Хабарингиз бор, “Qashqadaryo” газетасининг шу йил 11 сентябрдаги сонида “Пахтакорда мавсумга тайёргарлик нега пухта эмас?” сарлавҳали мақола чоп этилган, унда Нишон туманидаги айрим кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўнгилдагидек эмаслиги, айрим уйлар томидаги шиферлари синиб, имкони борлар ўзига тегишли қисмини янгилаб олгани, бунга қодир бўлмаганлар ёғингарчилик мавсумини шифтдан чакка томиши билан ўтказиши хусусида сўз юритилганди. Мақолага Нишон тумани ҳокимлиги қуйидагича муносабат билдирди:
“Келтирилган фактлар Нишон тумани ҳокимлиги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими мутахассислари томонидан тумандаги Пахтазор МФЙ Ўзбекистон (собиқ Нодирабегим) кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар иштирокида ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида мақолада келтирилган ҳолатлар ҳақиқатан мавжудлиги қайд этилди.
Аҳоли билан суҳбат чоғида уларга (хусусан, 11-уй 4-хонадонда яшовчи Д.Нафасовага) “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари, жумладан, кўп қаватли уйлар умумий конструкциялари шу ерда яшовчиларнинг умумий мулки ҳисобланиши ва уйни сақлаш, таъмирлаш мулкдорларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши хусусида тушунча берилди. Уйларнинг ички қисми мулкдорларнинг ўз ҳисобидан таъмирланиши айтилди.
Пахтакор МФЙ раиси таклифига кўра, уйнинг томини таъмирлаш ҳашар йўли билан, мулкдорлардан йиғиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши, чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш жамоатчилик назорати остида ташкил этилишига келишиб олинди”.