Бироқ кейинги пайтларда тобора кучайиб бораётган халқаро терроризм, экстремизм, диний қарама-қаршиликлар бутун инсониятни қаттиқ хавотирга солмоқда. Турли диний-экстремистик оқимларнинг ислом динини ниқоб қилиб амалга ошираётган хунрезликлари оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ кишилар бевақт оламдан ўтаяпти, шаҳару қишлоқлар вайрон бўлаяпти. Бу ҳол барча тинчликсевар халқларни бирдек ташвишга солмоқда. Мана шундай таҳликали вазиятда муқаддас динимизнинг софлигини асраш, унинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини ёшларимиз қалбига бор бўйича сингдириш, келажагимиз ворисларини баркамол қилиб тарбиялаш, ҳар қадамда огоҳ ва ҳушёр бўлишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев шу ҳақда гапириб, дин пешволари зиммасига ёшларимиз тарбияси билан боғлиқ муҳим вазифаларни қўйдилар.
Ўзбекистон - буюк алломалар етишиб чиққан юрт. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ўтказилган ушбу анжуманда муҳтарам Юртбошимиз халқимиз бугун буюк ўтмишимиз, забардаст алломаларимиз билан қуруқ фахрланибгина қолмай, уларга муносиб ворис бўлмоғи зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу сабабли, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида ҳадисшунослик, Фарғонада фиқҳшунослик ва Қашқадарёда ақида мактабларини очиш борасида хайрли ва эзгу ишларни амалга ошириш таклифи берилгани биз имом-хатибларни бениҳоя қувонтирди.
Шунингдек, бу борада воҳамизда яшаб ўтган калом илмининг султони, ўз замонасининг забардаст олими Абу-л-Муъин ан-Насафий ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш, у киши қўним топган муборак масканни обод этиш, мазкур зиёратгоҳ қошида кутубхона ташкил этиш, ул зотнинг бизгача етиб келган асарларини таржима қилиб, халққа, хусусан, ёшларга етказиш ҳақида алоҳида кўрсатма бердилар.
Зиёратгоҳнинг қайта таъмирланиши буюк алломага бўлган юксак эҳтиромни ифода этиб, у ерда ташкил қилинадиган кутубхона аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш истагида бўлган юртдошларимиз учун қулай даргоҳ бўлишини ҳам алоҳида таъкидладилар.
“Табсират ал-адилла” (“Далиллар баёни”) асари Имом Абу-л-Муъин ан-Насафийнинг энг йирик асари ҳисобланади. Унда калом илмининг турли масалалари атрофлича шарҳланиб, улардаги муаммоли-мунозарали фикрлар ушбу илмнинг буюк алломаси Абу Мансур ал-Мотуридий таълимотига асосланган ҳолда баён қилинади. Унда Насафий яшаган даврда ҳам қисман мавжуд бўлган муътазила оқимининг хато қарашларига далиллар билан исботланган раддиялар келтирилади. Шунингдек, асарда ўша пайтда тарқалган турли-туман фирқалар ва тоифалар ҳамда ғайриисломий гуруҳларга ҳам асосли жавоблар берилади. Бу манбанинг қимматли томонларидан яна бири шундаки, унда ўша даврда Мовароуннаҳрда фаолият кўрсатган қатор олимлар ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган.
Алломанинг яна бир асари “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд” (“Тавҳид қоидаларини ўрганишга кириш”) ҳам эътиборга молик. Китобда муаллиф ҳидоят йўлидан адашган баъзи исломий фирқа ва гуруҳлар (масалан, жабария, хаворижлар, муътазилия)га асосли раддиялар беради.
Бинобарин, бундан қарийб ўн аср муқаддам яшаган буюк ватандошимиз Абу-л-Муъин ан-Насафий қолдирган бой илмий-маънавий мерос нафақат ўз замони учун, балки ҳозирги даврда ҳам амалий аҳамиятга эга бўлиб, ҳар томонлама чуқур ўрганишга лойиқ.
Муҳтарам Президентимиз кўрсатмаларига мувофиқ, Абу-л-Муъин ан-Насафий ҳазратларининг “Табсират ал-адилла”, “Ат-тамҳийд ли-қавоид ат-тавҳийд” номли асарлари бугунги кунда мавжуд ёт оқимларга қарши курашда ва уларнинг сохта даъволарига раддия беришда улкан аҳамият касб этиши инобатга олиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан таржима қилиниб, китобларни нашрга тайёрлаш ишлари янада жадал олиб бориладиган бўлди. Бу асарлар барчамизни, айниқса, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан асраш, авайлаш, уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб етишишига ҳамда муқаддас динимизнинг софлигини асрашда дастуриламал бўлиши шубҳасиз.
Шунингдек, мазкур анжуманда муҳтарам Юртбошимиз диний ходимларга улкан ишонч билдириб, уларга аниқ мақсадли кўрсатма ва топшириқларини берди. Жумладан, ҳар бир диний ходим жойлардаги жамоат ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб бориши, аҳоли билан бевосита суҳбатлашиб, уларнинг мавжуд муаммолари ечимини топишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши, жойлардаги турли ёт оқимлар таъсиридан ёшларни асраш, уларга муқаддас соф динимизни етказиш, турли ёт оқимларга адашиб кириб қолганлар ва уларнинг оила аъзолари билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, ҳақиқатдан ҳам қилган ишидан пушаймон бўлганларини рўйхатдан чиқариш бўйича таклифлар бериш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, барча диний ходимлар жойлардаги оилаларнинг ажрими ва ўзаро келишмовчиликларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, дарсларга бефарқ ёшларни илм олишга тарғиб этиш, уларнинг давоматини яхшилаш бўйича мунтазам профилактик суҳбатларни олиб боришга масъул эканликлари таъкидланди. Бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, мазкур тадбирларда барча имом-хатиблар бирдек фаол иштирок этишлари лозимлиги уқтирилди.
Шундай эркин замонда, жаннатмонанд диёрда яшашдек улуғ бир неъматдан баҳраманд бўлиб, озод ва обод ватанда бахт-саодат нашидасини сураётган халқимиз муҳтарам Юртбошимизнинг хайрли ишларидан ниҳоятда мамнун. Бундай эзгу ишлар натижасини амалда кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Юртбошимизнинг анжуман доирасида диний ходимларга берган топшириқлари барчамизнинг зиммамизга шарафли ва масъулиятли вазифа юклайди. Шу вазифаларни ўз вақтида масъулият билан бажариш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини яхши ҳис қилиб турибмиз. Бу саъй-ҳаракатлар юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини оширишга, тинчлик-хотиржамликни сақлашга, фарзандларимизни баркамол қилиб тарбиялашга қаратилган. Бу биздан янада масъулиятли бўлишни талаб этади.
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби