Шунинг учун ўтгувчини бу қандай дарё ўзи, туби саёзми ёки чуқур, сиртдан қараганда сокин-у суви тезоқар эмасми, деган ўй-хаёллар чулғаши табиий.
Журналистикага эндигина қадам қўяётган киши дарё кечуви олдида турли хаёллар қуршовида турган ўша одамга ўхшайди. Боиси, журналистика ҳам асов дарё янглиғ. Сузишни билмаган киши сувга ғарқ бўлгани каби ёзишни билмаган қаламкаш соҳада ўзининг ўрнини тополмайди. Ёзганларини ўзидан ўзга ҳеч кимса ўқимайди.
Бу дарёга тушган киши борки, баъзан шарқироқ сувнинг тўлқинларига дош бериши, баъзан тошдан-тошга урилиб, сузишнинг рафтини олишга мажбур бўлади. Баъзан оқимга қарши сузишга ҳам тўғри келади.
Муҳими – сузишни билишда ва аёвсиз тўлқинлар шиддат билан сачраётган саркаш дарёдан саодатли қирғоқ сари муносиб ўта олишда.
Шу ҳақда ўйлай туриб, бир неча йил илгари таҳририятда амалиёт ўтаган Маҳлиёми, Муҳайёми отлиқ ёзишга зўр бериб уринадиган қизгинанинг амалиёт раҳбарига совға қилган китобдаги “дил сўзлари” ёдимга келди.
Ўша битикларда айтилишича, “Ҳаёт денгизга ўхшайди. Денгизда кўп ва яхши сузиш ғаввоснинг ўзига боғлиқ, деб ўйлардим. Энди билсам, ғаввос қайиқсиз ҳеч қаерга сузиб боролмас экан. Денгизнинг бешафқат тўлқини ғаввосни истаган кўйига соларкан”.
Балки матн кўзга тузукроқ кўриниши мумкин, аммо мантиққа келганда мум тишлайсан киши. Сабаби, аввало, ғаввос дегани денгизда сузувчи эмас, унинг тубига шўнғувчи. Демакки, унга қайиқнинг у қадар ҳам кераги йўқ. Модомики, у қандайдир мададга муҳтож экан, яхшиси, денгизга тушмагани маъқул.
У журналистикани ҳам ана шундай қайиқ билан сузса бўладиган жой деб ўйлади, шекилли, тажрибали ижодкорлар етагида бир-икки ёзганлари таҳрир шарофати билан “дунё юзи”ни кўрди. Боя айтганимиздай, бу дарёга тушиш ҳаммага ҳам насиб этмагани каби у қирғоқда ўтириб, сузаётган одамларга қўл узатиб кўрди, аммо сувга тушишга юраги бетламади...
Юраги бетламаслигига эса сабаблар кўп. Боиси, журналистлик бошқалар ўйлаганидай осон, бир амаллаб эплаб кетса бўладиган касб эмас. Мамлакатимиз раҳбари ҳам соҳанинг ҳақиқий ижодкорларига осон эмаслигини таъкидлаб қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Агарки менга буюрса, эл-юрт манфаати учун ўз шахсий манфаатидан, ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб, ҳатто ўз ҳаётини хавф остига қўйиб яшайдиган жонкуяр журналистларнинг ижодий жасоратини алоҳида тақдирлаган бўлардим. Чунки матбуотда бундай кескин мавзуларни кўтариб чиқиш, уларни холис ва ҳаққоний ёритиб бериш учун инсонда аввало катта юрак, воқеликка фаол муносабат, қатъий ҳаётий принциплар бўлиши керак”.
Бундан ташқари, соҳага оид қонунларда ижодкорнинг шахс ва журналист сифатидаги ҳуқуқлари, дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги, танқидий мақола учун таъқиб этишга йўл қўйилмаслиги бежиз алоҳида таъкидлаб кўрсатилмаган. Чунки журналист ҳар бир танқидий мақоладан кейин ўзига душман орттириши табиий. “Дўстнинг мингтаси ҳам оз, душманнинг биттаси ҳам кўп” ақидасига амал қилувчилар учун бу ўта жиддий ҳолат. Ҳолбуки, журналист танқидий мақоласи учун гулдаста билан кутиб олмасликларини, йўлига пояндоз солмасликларини ҳам яхши билади.
Хўш, унда бошоғриқ орттиришдан мақсад нима? Гап шундаки, айнан журналистларга жамиятдаги бор ютуқ ва камчиликларни ёритиш, кўрсатиб бериш, аҳолининг барча қатламларига етказиш вазифаси юкланган. Шундай экан, нега журналист танқидий мақола ёзишдан ўзини чеклаши, муаммога кўз юмиши, шу орқали иккиюзламачилик қилиши керак?
