– Ватан нима? – сўрайди дада қизалоғидан.
– Она.
– Ватанинг қаер?
– Ўзбекистон...
Такрор ва такрор шу сўзни таъкидларкан, мунчоқкўз қизалоқнинг чучуккина талаффузидаги қувноқлик, бахтиёрлик қалбимни ром этади. Дилимга майин мусиқа мисол кириб боради. Мурғак тилдан учаётган биргина шу сўз кишига Ватан қадрини, унинг муқаддас ва бебаҳолигини уқтиргандай.
Бу қизалоқ кўзимизга жажжи Ўзбекистон бўлиб кўринади. Болаларни ардоқламоқ юрт келажагини, унинг ёрқин истиқболини таъминлаш, Ватанни кўз қорачиғидек асрамоқ эса, аввало, болаларни авайлаш эканини англаймиз.
Бугун Қарши шаҳрига бир йилдан буён келмаган одам адашиб қолиши ҳеч гапмас. Равон ва кенг кўчалар бўйлаб қад ростлаган замонавий бинолар, хизмат кўрсатиш объектлари, турар жойлар кўзни қувнатади. Ҳар қадамда шаҳар иқлими мўътадиллигини таъминлаб турадиган фавворалар фараҳбахш кунлар куйчисидай жилоланади. Кишиларни мафтун этади. Бу бунёдкорлик ишлари қисқа вақтда амалга оширилгани эса кўрган одамни ҳайратлантирмай қолмайди.
Ҳа, мамлакатимизда ҳар бир ҳудуд, ҳар бир шаҳар қиёфаси тубдан ўзгараяпти, улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир. Хусусан, Тошкент, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Наманган, Урганч, Термиз, Самарқанд ва бошқа кўплаб шаҳарлар ободонлаштирилди, замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида қайта чирой очди. Қарши ва Шаҳрисабзда кейинги йилларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари кўлами эса кишини ҳайратга солади.
АЙТ, ҚАЧОН СЕН ШУНДАЙ КУЛГАНСАН?!
Бугун Қаршида сайр қиладиган, маданий ҳордиқ чиқарадиган объектлар сони кескин ошди.
– Олдинлари фарзандларимиз билан фақат Болалар ҳамда Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига сайрга чиқардик, – дейди Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи Феруза Мансурова. – Энди эса бундай сайргоҳлар кўпайди. Айниқса, фаввораларнинг бунёд этилиши билан қаршиликларнинг кўп йиллик армонлари рўёбга чиқди. Ёзда қуёш тафтидан кўчага чиқишни истамасдик. Ҳозирчи, фавворалар томон ошиқамиз, унинг салқинида ҳордиқ чиқарамиз.
Дарҳақиқат, ҳудудда 50 та фаввора қурилиши режалаштирилган бўлса, айни вақтда уларнинг 28 таси фойдаланишга топширилди. Хусусан, Ўзбекистон, Мустақиллик шоҳкўчалари ёқаларида ва бошқа кўплаб жойларда замонавий рангли ва мусиқали фавворалар ишга туширилди. Энди Қарши аҳолиси йўл юриб авваллари саноқли бўлган “раққоса” сувлар томон ошиқмайди. Ҳамманинг уйига яқин жойларда фавворалар бор.
– Мен Қарши давлат университетида ўқиганман, – дейди сурхондарёлик Насим Шоимов. – Вақти келиб Қаршида ана шундай иншоотлар, гўзал фавворалар, муаззам сайргоҳлар қурилишини тасаввур ҳам қилмагандик. Унутмаслик керак, буларнинг барчаси мустақиллик мевалари, тинч ва хотиржам ҳаётимизнинг ифодасидир. Болаларни қаранг: қандай бахтиёр. Маза қилиб ўйнаб, сайр қилиб юрибди. Беихтиёр атоқли шоирнинг сатрлари ёдимга тушади: Айт, қачон сен шундай кулгансан?!
