналишнинг ҳар бири учун алоҳида устахона ва унга қўшни кўргазма-савдо зали бунёд этилиши, устахона 2 қисмга ажратилиб, биринчи қисмида дастгоҳ ёки кулоллик ва темирчилик печлари жойлаштирилиши, керакли хом ашёни сақлаш учун омбор ташкил этилиши ўйланган. У ерда уста ва шогирдлар хомашёни тайёрлаш, ишлов бериш ва ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этиш, маҳсулотларни тайёрлаш ишларини амалга оширади. Иккинчи қисми дам олиш ва меҳмонларни қабул қилиш, ишлаб чиқаришнинг охирги пардозлаш жараёнлари билан сайёҳларни таништириш, маҳорат дарсларини ташкил этишга мўлжалланиб, устанинг талабларидан келиб чиқиб жиҳозланади. Нариги залда уста ва шогирдлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ташкил этилиб, бу хона шоу-рум вазифасини ўтайди.
Қолаверса, бинода вилоятнинг ҳунармандчилик тарихи ва бугунги кундаги анъаналарига бағишланган галерея-музей, ўқув хоналари, Қарши шаҳридан узоқ, етиб бориш қийин бўлган ва қўшни туманлардан келиб ҳунар ўрганаётган ёшлар ва ҳунар ўргатаётган ҳунармандлар истиқомат қилишлари учун ётоқхоналар ташкил этилиши, ҳунармандларнинг шахсий кўргазмалари ўтказилиши режа қилинган.
Марказ ишга тушса, ҳунармандлар доимий савдо жойига эга бўлади, ҳар чоракда 50 нафарга яқин ёшларга ҳунар ўргатилади, марказ вилоятга сайёҳлар ташриф буюрадиган ва ҳудуд маданий ҳаёти ва анъаналари билан танишадиган масканга айланади, кўплаб ҳунармандчилик турлари ривожланади, ҳунармандларнинг эркин савдо қилишлари учун имконият яратилади.
Хуллас, яна ўша "бўлади-бўлади". Аммо қачон? Шунча имконият, шунча истиқбол олдинда бизни кутаётган экан, нега пайсалга солаяпмиз, нима халал бераяпти?
Маълум бўлишича, "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси томонидан ҳунармандлар маркази ва миллий заргарлик санъати мактабини ташкил этиш бўйича асосий ижрочи масъулларга - 2018 йил 23 апрелда вилоят ҳокимлигига, 2019 йил 11 январда ва 14 февраль куни такрорий хат билан Қарши шаҳар ҳокимига, 2018 йил 6 декабрь ва 2019 йил 23 январь кунлари Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақавий инспекциясига мурожаат қилинган.
"Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси томонидан "Давр архитектураси ва дизайни" хусусий корхонаси билан шартнома тузилиб, буюртма асосида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Ва ушбу ҳужжатлар 2020 йил 11 март куни Маданий мерос департаменти илмий-эксперт кенгашига кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун тақдим этилган.
Ушбу хатга жавобан вилоят маданий мерос бошқармаси томонидан 2020 йил 25 март куни жавоб хати юборилиб, унда илмий-эксперт кенгаши мажлиси карантин ҳолати жорий этилганлиги туфайли маълум вақт давомида тўхтатилгани маълум қилинган.
Айтишларича, ҳозирги кунда лойиҳа-смета ҳужжатлари кўриб чиқиш жараёнида экан. Илмий-эксперт кенгаши розилик хулосаси берса, ҳунармандлар маркази ва миллий заргарлик санъати мактабини ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимининг қарори тайёрланаркан.
Эътибор бераяпсизми, ҳали марказ ташкил қилиш эмас, қарор лойиҳаси тайёрланиши ҳақида гап бораяпти. Бу аҳволда ҳали марказ қачон ишга тушадию, қачон кўнгилдагидек фаолият кўрсата бошлайди?
Кўринаяптики, асосий масала вилоят ва шаҳар ҳокимлигидагиларнинг қош-қовоғига қараб турибди. Бу идоралардан бўлган бир имдод ҳамма ишни илдамлаштириб юбориши ё яна номаълум муддатга чўзиши мумкин. Ваҳоланки Президент қарори бўйича Қаршидаги ҳунармандлар маркази келгуси ойдан ўз ишини бошлаши шарт.
Қарорда, шунингдек, республика ҳудудларини ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштириш ва уларга ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотиш учун кўмаклашиш мақсадида Шаҳрисабз шаҳрига (ихтисослашув йўналиши - каштачилик) мамлакатимизнинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги, Касби туманига (чинни, фаянс ва сопол буюмлари) Польша Республикасидаги, Чироқчи туманига (қўлда гилам тўқиш) эса Эрон Ислом Республикасидаги элчихоналари бириктирилган.
Бу энди бошқа, алоҳида ўрганиш талаб қиладиган мавзу. Ҳозирча билишни истаганимиз шуки, қарор ижроси нега ўз вақтида бажарилмади? Бошқа соҳаларда бўлгани каби карантин асосий баҳона бўлиб қолмайдими ишқилиб? Унутманг, ҳунармандлар маркази бўйича асосий ишлар карантин жорий қилинишигача якунланиши керак эди...
НАСРИДДИН
БОБУРБЕК олган суратлар.