Пандемия шароитида кўплаб инсонлар саховат ва кўмак тадбирларида фаол қатнашиб, қийналганларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатаётган бир дамда, кимлардир вазиятдан фақат ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринаётгани ҳам афсуски бор гап.
Аслида қийин дамлар одамнинг асл қиёфасини намоён этаркан. Бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари қаторида дори-дармон нархи сунъий ошиб кетишида ҳам инсоф, виждон, савоб, ҳалол-ҳаром деган тушунчалардан мутлақо йироқ шахслар улуши катта.
Бир ўйлаб кўринг: кимдир ҳаёт учун курашиб ётсаю, беморга нажот берувчи дори нархини осмон баравар кўтариб қўйишса? Пули борга юз-икки юз минг сўмга, балки ундан қимматроққа ҳам дори сотиб олиш оғирлик қилмас, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчиси йўқ, бева-бечоралар, доимий даромад манбаига эга бўлмаган, ногиронлар-чи?! Тақдир тақозоси билан улар ҳам вирусга чалиниб қолса, даволанишда фойда берадиган дори-дармондан фойдалангиси келади ва бунга ҳақли ҳам. Аммо айрим инсофсиз, олғир кимсалар сабаб шифо топиш йўлидаги ҳаракатлар қуйи қатламга мансуб кишилар учун етиб бўлмас маррага айланиб қолади.
Бир неча кун аввал Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида шундай ҳолатга дуч келинди.
Бошқарма катта инспектори Тўлқин Қурбоновнинг маълум қилишича, фуқаролар С.Ф. ва Р.У. ноқонуний равишда мўмай даромад орттириш мақсадида, "Оригинал" супермаркети олдида фуқаро Э.Б.га Covid-19 касаллигига чалинган беморларга қўлланиладиган 2 қути "Remdesivir" дори воситасини қиммат нархларда, яъни ҳар бирини 2 миллион 200 минг сўмдан ҳисоблаб жами 4 миллион 400 минг сўмга сотган вақтда ушланди.
Маълум бўлишича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Айтиш ўринли, бир неча кун аввал Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сўнгги пайтларда Ўзбекистонда вирусга қарши "Remdesivir" дориси ва гриппга қарши "Инфлювак" вакцинаси жиддий тақчиллиги кузатилаётганини маълум қилган эди. Мазкур дори воситаларининг нархи мос равишда 1,8 миллион сўм ва 250 минг сўмгача кўтарилган.
Қайд этилишича, дорихоналар сотилаётган дориларга улар харид қилинадиган улгуржи нархнинг 20 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда устама белгилаши мумкин. Ўз навбатида, улгуржи савдо компаниялари дориларнинг базавий нархи, яъни импорт қилинган ёки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори нархининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда устама белгилаш ҳуқуқига эга.
Агентлик ҳисоб-китобига кўра, "Remdesivir"нинг ўртача чакана нархи 1 миллион 66 минг сўмни ташкил этиши лозим.
НАСРИДДИН