Кейинги вақтларда юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган эътибор натижасида қаддини тутиб олган тадбиркорлар сони анчагина кўпайди. Муҳташам бинолар қуриб, ҳудудлар ободлигига ҳисса қўшаётган, ўнлаб, юзлаб кишиларни ишли этаётган, ўзию ўзгалар фаровонлигини таъминлаётган ҳам шулар.
Аммо айрим нафсига қул кимсалар мўмай даромад орттириш илинжида ўзини тадбиркор сифатида кўрсатаётгани ҳам афсуски бор гап.
Жумладан, Чироқчи тумани Бўйрачи маҳалласида яшовчи Э.Ж. ва Шаҳрисабз шаҳар Тутзор маҳалласида яшовчи К.Ш. 2019 йил декабрь ойида Қамаши туманидаги ғишт ишлаб чиқариш заводига боришади. Бу ерда иш юритувчи бўлиб ишлайдиган, Қарши тумани Янги Бешкент маҳалласида яшовчи Х.Д.га ўзини “Mkop qiroli” хусусий корхонаси раҳбари сифатида таништиришади. “Шаҳрисабз шаҳрида яшайман, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман, шаҳарда кўп қаватли уйлар ва машина бозори қураяпман, пишиқ ғишт керак”, деб ишончли бўлиши учун ҳозирги кунда фаолият кўрсатмаётган корхона номидан шартнома тузишади.
Шунга асосан 102 миллион 500 минг сўмлик 162 минг дона пишиқ ғишт олингач, гўё хамир учидан патир сифатида 30 миллион сўм берилади. Ғиштларни Шаҳрисабз шаҳрига олиб бориб, қурилишга эмас, харидорларга сотиб юбориб, фойда сифатида олинган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатишади.
Вилоят ички ишлар бошқармасидан маълум қилишларича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.