Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

16.10.2020


Тиббиёт бирлашмасига ишга жойлашиш нархи қанча?

 Жиноят жазосиз қолмайди

Эътибор берган бўлсангиз, кейинги вақтларда фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар асосан ишга жойлаштириб қўйиш билан боғлиқ ҳолда кечаяпти. Мазкур ҳолатга доимий иш билан банд бўлмаганлар сони кўплиги ва ўз навбатида кўплаб идора, ташкилотларда тамасиз ишга қабул қилмасликлари ҳам сабаб бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Бу эса айрим фирибгарларга анча қўл келиши табиий ҳол аслида.

Мисол учун, Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси физиотерапия бўлими катта ҳамшираси А.Пармонова (мақоладаги шахс ва корхоналар номи ўзгартириб ва қисқартирилган ҳолда берилмоқда) "катта"лар билан гаплашиб, Ш.Абраевани ҳамшира сифатида бирлашмага ишга жойлаштириб қўйишга ваъда беради. Албатта, қуруқ раҳмат эвазига эмас, минг долларга! (Шу ўринда бир савол туғилади: хўш, ҳамшира нимасига ёки кимига ишониб, бунча катта кетиб юборди? У бирлашмада янги ходимга талаб борлигини билиб, шу ишга қўл урдими ё ваъданинг таги пучмиди?)

Ҳамшираликка талабгор эса ҳожатбарорнинг бу иши қонунга зид эканини  англайди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади.

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси, Шаҳрисабз шаҳар бўлими ва шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида 2020 йилнинг 7 октябрь куни Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда катта ҳамшира А.Пармонова 1000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтда ушланади.

Бошқарма катта инспектори Тўлқин Қурбоновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Report typo