Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ХУРШИДА

21.11.2017


ИЛК “НОБЕЛЬ”ЧИ АДИБА

ЭРТАКНАМО БОЛАЛИК

Сельма Лагерлёф Вермланд деган хушманзара жойда истеъфодаги ҳарбий ва ўқитувчи оиласида дунёга келган. Шу қишлоқда табиат билан мустаҳкам боғлиқ ҳолда ўсган қизалоқнинг юрагида болалигиданоқ халқ ҳаётига муҳаббат уйғонди. Сельманинг шаклланишида момоси ва холасининг таъсири айниқса катта бўлди. Улар қизалоқнинг кўз ўнгида швед халқ оғзаки ижоди дунёсини очиб бердилар ва унинг бадиий дидини шакллантирдилар. Боз устига, бу тақдир иродаси эди: Сельма 3 ёшга кирганида фалаж бўлиб қолади. Қизча бир неча йилни тўшакка михланиб ўтказади, сўнг соғайиб кетади. Хасталик чоғларида бувиси Сельма учун оламга очилган дераза каби эди. Қизча гўзал хонимлар, Вермланд кавалерлари, кўҳна қўрғонларда яшайдиган алвастилар ҳақидаги ривоятларни илк бор ундан эшитди. “Эсимда, момом эртадан кечгача биз билан бўлар, тинмай эртак айтиб берарди. Биз болалар эса жимгина бир-биримизга тиқилиб олганча уни тинглардик. Ҳаёт шундай ажойиб эди. Бизникига ўхшаган болалик ҳеч кимда бўлмаса керак”, дея эслаганди адиба. Лагерлёф асарларидаги ҳамма сеҳргарлик, ранг-баранглик ва фантазия қудратининг илдизи айни шу ерда – унинг эртакнамо болалигида.

МУАЛЛИМА

Сельма 7 ёшидаёқ ёзувчи бўлишни орзу қиларди. У бир куни Стокгольмдаги ҳарбий парадни томоша қила туриб, қирол саройи деразаларини санашга тушганини ҳикоя қилиб берганди, ўшанда қачондир шу қаср ҳақида роман ёзишини ва деразалар ортидаги воқеаларни жонлантиришини тасаввур қилган экан.

Болалигида Сельма ўзини илк марта адабиётда синаб кўрди. У шеърлар, балладалар, сонетлар, кичик-кичик эртак-пьесалар ёзарди. Кейинчалик адабиётга қобилиятни ҳаётидаги энг улкан бахт деб билади. Бироқ Лагерлёф ўзини батамом адабиётга бахшида этиши учун бироз вақт ўтиши лозим эди. Кун кечириш учун бирор ишнинг бошини тутиш зарур бўлиб, Сельма ўқитувчилар семинариясига ўқишга киради. Уни тамомлагач, Ландскрун деган кичкина шаҳарчага кўчиб ўтади ва қизлар мактабида ўқитувчилик қилади. Лагерлёфнинг тан олишича, шу йиллар давомида у ёзишни ташламайди. Тез орада болалигидаги ривоятлар оламидан илҳомланган ҳолда “Йёст Берлинг ҳақида сага” деб номланган илк романи устида иш бошлайди.

ЯНГИ ХАЁЛПАРАСТ

Сельма Лагерлёф адабиётга реализм ҳукмронлик қилаётган даврда кириб келди ва шу йўналиш намояндаларининг таъсирида бўлди. Аммо у ўз овозини фантазия ва тасаввур йўлида топди. Адиба томонидан танланган манба – халқ ривоят ва афсоналари уни реалистик адабиётда қабул қилинган ҳикоя услубини эркинлаштиришга туртки берарди. Шунинг учун ҳам унинг илк романи “Йёсте Берлинг ҳақида сага” неоромантизм услубида ёзилган бўлиб, бу услуб Швецияда XIX аср охирларида намоён бўла бошлаганди. Роман ўзида Вермланд халқ ривояту афсоналарини жамлаган бўлиб, унда воқелик ва уйдирма ажратиб бўлмайдиган даражада уйқашиб кетганди. Бу магик реализмнинг бир кўриниши ҳам эди. Лагерлёф ўзининг қадрдон Вермландига хос ҳаётнинг реал манзараларини чуқур ва равшан акс эттиради. Аммо бу ҳаётийликни табиийликдан ташқари нарсалар билан худди одатий ҳолдек талқин этиб, ривоят-афсоналарга хос сеҳргарлик унсурлари билан тўлдиради. Мамлакат тобора янги капиталистик рельсга тушиб бораётган бир даврда Лагерлёф ўз китобида қадимий, марҳаматли ва патриархал Швециянинг, ҳеч бўлмаганда, бир бўлагини тасвирлаш, сақлаб қолишга уринди.

“Йёст Берлинг ҳақида сага” романи адиба тақдирида катта бурилиш ясади. Ундан бобларни Сельма 1890 йилда “Идун” газетаси томонидан эълон қилинган танловга юборади. Танловдаги ғолиблик унга романни тугаллашда ёрдам беради ва 1891 йилда асар китоб ҳолида чоп этилади. Роман таниқли даниялик танқидчи Георг Брандес назарига тушгач, Сельма Лагерлёф номи машҳур бўлиб кетади.

У ҳақиқий ёзувчи бўлиб етишганди. Лагерлёфнинг кейинги аксарият асарлари ҳам фольклор мотивларига асосланган, аммо “Йёст Берлинг ҳақида сага” романи яна узоқ вақтгача унинг ижодидаги энг оммабоп ва ўқишли асар бўлиб қолди.

НИЛЬС ЁВВОЙИ ҒОЗЛАР БИЛАН

1906 йилда “Митти Нильснинг ғозлар билан қилган ажойибу ғаройиб саёҳатлари” асари нашр этилиши билан ҳаммаси ўзгарди. Китоб тезда Скандинавияда машҳур бўлиб кетди, ўнлаб тилларга таржима қилинди ва Лагерлёфни бутун дунёга танитди. Шуниси қизиқки, аввал-бошида “Нильснинг саёҳатлари” одатий асар эмас, балки география дарслиги сифатида яратилган. Бу пайтда Швеция янги демократик педагогика ғояларини тезлик билан ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ этаётганди. Халқ мактабларидаги Ўқитувчилар умумий иттифоқи раҳбарияти дарсликлар нафақат билим бериш учун осон бўлмоғи, балки қизиқ ҳам бўлиши керак, деган фикрга келади.  Шунга кўра, география дарслигининг тажриба нусхасини яратиш таклиф қилинади, бунда олимлар ёзувчилар билан биргаликда иш олиб бориш лозим эди. Ижодкорлар орасидан Сельма Лагерлёф танланади, чунки уни “Йёст Берлинг ҳақида сага” асари туфайли яхши билишарди. Тўғри, Сельма ҳаммуаллифликда ишлаш таклифини рад этади ва китобни тўлиғича бир ўзи ёзишга қарор қилади. Ишга киришишдан олдин ёзувчи Швеция бўйлаб саёҳатга чиқади, сафар давомида китоби учун маълумотлар тўплайди. Шаклий ечимни эса у кейинроқ Киплинг асарларидаги гапирувчи жониворлар, Август Стриндбергнинг “Бахтиёр Пер саргузаштлари” қиссаси ва Рихард Густафсоннинг “Номаълум жаннат” эртагидан (бу асардаги бола ҳам худди Нильс каби мамлакат бўйлаб қушлар билан бирга учади) топади. Халқ афсона ва ривоятлари асосига қурилган эртакнамо-фантастик фабула Лагерлёф Швециянинг турли жойлари географияси ва табиатига оид маълумотларни бир бутун асарга жамлаш учун ёрдам берар, асар худди ўқув дарслиги эмас, балки қизиқарли саёҳат каби таъсир қиларди. Асар китобхонлар томонидан аъло даражада кутиб олинади ва тез орада Швециядагина эмас, балки бутун дунёда машҳур бўлиб кетади. Шу билан бирга, китоб баҳсларга ҳам сабаб бўлади. Баъзи танқидчилар “Нильснинг саёҳатлари”ни “педагогикада инқилоб” деб атаган бўлса, бошқалари адиба айрим илмий фактларга рисоладагидай ёндашмаганини айтган. “Смолонд ватанпарварлари” дейилган гуруҳ аъзолари эса асардан “Смолонд ҳақида эртак” деган қисм олиб ташланмас экан, бу китобни бутунлай тақиқлашни талаб этишади. Гуруҳдагилар Лагерлёф улар яшайдиган ҳудудни қашшоқ бир жой сифатида тасвирлаб, адолатсизлик қилган, деб ҳисоблаганлар.

МИЛЛАТ ҒУРУРИ

XX аср бошларида Сельма Лагерлёф таниқли ёзувчи бўлиб шуҳрат қозонганди. Нильс ҳақидаги китоб уни Швециядаги энг ҳурматли аёллардан бирига айлантирди. 1907 йилда у Уппсала университетининг фахрий доктори деб эълон қилинади ва орадан бир йил ўтгач, ёзувчининг 50 ёшлик юбилейи салкам миллий байрам сифатида нишонланади. 1909 йилда Лагерлёф адабиёт йўналишида Нобель мукофотини қўлга киритган дунёдаги илк аёл бўлди. Бу ғалаба нафақат адиба учун рамзий бир ютуқ, балки унинг ўзи туғилган мулк – Морбаккуни сотиб олишига ҳам имкон берди, ушбу мулк отасининг ўлимидан кейин қарз туфайли сотиб юборилганди. Шу йилларда Лагерлёф Швециянинг энг нуфузли жамоат арбобларидан саналган. У чинакам инсонпарвар эди, демократик ва пацифистик қарашларни қўллаб-қувватлар, аёллар ҳуқуқлари учун курашар, Иккинчи жаҳон уруши арафасида эса немис маданият арбобларига нацистлар таъқибидан қочишлари учун кўмаклашганди. Масалан, немис шоираси Нелли Закс Сельмaнинг шарофати билан виза олган. Совет-фин уруши даврида адиба ўзининг Нобель мукофоти медалини Финляндия учун ёрдам жамғармасига топширган. Фин ҳукумати бу ҳаракатдан қаттиқ таъсирланади, аммо медални қайтаради. Ҳаётлик пайтидаёқ Сельма Лагерлёф Швециянинг миллий фахри ва афсонасига айланиб улгурганди. 1991 йилда унинг сурати 20 швед кронаси банкнотида пайдо бўлди. Ёзувчи швед банкнотида тасвирланган илк аёл ҳамдир.

Машҳурлик ва обрў-эътиборга эришган Лагерлёф Швеция жамоатчилиги  ҳаётида фаол иштирок этган. 1911 йилда у Стокгольмда ўтказилган дунё хотин-қизлари Конгрессида иштирок этиб, аёлларни ўз ҳуқуқлари учун курашишга ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишга чақиради. Лагерлёф швед аёлларининг сайлаш ҳуқуқи учун курашига катта ҳисса қўшган. У ўз мисолида мамлакат ҳаётида аёлларнинг қанчалик муҳим аҳамияти борлигини кўрсатиб бера олганди. Сельма Лагерлёф нафақат Нобель мукофоти соҳибаси бўлди, балки 1914 йилда Швеция академиясига қабул қилинган илк аёл сифатида ҳам тарихда қолди.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

Report typo