Журналистика, матбуот ҳақида сўз кетганда, одатда гапнинг мароми танқидий мақолаларга қараб бурилади. Айниқса, соҳага четдан назар солиб турганлар газетада танқидий мақолалар кўпайиб кетгани, танқид қилиш осонлиги, ҳамма ҳам буни қила олиши мумкинлигини айтишади.
Аввало шуни билиб олиш керакки, танқидий мақола ёзиш бир-икки кунда ёки бир-икки машқда ўнгланиб қоладиган иш эмас. У аввало муаллифдан журналистик маҳоратни, танқидий тафаккурни талаб қилади. Дейлик, ижодкор некбин туйғулар билан мудом ошно бўлиб, дунё фақат яхши одамлардан, яхшиликлардан иборат, деб ўйласа, ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатини кўрмаса ёки кўрмаганга олса, ғарлик, ўғрилик, қотиллик, муттаҳамлик, нонкўрлик, бешафқатлик деган тушунчалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганини билмаса, ўзини “оптимист одам” деган ғариб ғумбак билан иҳоталаб олган бўлса, энг асосийси, ҳақ сўзни айтишни, қачон айтишни, қандай айтишни билмаса... у танқид ёзолмайди, ёзмагани ҳам маъқул. Демакки, танқид ёзишнинг ўзи қийин иш.
Бундан ташқари, бугун газеталар саҳифаларида танқидий мақолалар улар айтганидай у қадар сероб эмас. Борлари ҳам мақтагулик эмас, умумжамият, оддий одамлар манфаатларига хизмат қилмайди (бу менинг оддий ўқувчи сифатидаги шахсий баҳойим). Ҳудудларда ечимини кутаётган, йиллар давомида чуқурлашиб кетган муаммолар талайгина. Тан олиш керак, журналистлар уларга нисбатан жамоатчилик фикрини уйғотиш вазифасини етарли даражада уддалай олишаётгани йўқ. Кишилар эса ўзини қийнаётган муаммолар ечим топишида тегишли идоралар қаторида матбуот аҳлига ҳам ишонади. Пайти келганда суянади. Ҳеч бўлмаса матбуотга юрагидаги гапларни айтиши мумкин бўлган минбар сифатида қарайди. Бугун танқид дегани камёблашиб қолган, жамият ривожига халақит бераётган муаммолар учраб турган бир пайтда “танқид кўпайиб кетди”, қабилидаги сўзлар мени таажжубга солади. Нима, улар ўша муаммонинг бартараф этилишига қаршими ёки ундан қандайдир манфаати борми?
Танқидий мақола кимнидир танбалликдан, кимнидир мешчанликдан, кимнидир ишёқмасликдан, кимнидир дангасаликдан, яна кимнидир порахўрликдан қайтарса, бунинг нимаси ёмон? Бу кимга ёқмаслиги мумкин? Албатта, ўзида ана шундай сифатлардан бири бўлган кишига ёқмайди, маъқул келмайди! Кимки, танқидий мақоладан кейин жириллашни бошласа, билиш керакки, унинг ҳақиқатан ҳам айби бор.
Шу сабаб ўзининг ҳам айби очилиб қолишидан ҳадиксираб, газетани, танқидий мақолани ёмонотлиқ қилишга, ёмонлашга ҳаракат қилади. Чор тарафга хас-хашак сочиб, қумга бошини яширгани сари кети очилиб бораётганини сезмайди.
Газетада танқидий мақола чоп этилиши билан тинимсиз телефону турли хат ва ёзишмалар бошланади: “Нимага буни газетага чиқарасизлар?”, “Ким ёзди? Нимага ёзади?” Худди нима ёзиш кераклигини улардан сўраб олиш керакдай тутишади ўзини.
Энг қизиғи, икки энлик хатда саккизта хато қиладиган айрим зиёлинамо кишилар танқидий мақолаларни, ҳатто бутун бошли газетадаги материалларни гўёки таҳлил қилмоқчи бўлишади. Уларнинг мақолани жиддий таҳлил қилишдаги ғайратини кўриб, шунча куч, ғайрати бор экан, шуни танқид қилинган фаолиятларига сарфлашса бўлмасмикан, деган хаёл келади кўнгилга. Қани энди, хаёл билан ҳаёт бир-бирига тўғри келса.
