Спиртли ичимлик нафақат инсон саломатлигига зарар етказади, балки у туфайли кўплаб жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар содир бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, мастлар бор даврада бирор кўнгилсизлик, келишмоқчилик, ҳечқурса гап талашиш албатта юз беради. Бу гал пичоқбозлик бўлди.
Шу йилнинг 23 июль куни Бешкент шаҳри Алишер Навоий маҳалласида яшовчи С.Р.нинг уйига соат 18:00 ларда ҳамшаҳри, Ўзбекистон Мустақиллиги маҳалласида яшовчи таниши Қ.Ш. келди ва улар карантин қоидаларини унутиб, улфатчиликни бошлашди.
Бироздан кейин уларнинг даврасига туманнинг Қуйи Бешкент маҳалласида яшовчи Р.Ҳ. келиб қўшилди.
Боя айтганимиздек, давра “қизиб”, эски гиналар эсга олина бошлади, шунинг ортидан тортишув келиб чиқди. Натижада Х.Р. уй эгаси С.Р.нинг бўйнига пичоқ санчиб, қўл ва оёқларига ҳам тан жароҳати етказди. Натижада С.Р. шифохонага ётқизилди.
Вилоят ички ишлар бошқармасидан хабар беришларича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