“Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчиликдир”, деган сўзлар нақадар ҳақиқат эканини кўпчилик яхши англайди, ҳис қилади. Аммо шундай муқаддас масканда ишлаб, ҳатто раҳбар бўла туриб шарафли касб шаънига доғ туширадиган кимсалар, афсуски, учраб туради.
Мисол учун, Яккабоғ туманидаги 76-мактаб директори Х.З. шу мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Р.Х.га унинг Қарши давлат уневерситетини бошланғич таълим йўналиши бўйича бакалавр босқичини тамомлаганлиги бўйича қалбаки дипломини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари текшираётгани ва улардан дипломни қайтариб олиб беришини айтади. Қолаверса, қўшимча дарс соатлари ҳам ажратишга ваъда қилиб, эвазига 1000 АҚШ доллари сўрайди.
Айтилган пулнинг 8 миллион 650 минг сўмини олиш учун Самоқ қишлоғидаги савдо дўконига амакиси М.Ш.ни юборади. Қинғир ишга эса Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда чек қўйилди.
Департамент вилоят бошқармасидан маълум қилишларича, Х.З.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.
НАСРИДДИН