Ўзбек китобхони истиқлол тонги отгандан сўнггина жаҳон адабиётининг Жеймс Жойс, Рюноскэ Акутагава, Борхес, Хулио Кортасар, Габриэль Гарсиа Маркес, Карен Бликсен, Дино Буццати, Херман Хессе, Франц Кафка, Ясунари Кавабата, Карлос Фуэнтес, Уильям Фолкнер сингари ўнлаб забардаст устунлари ижоди тимсолида кичик жанрнинг гўзал ва жозибадор қирралари билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Гапнинг очиғи, аксаримиз ҳикояни шунчаки вақт ўтказиш учун ўқишга ва залворли якун кутмасликка одатланганмиз. Аслида эса бундай қараш ноўрин, у ўз елкасида шунчалик оғир юкни ортмоқлаб юрадики, айрим қисқа ҳикояларга жо этилган воқеа залворини йирик романлардан ҳам топмаслигингиз мумкин. Ҳикоя бадиий адабиётнинг бошқа жанрларидан нафақат сиқиқлиги, балки шу ихчамликка қарамасдан, олинган воқеа яхлит баён этилиши билан фарқланади. Бир сўз билан айтганда, ҳикоя инсон онгига бир зарб билан жойланадиган гўзал шаклга эга адабий ҳодисадир. Шу боис унга енгил мутолаа жанри деб қараган киши хато қилади.
Улуғ адабиётшунослардан бири "Агар Жеймс Жойс "Улисс" романини ёзмаганида ҳам "Дублинликлар" кичик ҳикоялар тўплами билан адабиёт оламида яшаб қолиши шубҳасиз" эканлиги ҳақида башорат қилганида нақадар ҳақ эканлиги китобга кирган "кичик мўъжиза"ларда ирланд ҳаёти ҳақиқатлари теран ифода этилгани билан исбот талаб этмайдиган аксиома бўлиб қолаверади.
2
Яқинда уругвайлик адиб Марио Бенедетти қаламига мансуб "Яшил пиёла" ҳикоясини катта ҳайрат билан мутолаа қилдим. Бор-йўғи икки-уч саҳифалик ҳикояда бошқа қатор персонажлар номи хотиралар тимсолида тилга олиниб ўтган бўлса-да, воқеа иштирокчиси уч киши. Хонада кўзи ожиз эр, хотини ва укаси ўтиришибди. Хотин қаҳва қайнатган. Қаҳва пиёлалари олти дона, уни Марианага дугонаси совға қилган, иккитаси қизил, иккитаси қора, иккитаси яшил. Тақсимчалар ҳам айни шу тартибдаги рангда. Мариана ўзидек унча истараси иссиқ бўлмаган қизга уйлангани учун навқирон Хосе Клаудиодан миннатдор эди, тақдир зарбаси туфайли Хосе Клаудио кўриш бахтидан мосуво бўлганидан кейин Мариана турган-битгани ташвишга айланиб қолган эридан ҳам шундай миннатдорлик аломатларини кутган эди. Аммо Хосе Клаудио хотин кишидан мадад кутишни ўзига ор деб билдими, Марианага бефарқлигича қолаверди. Мариана эридан топмаган ғамхўрликни қайнисидан топди. Ва улар ўртасида ўзаро ҳурматдан ўзгача муносабат шаклланди. Ҳатто иккиси кўр ака ҳузурида ҳам бир-бирини очиқча эркалайдиган даражага етишди. Уларнинг бу хатти-ҳаракатини барибир кўр эр сезмаслиги тайин. Бироқ...
Ҳикоя ниҳоясидаги воқеа ҳар қандай кишини ҳайратдан лол қолдиради. Мариана ҳеч кимга икки кун кетма-кет бир хил рангдаги пиёлада қаҳва бермасди. Бугун Хосе Клаудио яшил, Алберто қора, ўзи эса қизғиш пиёлада қаҳва ичиши керак.
"У яшил пиёлани олиб, эрига узатиш учун тараддудланди. Аммо узатолмади. Энди яшил пиёлани қўлига олган ҳам эдики, эрининг беўхшов илжайганига кўзи тушди. Сўнгра эри бошини оҳиста чайқаб:
- Йўқ, азизим, - деди. - Бугун қаҳвани қизил пиёлада ичсам дейман"...
Қизиқ, наҳот эр хотинини синовдан ўтказиш учун шунча йиллар ўзини кўр киши ролини ўйнашга мажбур қилган бўлса? Йўқ. Бундай бўлиши мумкин эмас, негаки мутолаа давомида Хосе Клаудио кўр эканлиги атрофлича исботлаб берилганига шоҳид бўласиз. Аксинча, агар у кўр бўлса, хотини узатмоқчи бўлган пиёла рангини қандай ажрим эта олди? Хулосани ҳар бир ўқувчининг ўзи белгилаб олади...
