Яккабоғлик Элдор Турсунов ёшлигидан куй-қўшиққа, айниқса, бахшиёна оҳангларга қизиқарди. Шундан бўлса керак, кенг яйловда қўй-қўзиларини боқиш баҳона, фаслга, табиатга ҳамоҳанг қўшиқлар тўқиб айтишни хуш кўрарди. Бобосидан қолган эски дўмбира унинг овозига жўр бўларди. Кечалари момосидан эшитган эртак ва достонларни қўшиқ қилиб куйлар, чанқовуз ва дўмбира овозини эшитса, бутун вужуди, қалб шуури билан тинглашга ошиқарди.
Қизиқиш уни Қарши маданият ва туризм коллежига, фольклор-этнографик жамоалари раҳбари йўналишида ўқишга бошлади.
- Момом айтган топишмоқ, мақол-маталлар, онамнинг аллалари, тандирда ёпилган нондан тортиб, уйдаги ҳар бир жиҳоз, уларнинг ранги, безаги, ҳамма-ҳаммаси аслида фольклор билан боғлиқ, - дейди Элдор Турсунов. - Фольклор санъати халқнинг ўтмиши ва бугунини боғловчи кўприкка ўхшайди. Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор бахши Раҳимов, Шоқул бахши Мирзаев ижодини диққат билан тингласангиз, бунга амин бўласиз.
Дарҳақиқат, фольклоршунос олимларимиз таъкидлаганидек, фольклорда қўшиқ йўқ, балки қўшиқнинг ижро ҳолати, ижро жараёни бор. Халқ оғзаки ижоди намунаси бор-йўғи оғзаки ижро этилгани учунгина эмас, балки оғзаки ўзлаштирилиб, шу кўйда ижро этилиб, оғзаки тарзда мерос қолдирилиши, бошқача айтганда, ҳар галги ижро жараёнида қайта яралиши билан фарқланади.
Шу билан бирга, халқ оғзаки ижоди намунаси бўлган достонлар шунчаки бадиий асар эмас, балки халқнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналари, тафаккур тарзини ўзида мужассам этган миллий қомус ҳамдир. Достонларда ишқ-муҳаббат, инсоний муносабатлар, оила мавзуи муҳим ўрин тутади. Шу боисдан, халқ достонларини ўрганишни исташади, бахшилар тилига кўчганда эшитишни хуш кўришади. Биргина "Алпомиш" достонини олиб қарайлик. Мазкур достон нафақат ўзбек, балки дунё достончилигида алоҳида мавқега эга, тарихий асослари қадимий, бадиий жиҳатдан юксак эпик ижод намунаси ҳисобланади. "Алпомиш" достонида бир оила кечмиши асосида бутун бир уруғнинг, миллатнинг тарихи ҳикоя қилинади. Турли хил сабаблар туфайли парчаланиб кетган миллат оғир синовлардан сўнг яна қайта бирлашиши, оила бахти, миллатнинг, юртнинг ор-номуси, шону шавкати учун кураш қаҳрамонлик эпосининг бош ғоясини ташкил этади. Шу боисдан бу достон халқ орасида машҳур, бахшиларнинг жўшиб куйлагувчи ноласи.
Шундай экан, бобомерос анъаналардан куч олган одам ҳаётда ҳеч қоқилмайди, эришгани юқори марра, ғолиблик бўлади. Буни Элдор мисолида ҳам кўриш мумкин. У 2015 йилда "Қадимий чолғулар" кўрик-танлови вилоят босқичида фольклор чолғулари ижрочилиги бўйича совриндор бўлган бўлса, шу йили Навоий вилоятида республика миқёсида ўтган "Барҳаёт анъаналар" кўрик-танловида фольклор жамоаси якка ижрочиси сифатидақатнашди. Деҳқонобод тумани мезбонлик қилган "Бахшилар юртни куйлайди" танловида эса 3-ўринга муносиб топилди.
Жорий йилнинг 7-15 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган маданият ва санъат коллежлари ҳамда мусиқа академик лицейлари ёш ижрочиларининг республика танловида эса Элдор Турсунов ижроси нуфузли ҳакамлар ва санъат ихлосмандлари томонидан юқори баҳоланди.
- Фольклор ҳар бир ижодкорга ўз йўли, услуби, ўзлигини топишга ёрдам беради, - дейди Элдор. - Келажакда ўз йўналишим бўйича олий таълим муассасасига ўқишга кириб, бой тарихий маданиятимизни тарғиб этиш ниятидаман.
Унинг нияти эзгу. Чунки у халқимизнинг минг йиллик маданиятига, урф-одатларига тегишли. Ана шу яхши ният ёш ижодкорнинг йўлини мудом ёритиб турсин деймиз.
С.АЛЛАЁРОВА