Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

01.05.2017


ҲИКМАТЛАР ОЛАМИ

Абдишукур Омоновнинг ёзувчи сифатида ўзига хослиги шундаки, ижоди асосини фақат бир, нари борса икки ёки уч гапдан иборат ҳикматлар ташкил этади. Муаллифнинг ўзи уларни ҳаёт кузатувларидан олган таассуротлари, хулосалари ёки шунчаки қайдлар деб атайди. Аслида оддийгина ана шу қайдлар замирида  баъзан бутун бошли ҳикоя ёки қиссадан келиб чиқадиган хулоса яшириниб ётган бўлади.

“Ҳар сафар қўлимга қалам олганимда оғир юк, юксак масъулият ҳисси қалбимни ўртай бошлайди. Рост, ҳақ ва дилдаги гапни ёза оламанми, деган савол қийнайди. Шундай саволлар оғушида битикларни давом эттирамиз, азиз биродарим, фикрдош дўстим”, деб бошлайди муаллиф шу йил “Насаф” нашриёти томонидан чоп этилган навбатдаги йигирма иккинчи китобини. Аслини олганда, янги асарини китобхон ҳукмига ҳавола этаётган ҳар қандай ижодкорда бундай кечинмалар бўлиши табиий. Аммо Абдишукур Омоновнинг мухлислари кўп, уларнинг аксарияти газеталардан энг аввало унинг исм-шарифини излашади, қайдларини қидириб ўқишади.

Дарвоқе, юқорида айтганимиздай, Абдишукур Омоновнинг жажжи-жажжи афоризмлари жамланган мўъжазгина китобчалари сони йигирма иккитага етибди. Гап сонда эмас, муҳими, у китобларида ўзини такрорламасликка, ҳар гал оҳори тўкилмаган янги фикрларни ўқувчиси ҳукмига ҳавола этишга интилади.

Муаллифнинг ёзганларини ўқир экансиз, битикларида шарқона фалсафа, теранлик, мухтасарлик мужассамлашганига гувоҳ бўласиз. Мавзулар ҳам ранг-баранг: китоб ва адабиёт, мансаб ва мартаба, маънавият ва маърифат, бойлик ва одамгарчилик, ёшлик ва кексалик, камтарлик ва манманлик. Ўзи таъкидлаганидай, кўрган-кечирганларидан олган таассуротлари, хулосалари ҳикматларда ўзини кўрсатиб туради. Айрим битикларида коса тагида нимкоса бор, муаллиф айтмоқчи бўлган фикрини пардалаб берса-да, нима демоқчи эканини зукко китобхон зумда илғаб олади.

“Айрим тадбиркорлар Аллоҳдан кўра солиқчию назоратчидан кўпроқ қўрқади”, “Мағлуб бўлган ва кексайган шерлар ўрмонни тарк этмоғи керак”, “Тилдан кўра кўз ростгўйдир”, “Бемаъни китобларни ўқиш умуман китоб ўқимасликдан зарарлидир”, “Аксарият амалдорлар дор устидаги дорбозларга ўхшайдилар”, “Денгизга чўкиб ўлганлардан кўра шаробга ғарқ бўлиб ўлганлар кўп”, “Қоғозга ўралган чиройли ёлғондан кўра яланғоч ростни эшитиш фойдалидир”, “Моддий бойликдан кўра маънавий бойлик одамни манман қилмайди ва ёрмайди”...

Юқорида Абдишукур аканинг битикларидан мисоллар келтирдик. Кўриниб турибдики, уларда фикр, киноя, хулоса бир-бири билан қоришиб кетган ва муҳими, инсон кўзгуга қарагани каби бир зум ўзига қараб қўяди. Бир зум битиклар ортидаги  фикрни таҳлил қилиб, ўзича хулоса чиқаради.

Абдишукур ака ҳикматларидаги яна бир ўзига хослик - баъзида фикрини “Бобом деди...”, “Момом айтди...”, Аллома деди...” каби сўзлар билан бошлайди. Жумладан, “Аҳмоқ эр ва ёмон хотин бир-бирининг кушандаси”, “Яхши хотин ҳеч қачон эри ҳақида ёмон гап айтмайди”, “Ҳаёту рўзғорнинг ташвишларини аёлига юклаб қўйган эркакни эр дема”, ”Кексаликдаги муҳаббат иллатга айланади” ва ҳоказо битиклари ана шундай бошланган.

Элимизда қари билганни пари билмас, қариси бор уйнинг париси бор, деган ҳикматлар юради. Негаки кексаликда тафаккур теранлашиб, ақл чархланади, ҳаёт тажрибаси мукаммаллашади. Абдишукур Омонов айрим битикларини юқоридаги қайдлар билан бошлаши айнан халқимиз табиатига, қадриятларига мос келади, фикрнинг таъсир кучини ошириб, ранг-барангликни таъминлайди, шу орқали инсон ҳаётининг асл мазмуни нимадан иборат эканига ишора беради.

Тарбия сўзини эшитганда, кўз ўнгимизда ёш болалар гавдаланади. Аслида инсон умр бўйи тарбияга муҳтож. Табиатидаги иллатлардан, ҳаёти давомида пайдо бўлган қусурлардан халос бўлиш, ўзини ўнглаб ва англаб олиш учун ҳам  туртки керак.

Менимча, Абдушукур Омоновнинг “Ҳаёт кузатувларидан қайдлар”и ҳам шу маънода ўзини англаш мактаби, бошқача айтганда, инсоннинг феъл-атворига тутилган ойнадир.

 Лола ЎРОҚОВА, Китоб тумани

Report typo