3
Аргентиналик наср устаси Хулио Кортасар қаламига мансуб "Беморларнинг саломатлиги" деб номланган ҳикоя ҳам сюжет тузилиши жиҳатидан юқорида сўз юритилган ҳикояга қараганда мураккаброқ. Кортасар ижоди билан танишар экансан, кутилмаган таассуротлар, сюжет товланишларидан ақлинг шошади, одамлар ўртасидаги муносабатлар, умуман, инсон аталмиш буюк хилқат ботиний турланишларидан лол қоласан. Кўпинча ҳикоя сен кутмаган томонга шундай бурилиб кетадики, асар муқаддимасидаги фикрларинг қанчалик юзаки эканини англаб, ҳаёт тилсимлари, одамият аталмиш мавжудот сирли оламига чуқур кириб бораётганингни англамай қоласан. Шу ўринда испан адиби Мигель Эрраэснинг Хулио Кортасар ижодига бағишланган "Ҳодисаларнинг бошқа хусусияти" китобидаги: "Кортасар ижоди менинг олам ҳақидаги тасаввурларимни ўзгартириб юборди. Унинг китобларини ўқиб, савиям ошди, билим доирам кенгайди, эҳтимолдан йироқ бўлмаган ўзга воқеликни инкишоф этди", деган эътирофи теран мазмундорлиги билан бу "кичик жанр" йирик намояндаси яратиқлари олдида ҳайратдан донг қотишдан ўзга чора тополмайсан.
Ҳикоя, айтиш мумкинки, жуда оддий воқеа асосида қурилган. Алехандро деган йигит ишлаш учун чет элга кетган, у онасининг эрка ўғли. Катта хонадон соҳибаси оғир бемор. Ўғил онанинг ҳолати ҳақида хабар топганидан сўнг уйга қайтишга қарор қилади. Аммо минг таассуфки, уйга қайтиб келаётганда автоҳалокатга учраб, вафот этади. Табиийки, оғир хасталик тўшагида ётган онага бу ҳалокат ҳақида на оила аъзолари, на таниш-билишлар бирон оғиз сўз айтишолмайди. Касалманд она ҳам етарли даражада куюнчак, у ўз соғлиғидан кўра оила аъзолари ҳақида кўпроқ қайғуради.
Алехандронинг фожиали ўлими тўғрисида хабар келган кундан бошлаб хонадонда ёлғон-яшиқлардан иборат тизим ишга тушади. Табиатан диёнатли одамлар шу кундан бошлаб онанинг фалокатдан хабар топмаслиги учун ёлғон тўқиш ҳаракатида бўлади. Бу бир-бирини алдаш ўйинида кекса Клелия хола ҳам, Алехандронинг унашиб қўйилган қизи Мария Лаура ҳам, жиянлар ва укаси жонбозлик кўрсатаверади. Ҳаттоки Клелия хола инсульт олиб, тилдан қолиб ётиб қолганида ҳам томошада иштирок этаверади. Оила даврасида "Алехандро"дан ҳар ойда икки маротаба келиб турган мактубларни овоз чиқариб ўқиш маросимлари, унга онаси ёзган жавоб мактубини жўнатиш ташвишлари ростакамига рўй берадики, китобхон кимга ачиниш кераклигини билмай талмовсираб қолади.
Воқеалар ривожи шу даражага етадики, бемор она ўғлининг "ҳеч бўлмаса уч кунга келиб кетишини" илтижо этади, шунда ўта вазмин Роке тоға "Аргентина билан Бразилия ҳукумати тескари бўлиб, чегаралар ёпилганлиги" тўғрисидаги важ-корсонни ихтиро қилади.
Интиҳода шу нарса аён бўладики, бемор она ҳаммасини сезиб туради, ҳатто ўғлининг вафот этганини ҳам, аммо у бу машъум хабар болалари, укаси, синглисига аён бўлмаслиги учун уларнинг ёлғон-яшиқларини рост ўрнида кўриб, ўзича аянчли воқеани сир тутишга интилади. Яқинларнинг бир-бирини аяши, ўзаро меҳр-оқибати, оғир синовлардан мардона туриб ўтиши асарни мутолаа қилган ўқувчида инсон зоти ва унинг ботиний дунёси эмранишлари ҳақида талайгина янги таассуротлар уйғотади.
Умуман, ҳикоя жанри, унинг имкониятлари юқорида мисол келтирилган асарлар тимсолида шу даражада юксаладики, беихтиёр Роберт Арльтнинг "Роман очколар билан ютса, ҳикоя нокаутлар билан ғолиб келади", деган таърифи мағзига етгандек бўласиз.
Абдунаби АБДИЕВ,
Миришкор туманидаги 22-мактаб директори