ТААССУРОТ ТАДБИРЛИ БЎЛИШГА УНДАЙДИ
Мазкур қурилиш-бунёдкорлик ишлари яна шуниси билан аҳамиятлики, у кишиларни тадбирли бўлишга, Ватан равнақи, унинг келажагига дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундайди. Кимдир ўзгаришларнинг қайсидир жиҳатларини ўзлаштиради, амалга оширишга интилади. Бугун Қарши шаҳрини томоша қилишга келаётган туманлар ва қўшни вилоятлар одамларининг ўй-фикри шу.
– Мен фермерман, – дейди бухоролик Зулхумор Қуллиева. – Қаршида синглим истиқомат қилади. Шаҳарга аввал кўп бор келганман. Аммо дала ишлари билан чалғиб, уч йилдан бери келолмагандим. Қаранг, бу ердаги ўзгаришларни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Қизим, невараларим, жиянларимни олиб сайрга чиқдик. Жиянларим мени вилоят театри қаршисидаги фавворага бошлаб келишди. Бунинг гўзаллиги, майдон кенглиги менга манзур бўлди. Мен ҳам Бухорога қайтиб, дала шийпони атрофида кўркамгина фаввора қуришни режалаштираяпман. Ишчилар учун қулай шароит яратиб бера олсак, ишда унум бўлади-да. Қолаверса, у атрофга ҳам гўзаллик бахш этади. Маҳалла болалари учун ҳам оромбахш гўшага айланади.
Дарвоқе, бунёдкорлик, ободлик тушунчалари халқимизга хос фазилат. Киши борки, ўз хонадони, кўчасини озода тутишга, кўркам қилишга интилади. Бундай марказлашган шаҳарлардаги қурилиш ишлари эса ҳар бир одам кўнглида ҳавас уйғотади. Кўчаси, маҳалласига кўрк берадиган иншоотлар, жажжи кўкаламзорлаштирилган майдончалар қургиси, ўзи туғилиб ўсган гўшасини обод қилгиси келади. Бу каби яратувчанлик ишлари эса ёш авлод қалбида эзгулик, меҳр-муҳаббат, оқибат каби азалий инсоний қадриятларнинг шаклланишига замин ҳозирлайди.
Айни вақтда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан вилоятдаги барча касб-ҳунар коллежларининг “Қувноқлар ва Зукколар” жамоалари иштирокида ҳар шанба куни Қарши шаҳридаги фавворалар атрофида уюштирилаётган “Smile Shou” байрам дастурлари ҳам маънавиятли авлодни тарбиялашдек эзгу ғояни ўзида акс эттиргани билан аҳамиятли.
– Шаҳримиздаги барча фавворалар атрофи гавжум гўшага айланди, – дейди “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши ходими Аҳрор Содиқов. – “Smile Shou” байрам дастурлари лойиҳасини айнан шу жойларда ўтказишни режалаштирдик. Мақсадимиз “оммавий маданият”, диний экстремизм ва терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси каби мудҳиш оқибатларга олиб келадиган салбий ҳолатлардан ёшларни асраш, уларни Ватан корига ярайдиган авлод қилиб тарбиялашдан иборат. Шу мақсадда шоу доирасида кўнгилочар тадбирлар, саҳна кўринишлари, қизиқарли викториналар ташкил этаяпмиз.
Дарҳақиқат, бундай сайргоҳларнинг, атрофи гавжум фаввораларнинг мавжудлиги кишиларни фақатгина маданий ҳордиқ чиқариши учун замин ҳозирламай, балки уларни Ватанни севишга, уни кўз қорачиғидек асрашга ундайди. Ёшларни бугунги кунга, келажакка муносиб ворис сифатида шаклланишига хизмат қилади.
Фавворалар ёқалаб манзилга яқинлашарканман, болаларнинг бахтиёр кулгиси мени ҳамон мафтун этади. Беихтиёр хотирамда бир сўз янграйди. У қулоғим остида ёқимли куйдай яшайди. Ўша жажжи қизалоқнинг порлоқ кўзлари, ёрқин юзлари билан ёдимга бостириб кираверади. “Ўзбекистон, Ўзбекистон!”.
Баҳодир ҲАЛИМОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар