Эсимда. Қарши шаҳридаги "Чармгар" номи билан аталадиган қадимий маҳаллада бир вақтлар Хосият хола - "қаймоқчи тўта" яшарди. Оиласида қўша-қўша сигир боқилар, сут-қаймоғидан бутун маҳалла манфаатдор эди. Хосият холанинг яна бир жиҳати, шифохона ва шифокорлар бўлмаган даврда туғадиган хотинлар жонига ора кирарди. Хонадони анчагина катта, тўрт келин, эрлари урушдан қайтмаган икки қиз ҳам шу ердан паноҳ топган. Феъли кенглигидан кўп болали, эрсиз хотинларга ҳам бағридан жой берганди. Бирор маълумотга эга бўлмаса-да, умри давомида гўзал хулқ, меҳрдан дарс олган, билганларини фарзандлари, маҳалладошлари билан баҳам кўрарди. Қаҳатчилик, очарчилик, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида хотинлар деярли ишсиз, уй юмушлари тугагач, бирор қўшниникига тўпланишар ва яқин маслаҳатдошлари Хосият холадан одоб олишарди.
Тенгдошларим мени кечирсинлару, бугунги оилалардаги келишмовчиликларнинг кўпига қайноналар сабабчи. Улар баъзида келин ҳам қизлари эканлигини унутиб қўядилар. Аслида келиннинг ёмони йўқ. Тўғри, у ҳамма вақт ҳам қайнона кўнглини тополмаслиги мумкин. Бундай пайтда қайноналар ўзларининг келин бўлган даврларини кўз олдига келтирса яхши бўларди.
Келинга осон тутиб бўлмайди. Унга турмуш ўртоғининг, янги оила аъзоларининг феъл-атворлари билан танишиш, ўрганиш учун вақт, имкон бериш керак. Янги келиннинг нимага қодирлигини ўрганиш, шунга қараб иш тақсимлаш керак. Дейлик, шаҳардаги кўп қаватли уйда яшаган қизгинадан тўйдан кейиноқ сигир соғиш, тандирга нон ёпишни талаб қилиш инсофданми?
Халқимизда "жаҳл келса, ақл кетади" деган гап бор ва бу ҳаётда бир неча бор синалган ҳақиқат. Қуйидаги ҳолат, яъни келишмовчилик ҳам жаҳлга эрк бериш оқибатида юзага келган эди.
...Кичик келин Санобар сигирларни соғдию, сутни пишириб олиш учун ўчоққа ўт ёқди. Шошилмаса бўлмайди, ҳовлини тартибга келтириш, эрталабки нонуштани тайёрлаш, қўшнининг касал қизидан ҳол-аҳвол сўраш, хуллас, иш етарли, ҳаммасига улгуриш керак.
Уйқудан турган Адолат буви эшикдан чиқиб, керишиб, чуқур эснадию, ўчоқдаги ўтни кўриб тўғри ошхона томон юрди. Қараса, сут кўпчиб қозондан тошай деб турибди.
- Ҳой, келин бўлмай ўлгур, олов ёққан киши қозонга қарайди-да. Онанг ҳеч балони ўргатмаган экан-ку.
- Бошланди, - ўчоқ томон югурди келин. - Қани, аяжон, бунинг ваҳима қиладиган ҳеч қандай томони йўқ-ку.
- Яна нима бўлиши керак? Бироз кечиксам, икки сигирнинг сути ҳавога учарди. Оғзига сут тутадиган болаларинг йўқ-да, бўлганда... Овсинларингнинг ўғил-қизлари сенга бегона-да?!
Санобарнинг фарзанд кўрмаётганига қаратилган ва ҳар сафар алоҳида урғу бериб айтиладиган бу таъна ҳамиша жон-жонидан ўтиб кетар, аммо ўзини босар, аламини йиғидан оларди.
- Ҳовлининг аҳволини қаранг. Уйқудан туришинг билан аввал қўлингга супургини ол деб, минг марта айтаман, қўлинг сингур, қулоғингга қўрғошин қуйилгур. Аслида ўғлимдан хафаман. Эркам, азизам, асалим деб соясига салом беради. Билмадим, бу "эркакшода", бепуштнинг нимасига учган?
Ҳар куни қайтариладиган бу ҳақорат бугун Санобарни титратиб юборди.
- Ким "эркакшода", ким бепушт? - дарғазаб бўлиб қайнонасига ўшқирди.
Аслида ҳар икки аёлга ҳам ярашмайдиган бу ҳолатда сиз нима дейсиз, воқеани қандай баҳолайсиз, билмадигу, бизнингча, қайнона ўз иззатини билиши керак эди. Ҳақоратларнинг деярли ҳар куни давом этиши ва кундан-кун кучайиши ҳар қандай меҳрни сўндириши табиий. Қайнона кўнгли синиқ келинини бошқалардан кўра кўпроқ авайлаши керак эмасмиди? Фарзандсизлик, бесамар ҳаёт, умрининг елга совурилиши ҳар қандай кишини, эркакми-аёлми, умидсиз қилиб қўяди. Келиннинг ҳам хатоси йўқ эмасди. У ҳар қандай шароитда ҳам ўзини қўлга олиши зарур эди. Ёш эмасди, бунинг устига олий маълумотли, яхши-ёмоннинг фарқига борадиган, жамоаси ҳурматини қозонган ўқитувчи эди. Бироқ иродасизлик қилди.
Оилавий муносабатларда қайнона масъулиятини бежиз таъкидламаяпмиз. Чунки у кўпни кўрган, ҳаётнинг оқ-қорасини таниган, яхши-ёмонни ажратган. Келин эса ундан анча ёш, демак, хато қилиши табиий. Шундай экан, қайноналаримиз ҳар қандай вазиятда ўзини муносиб тутиши, гўзал хулққа доя бўлишлари зарур. Ўшанда оилалар мустаҳкам, ажрашишлар сони янада кам бўлади.
Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими