Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ

27.02.2017


ИРИМ-СИРИМ – БЕМАЪНИ НАРСА

Маълумки, тақдирга имон келтириш динимиз асосларидан бири. Шундай экан, барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билиш ва у Аллоҳнинг хоҳиши билангина етади, деб ишониш энг тўғри йўлдир.

Исломдан илгариги жоҳилият замонида одамлар биpop ишни қилмоқчи бўлсалар, қуш учириб кўрар эдилар. Агар қуш тепага кўтарилиб ўнг томонга учса, хурсанд бўлиб, ўша ишни бошлардилар. Агар қуш чап томонга учса, хафа бўлиб, шумланар ва ўша ишни қилмас эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу эътиқодни рад қилиб, инсонлар шумланаётган нарсалар ҳеч қандай зарар ҳам, манфаат ҳам келтира олмаслигини баён қилдилар. Бу борада Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар: “Касалликнинг юқиши йўқдир, шумланиш йўқдир, руҳларнинг қушга айланиб юриши йўқдир, сафар ойидан шумланиш йўқдир”.

Ҳозирги кунда ҳам кишилар орасида ана шундай нотўғри фикр ва ирим-сиримлар учраб туради. Масалан, йўлда кетаётган одам олдидан қора мушук ўтса, бир фалокат юз беради, деб тушунади. Аср вақтида қичқирган хўрозни ҳам бехосият ҳисоблаб, уни сўйиб юбориш керак, деб ўйлайдилар. Бу каби иллатларни кўплаб санаш мумкин.

Иккита фарзандни бир вақтда уйлантирганда улардан бирининг оиласи бахтсиз бўлади, деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Бундай фикр инсонлар ўртасида ўзаро келишмовчилик, шубҳа-гумон ва фитналарга сабаб бўлгани учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу каби нотўғри фикрларнинг ҳар қандай кўринишини рад қилган. Аслида ёшларни оиланинг иқтисодий имкониятига, оила бошлиқларининг ўзаро келишувига мувофиқ кам харажат билан никоҳлаб қўйиш савобли иш. Чунки динимиз кўрсатмаларида “Хайрли ишлар кечиктирилмайди”, дейилади. Қайси ойда, қайси кунда, қандай тартибда бўлсин, ёшларнинг тўйларини қилиб уларни хурсанд қилиш суннатдир.

Турли бўлмағур иримларга ишонувчиларга эса шундай дейиш мумкин: агар тақдирда бахтсизлик ёзилган бўлса, фарзандлар алоҳида-алоҳида никоҳлаб қўйилса ҳам ёшлар бебахт бўлиши ёки аксинча қўша никоҳ билан оила қурган ёшлар энг саодатли хонадон соҳиблари бўлишлари мумкин. Аҳмад ибн Ҳанбал (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Тақдирни дуодан ўзга ҳеч нарса қайтара олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса узайтира олмайди”, дейдилар.

Ирим-сиримлардан яна бири – сафар ойидан шумланишдир. Исломдан илгариги жоҳилият замонида бу ой ҳақида одамлар турли ёмон гумон қилар эдилар. Улар сафар ойи ичида никоҳ муносабатларини боғламас, бирор эзгу ишга қўл урмас, тижорат ёки бошқа мақсадда ҳам сафарга чиқмас эди. Бунинг таъсири одамлар орасида ҳали ҳам сақланиб қолган. Икки ҳайит ўртасида тўй қилмаслик, янги уйга кўчиб ўтмаслик каби эътиқодлар шулар жумласидан. Бундай нотўғри қараш яхши ва хайрли ишларнинг кечикишига сабаб бўлади. Натижада инсонлар ҳаётидаги интизом издан чиқади.

Киши бундай ҳолатга тушганда, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб дуо қилиши лозим. Урва ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Қайси бирингиз одамлар шумланадиган бирор нарсани кўриб қолсангиз шундай деб дуо қилинг: “Эй Аллоҳ! Яхшиликни фақат Ўзинг келтира оласан ва ёмонликларни даф қилгувчи ҳам фақат Ўзингсан, куч ва қувват ҳам фақат сендадир”.

Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: умматимнинг ажралмас уч хусусияти бор: шумланиш, ҳасад ва бадгумонлик. Шунда бир одам: “Ё Расулуллоҳ, кимда шу хислатлар бўлса, уни қандай кетказади?”, деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: “Қачон ҳасад қилсанг, Аллоҳга истиғфор айтгин. Қачон гумон қилсанг, уни тасдиқламагин, қачон бир нарсадан шумлансанг, парво қилмай ўз ишингда давом этавер”.

Бундан кўринадики, турли нарса-ҳодисалардан шумланиб, ирим-сирим қилиш беҳуда нарса. Ирим-сирим, бидъат-хурофотларга ишониш мумкин эмас. Сабаби, уларнинг асли йўқ. Бундай ирим-сиримлар Қуръони каримда бир неча оятлар билан рад этилган. Ҳадисларда инсонлар бундай ёмон ишлардан қайтарилган.

Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида “Ирим-сирим қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг тақдирисиз таъсир этмайди”, деб марҳамат қилган бўлсалар, бошқа бир ҳадисларида “Ирим-сирим бемаъни нарсадир”, деганлар.

Кишилар баъзан йўл устида бирор жонивор учрашидан, қарға ва бойўғли товушидан ҳамда баъзи бир рақамлардан ирим қилишади. Мазкур иримлар сабаб муҳим ишларни ёки ҳаракатларни кечиктириш дуруст эмас. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туради деган гап қилиш ҳам ботил иримлардандир. Бойўғлининг сайрашидан ҳеч кимга зарар йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидай, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахтлар қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади.

Имонли киши бундай ишларни ўзи ҳам қилмайди, бировнинг ҳам қилишига рози бўлмайди. Зеро, оғир кунларда инсоннинг ёрдамчиси фақат Аллоҳ таоло ва қутулиш воситаси дуодир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб келтирган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Балолардан, қора кунлардан, тақдир қабоҳатларидан ва душманларнинг ҳасадидан ўзингизга паноҳ тилаб, Аллоҳ таолога дуо-илтижо қилинглар!” дейди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ирим қилиб, хайрли ишларни бошқа муддатларга кўчирадиган, бошқаларнинг ҳам фикрини чалғитиб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишлари даркор. Чунки бундай ботил тушунчаларга кўр-кўрона эргашиш хурофотга эргашишдир. Ҳар қандай ҳолатга ақл билан тафаккур қилиб, илм билан ёндашсак, нур устига аъло нур бўлади.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Report typo