Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

24.01.2017


ҚЎҒИРЧОҚ ТЕАТРИДА ТОМОШАЛАР БОШЛАНДИ

Унда бадиий кенгаш аъзолари, соҳа мутахассислари, ёш томошабинлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Театр – бу катта китоб. Айниқса, қўғирчоқ театри болаларнинг беғубор қалбларида эзгуликни ёвузликдан, яхшиликни ёмонликдан ажрата олиш хислатларини уйғотади, Ватанга бўлган меҳру муҳаббатни янада оширади.

Қандиёр Рустамов асари асосида саҳналаштирилган “Олов” спектаклида Болтавой билан Арравойнинг ношукурлиги ва калтабинлиги натижасида жиловидан чиқиб кетган олов мафтункор табиат ҳамда инсонлар ҳаётига катта зиён-заҳмат етказиши мумкинлиги кўрсатиб берилди. Ўт билан ўйнашиш яхшиликка олиб келмаслиги болажонларни ўзлари учун керакли хулоса чиқаришга ундади.

Муҳаммад Очилов асари асосида саҳналаштирилган “Мақтанчоқ қуёнча” эртак-томошаси ёлғончи ва мақтанчоқ Қуённинг ўз ўрмонидан қувилиши билан бошланади. Бироқ мазкур томоша қаҳрамони бундан тўғри хулоса чиқармайди. Воқеалар ривожи шу тарзда ривожлана боради.

 Спектаклда ёлғон ва мақтанчоқлик ишончни йўқотади, ишончсизлик эса кулфат олиб келади, деган фикр илгари сурилади. Бунда Олмахон билан Тўнғизнинг соддалигию, Қуён томонидан масхара қилинган Бўрининг важоҳати таъсирчан саҳналарда ёш томошабинларга етказиб берилди.

Каромат Дилмонов асари асосида саҳналаштирилган “Дўстлик уйи” спектаклида ҳалол меҳнат ортидан келган роҳат ва бунга фақатгина муштарак мақсад ҳамда олий истак орқали етиш мумкин, деган ғоя мужассам. Эртак-томошада Қуён, Типратикан ва Сичқончанинг ҳамжиҳатликда дўстлик уйини қуриши тасвирланади. Ўз навбатида, бу хатти-ҳаракат салбий қаҳрамон - Чўчқа томонидан кескин қораланади. Бироқ дўстлик уйи қуриб битказилгач, Чўчқада бу уйга эгалик қилиш ҳисси уйғонади. Шу тарзда томошада қарама-қаршилик юзага келади. Чўчқанинг ўзини тутиши, табиийки, ёш томошабинларда ҳам норозилик уйғотади.

Бир сўз билан айтганда, спектаклда ҳамжиҳат ва ҳамкорликда бунёд этилган дўстлик уйини бузиб бўлмаслиги ёш томошабинларга ишонарли тарзда етказиб берилган.

Спектакллар намойишидан сўнг бадиий кенгаш вакиллари, соҳа мутахассислари театр  актёрлари ва саҳналаштирувчи гуруҳ аъзоларига томошалардаги ютуқ ва камчиликлар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Азизбек НОРОВ

Report typo