– Айтолмайсанми... Ааа... Ҳалиги... Қишлоқликлар қўйнинг урғочи боласини нима дейишарди?
- Қўзичоқ-да, - иккиланиброқ жавоб берди муҳаррир.
- Йўқ, ахир... Қўзичоқнинг урғочиси нимадир деб аталиши керак-ку?
Муҳаррир ўйланиб қолди: “Чиндан, қўзичоқнинг урғочиси нима деб аталарди-я?..” У дўстига бироздан сўнг боғланишини айтиб, қишлоқдаги отасига телефон қилишга киришди.
- Алооов, - телефонга жавоб берди отаси. – Бойбўта, сенма, улим?
- Ҳа ота, мен... Ота, қўйнинг урғочи боласи нима дейиларди?
- Қўйдими?.. Урғочи боласими?.. – чайналди қария. – Урғочи боласи... Бу, анови-да... Анов... Ҳаз-зир... Шашма-чи, Бойхон чўпондинг уйига чиқиб келаман. Уйида. Отдан жиғилиб беланги бўб жотувди...
Қариянинг юзига анча пайт анграйиб турган Бойхон чўпон хижолатга тушди. Гоҳ белини, гоҳ пешанасини ишқалади. Ғудранди:
- Билмадим, ҳамсия... Эндиии... Ўқиб чўпон бўған бўмасақ... Шуни билмасаканман-ей.
Чой кўтариб кирган хотинидан сўради:
- Хотин, отанг эски чўпонларданиди, сен билмайсанми, қўйнинг урғочи боласи нима дейилади?
Рўмолининг учини тишлаб пича каловланиб турган аёл елка қисди:
- Каттароқ бўса совлиқ бўлайди... Янгиттан туғилғани бўса... Билмасам...
- Мегажин бўлади! - деди шу пайт уй бурчагида ошиқ йўниб ўтирган болакай.
Қария, Бойхон чўпон ҳамда хотини бараварига унга қарашди:
- Сен қаердан биласан?!
- Тилбизирда кўрганман. Ҳиндиларнинг сериалида!
Бироз ўтиб қария ўғлига, ўғли дўстига телефон қилди.
- Раҳмат сенга, раҳмат... - дўсти ташаккур билдирарди. - Мушкулимни осон қилдинг. Биласан-ку, мен асар ёзишда кичик деталларга ҳам аҳамият бераман...
У…
Мактаб давримизда кўпчилик ўқитувчилар бизни ўртоқ, деб ўйлашарди. Адашишарди! Аслида шунчаки уйи мактабимизнинг йўли устида бўлгани туфайли уни ҳар куни чақириб борардим. Кейин мактабга бирга кетардик. Кечиккан вақтларим у аразларди, бундай пайтларда эса уйимдан новвот, ёнғоқ, майиз каби нарсалар олиб борардим. Бугунги кун боласига бу кулгили туюлса не ажаб, лекин, рост, шундай қилардим. Ҳатто энам қишда ейишимиз учун қоғозга ўраб сақлаб қўйган бир яшик олмани бекитиқча ташиб унга едириб юборганим, оқибатда уйдан қувилишимга оз қолгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир сафар математика ўқитувчиси қулоғимдан чўзганида у менинг ўрнимга росаям йиғлаган...
Олийгоҳда эса кўпчилик курсдошлар бизни севишганлар, деб ўйлашарди. Адашишарди! Аслида шунчаки ҳамқишлоғим бўлгани боисидан ҳамиша ёнини олиб, ёмон қараган йигитлар билан уришиб юрардим, холос. Эвазига у конспектларимни ёзиб берар, инсоф билан айтганда, дарсларимнинг тенг ярмини ўзи бажарарди. Пулим кўпайиб қолса, биз бирга музқаймоқ ердик, кинога тушардик. Ўша вақтлар эндигина танилган Митхун Чакрабортининг машҳур фильмларини ҳам кинозалнинг катта экранида бирга кўрганмиз! Қишлоққа борганимизда унинг энаси мени чеккага тортиб сўрарди: “Эсликкина қиз бўлиб юрибдими? Йигитлар билан гаплашмаяптими? Сен унга акасан, қараб юр...”. Кейин билсам, менинг энам ҳам ундан сўраркан: “Улим бирор шаҳарлик қизга илакишгани йўқми? Чекмаяптими? Сингилсан-а, қараб юргин. Шаҳарда адашиб-нетиб қолмасин, болам бечора...”
Э, вооҳ! Ҳозир эса кўпчилик мени ундан қўрқса керак, деб ўйлашади! А-да-ши-ша-ди! Аслида мен шунчаки... Йўқ, нима қилай, сал қаттиқ гапирай десам, ёшликда бирга ўтган ширин ва беғубор хотираларимиз ёдимга тушиб кетаверса, камига икки бола келиб икки оёғимга ёпишса! Шунинг учун... Шунинг учун уни ҳеч “онаси” деб чақирмайман-да, “онажониси” дейман, “онажониси”!..
ТЕСКАРИ ТАРАФДАГИ ҚАРИЯ
Илк учрашувда йигит бойваччага ўхшаб кўринишга уринди.
Кейинги сафар дўстининг машинасини миниб чиқди.
Янаги кўришганларида ўзини улуғвор кўрсатадиган баландпарвоз гаплардан гапириб ўтирди...
Навбатдаги учрашувга қурилишда ишлаб топган ойлик маошининг тенг ярмига қимматбаҳо совға олиб борганди... афсуски, қиз келмади!
Ҳаммаси тушунарли! Ўзини тутишидан маълум эди: кўнгли илимаган.
- Ҳаётда ҳеч ишим юришмади-я... - ўкинч ва надомат ила ўз-ўзига гапирди йигит. - Ҳайронман, менда нима етишмайди...
- Жуда оз нарса! Самимият!!! – деди унинг орқа тарафидаги ўриндиқда ўтирган биров.
Орқасида кимдир борлигини аввал пайқамаган йигит чўчиб тушди. Ўгирилганда эса тескари қараб ўтирган оппоқ кийимли нуронийни кўрди.
- Сиз кимсиз?
- Омад бобо!
Йигит аччиқланиб ўрнидан турди. Ўз йўлидан кетаркан, ғудраниб қўйди:
- Бу қариялар бировнинг гапига аралашгани аралашган... Исмиям ғалати – Омад бобомиш...
НАЗОКАТ ЙЎЛБАРСДАН КУЧЛИ
Нонушта маҳали болакай циркда ишлайдиган отасини сўроққа тутарди:
- Дада, сиз филлардан қўрқмайсизми?
- Йўқ, болам, асло! – бамайлихотир жавоб берди отаси. – Фил ўзи ҳайбатли бўлса-да, кўнгли юмшоқ бўлади.
- Арслондан, йўлбарсдан-чи, дада?
- Қўрқмайман. Уларни бир марта қўрқитиб қўйсанг бас, айтганингдан чиқишмайди.
- Сарварнинг дадасидан ҳам қўрқмайсизми? – чинакамига ҳайратга тушди болакай. – Наҳотки, Нодирнинг дадасидан ҳам қўрқмасангиз?
- Албатта йўқ! Йўлбарсларни қўлга ўргатган одамга инсон зоти нима бўлибди?!
- Унда... Унда, дада, сиз ҳатто аямдан ҳам қўрқмасангиз кераг-а?
Эркак қаршисида майин термулиб турган аёлига аста қараб қўяркан, истар-истамас минғирлади:
- Эндии... Аянг бошқа одам-да, тойчоғим. Овқатингни еяқол...
Байрам АЛИ