Маҳалла инфратузилмаси
2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастури доирасида келгуси йилнинг охиригача вилоятимиздаги 511 та маҳаллада 621 та объектда 528,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилади.
Бу борада амалга ошириладиган тадбирларнинг йиғма параметрлари давлатимиз раҳбарининг "2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган. Жорий йил 25 октябрда қабул қилинган мазкур ҳужжат республика ҳудудларини обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаб, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган.
Вилоятимизда мазкур дастур бўйича ҳолати яхшиланадиган объектларнинг энг кўпи ички йўллардир, бу соҳада 301 та объектга 313,7 миллиард сўм йўналтирилади. Айни пайтда ичимлик суви таъминоти соҳасида умумий қиймати 140,2 миллиард сўмга тенг 148 та, электр энергияси таъминотида 12,4 миллиард сўмлик 48 та, газ таъминотида 0,9 миллиард сўмлик 8 та, оқова сув таъминотида 1 милиард сўмлик 3 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурига Қашқадарёнинг шаҳар ва туманлари маҳаллаларидаги умумтаълим мактаблари (2,3 миллиард сўмлик 9 та объект), мактабгача таълим ташкилотлари (4,2 миллиард сўмлик 3 та объект), спорт иншоотлари (3 миллиард сўмлик 2 та объект) ва умумий қиймати 50,9 миллиард сўмлик яна 99 та бошқа объект киритилган. 2022 йил учун молиялаштириш ҳажми 202,6 миллиард сўмни ташкил қилади.
Қарор билан ўрнатилган тартибга биноан, дастур доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" жамғармалари орқали молиялаштирилади. Бунда, маблағлар республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга бюджетлараро трансфертлар сифатида ажратилади. 2022 йилда ажратилиб, йил якунига қадар ўзлаштирилмасдан қолган маблағлар Давлат бюджетига қайтарилмайди ва келгусида йил дастурида назарда тутилган объектларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаш учун мақсадли йўналтирилади. Ажратилган маблағлар лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан аниқланган ишлар ҳажмини молиялаштиришга етишмаган тақдирда, қўшимча харажатлар вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади. Молиялаштириш учун қурилиш-таъмирлаш ишларининг манзилли рўйхати вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланади.
Ўз мухбиримиз