Баъзида эса фаолияти танқид қилинган идора раҳбарлари “Ўзимизга айтиб қўйсангиз бўларди. Дунёга ёйиш шартмиди?” қабилида муносабат билдиришади. Шунчаки айтиб қўйилган иш одатда қилинмаслигига ёки қўл учида бажарилишига кўникиб қолганмиз. Бундан ташқари, матбуот бирор муаммо ёки масалани “айтиб қўядиган” манба эмас, уни ёритадиган, амалий ечим таклиф этадиган, ваколатли мутахассислар фикри орқали масъул шахслар эътиборини қаратадиган эркин минбар. Энг муҳими, фаолияти танқид қилинган кишилар ҳам ана шу минбардан бемалол фойдалансалар бўлади. Аммо уларнинг бу минбарга чиқишига нимадир, балки виждон тўсқинлик қилади шекилли, газетани, танқид ёзган муаллифни ёмонлаб қўйиш билан чекланишади...
Тўғри, танқид ҳаммага ҳам ёқавермайди. Айрим кишилар хушомадга, мақтовга ўч бўлади. Агар матбуотда уни бир чимдиб қўйишса, аламига чидолмайди. Ноҳақ танқид қилишди, уларнинг менда шахсий ғарази бор, дея айюҳаннос солишади.
Ана шу каби эътирозу дағдағалардан қўрқибми ё ҳайиқиб, айрим ижодкорлар ўзлари учун ёзиш мумкин бўлган ва бўлмаган мавзуларни белгилаб олишади: “Буни бемалол, қайта-қайта ёзаверса бўлади, бунисига эса зинҳор тегиб бўлмайди”. Энг асосийси, гап тегиб қолмаса бўлгани...
Бундай ижодкорлар газета саҳифаларини бўлар-бўлмас ёзилдиқлар билан тўлдиради, айрим таҳририятлар учун ҳатто шуниси ҳам маъқул. Аммо бундай фаолият билан журналистика ривожига ҳисса қўшиш тугул, соҳанинг асл вазифасини ҳам бажариш унут бўлиб кетади. Оқибатда ўша газета эркин фикр минбари, жамият ривожининг кўзгуси эмас, қора, қизил, сариқ, кўк бўёқлар босилган қоғозга айланади, холос.
Энди бир ўйлаб кўрайлик. Хўш, журналист нега гап тегиб қолишидан ҳадиксираб яшаши керак? Айтаётган гапи ҳақиқат бўлса, чиндан ҳам ўша муаммодан кимлардир азият чекаётган бўлса, нега у ҳақ сўзни айтишдан тилини тийиши ёки кимнингдир қош-қовоғига қараши керак?
Шунча ҳимояга эга бўлиб, шахсан давлат раҳбарининг ўзи ижодкорларни қўллаб-қувватлаб турган экан, нега журналист иккиюзламачилик қилиши, ҳақиқатдан кўз юмиши керак?
Борди-ю, ижодкор ҳамма кўриб, билиб турган нарсани қаламга олишни матлабига айлантириб олган бўлса, унинг қулоғи тинч, боши ташвишдан холи бўлади-ю, аммо энди у журналист бўлмай қолади. Халқ унинг ёзганларини ўқимайди. Муносабат билдирмайди. Номи ғариб маддоҳ сифатида газетанинг сарғайган саҳифаларида қолади, холос.
Ёзиш қўлидан келса-ю, гап тегиб қолишидан ҳадиксираса, аниқроғи, қўрқса, бундай одам худдики сувга тушиб нариги соҳилга ўтиш истагидаги, аммо усти-боши ҳўл бўлишидан қўрққан одам каби кулгили ва айни пайтда аянчли бир ҳолатни эсга солади.
Яқинда бир ҳамкасбим “энди буёғи байрамлар яқин, газетада танқидий мақолаларни камроқ бериш керак”, қабилида фикр билдирди. Демак, байрам бўлса, танқидий мақола ёзмаслик керак экан. Ғалати фалсафа. Мени юқоридаги фикрларни ёзишга ҳам айнан шу нарса ундади.
Тўғри, унинг фикрида ҳам жон бордай. Тўй ва байрамлар яхши кайфиятда нишонланади. Энди ўйлаб кўрадиган асосий бир масала бор: хўш, олдинда байрамлар яқин деб, муаммою камчиликларга кўз юмиб, уларни ўтказиб юбориш, байрам ўтгач, йиринг боғлаган ярани яна тирнаб ётганимиз яхшими ёки байрамгача уларни бартараф қилиб, яхши кайфиятда, кўнгилга хурсандчилик сиғадиган ҳолатда турганимиз беҳроқми?
Ҳеч ким байрам яқин деб ўз ишини ташлаб қўймагани сингари журналист ҳам виждонан иш тутгани яхшими ёки иккиюзламачилик қилиб, айрим нарсаларга кўз юмгани маъқулми?
Б.ЎКТАМ