Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Дилбар ХАЛИЛОВА

15.05.2017


ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ НОТИҚЛИК МАҲОРАТИ

Китобнинг “Мустақиллик - тоғдек таянчимиз, қудратли заминимиздир” номли бўлимида Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, мустақилликни мустаҳкамлаш борасидаги фикрлар халқ донолиги намуналари билан далилланади:

“Халқимизда “Етти ўлчаб,  бир кес” деган мақол бор. Бу - бир ишга қўл уришдан аввал оқибатини яхшилаб ўйлаб кўриш керак, дегани. Агарки, 90-йилларда биз ҳам шошма-шошарлик билан иш тутганимизда ҳозир нима бўларди?”

“Биз... ўзбекистонимиз учун яккаю ягона тўғри, яъни тадрижий, босқичма-босқич ривожланиш йўлини танлаб олганимиз, узоқни кўзлаб, етти ўлчаб, бир кесган ҳолда, пухта ўйланган вазмин сиёсат олиб борганимизни бугун ҳаётнинг ўзи қайта-қайта исботлаб бермоқда”.

Ёки “Замонавий раҳбар доимо олдинга интилиб яшаши керак” номли бўлимда раҳбарлар олдига катта вазифалар қўйилган. Бу масъулиятнинг моҳиятини чуқур англатиш учун яна халқ мақолларига мурожаат қилинган:

“Халқимизда “Одамнинг кимлигини билмоқчи бўлсанг, амал бериб кўр” деган мақол бор. Амал кўрмаган одам тасодифан мансабга ўтириб қолса, ўз вазифасини тушуниб олиш учун унга, биринчидан, вақт керак, иккинчидан, у лавозимни эгаллаганидан сўнг ўзига ўхшаган одамларни атрофига тўплаб олади, кейин уларни алмаштиришни ўзи жуда азоб. Шунинг учун раҳбарни сайлаётган пайтда етти марта ўлчаб, бир марта кесиш керак”.

Яна бир мавзуда бу мақол қуйидагича келтирилади:

“Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб бизга маблағ беришга тайёр бўлган мамлакатлар кўп бўлди. Лекин биз бу масалада ҳеч қачон шошилмадик, етти ўлчаб, бир кесдик”.

Юқорида келтирилган иқтибослар матнига эътибор қаратсак, ўзбек халқининг “Етти ўлчаб, бир кес” мақоли  тўрт марта такрорланган. Ҳар бир такрорда мақсадни чуқур англаш, интеллектуалликни ошириш, ислоҳотларга ёндашувни модернизациялаш учун  хизмат қилиш мазмуни назарда тутилган. Бу мисоллар замирида “инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ” эканлиги ифодаланган. Буюк ва эзгу ишларни амалга оширишда, энг аввало, одамларнинг ишончини қозониш лозимлиги, улар билан кенгашиш, уларни тинглаш фойдадан холи эмаслиги таъкидланади. Айни чоғда халқ бу мақолларда айтилган фикрларга амал қилмаган ҳолда иш тутилганидан кейинги ҳолатни ҳам эътибордан четда қолдирмаган ва “кенг тўн тўзимайди, кенгашли иш бузилмайди” мақолини яратганки, бу юқоридаги мисолларда келтирилган нақллар мазмунини янада кучайтиради. Бу эса фольклорда бир жанрнинг ўзаро диффузиялашиш жараёнини белгилайди. Зотан, мақоллар кўп асрлик ҳаётий тажрибалар, доимий кундалик кузатишлар хулосасини тугал фикр тарзида ифодалар экан, уларда ҳар бир сўзнинг маъно хилма-хиллиги, ибораларнинг турғунлиги, шаклий барқарорлик устунлик қилади. Аммо қўлланиш ўрнига қараб уларнинг маъно  доираси доимий равишда кенгайиб боради. Бинобарин, халқ мақолларида ана шундай чуқур фалсафий мазмунга эга бўлган фикрнинг ўрин олиши табиийдир.

Янги жамиятимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз халқнинг ишончи ва меҳри эзгу ишларни амалга оширишда куч-қувват бағишлашини ҳар бир нутқ ва маърузаларида изоҳлаб ўтганларки, улар ҳикматли сўз сифатида ўзбек халқининг қалбидан жой олган десак, муболаға бўлмайди. Яъни “...Инсон учун халқнинг ишончи, меҳру муҳаббатига сазовор бўлишдан ортиқ бахт йўқ”, “Ишонч одамни эзгу йўлга бошлайди, қанот беради, керак бўлса, мислсиз куч-ғайрат бағишлайди”, “Одамларнинг  ишончи ва эътиборидан маҳрум бўлиш эса, ҳар қандай ҳокимият учун ҳалокатдир” каби сўзларда ҳикмат мужассамлиги кўзга ташланади. Халқ оғзаки ижодида ҳам давлат, жамоа раҳбарининг донолиги унинг қанчалик халқ турмуши ва орзусига яқинлиги билан ўлчаниши  халқона тасвирланган. Зеро, Алишер Навоий ҳам:

Эрурсен шоҳ - агар огоҳсен, сен,

Агар огоҳсен сен – шоҳсен, сен, дея зукко раҳбарнинг халқи, жамоаси дилида кечаётган ботиний жараёнлардан огоҳ  бўлиб, адолатли иш олиб боришини таъкидлайди.

Ислом Каримовнинг маънавий ҳаётимизни юксалтириш ҳақидаги аксарият фикрлари ҳикматли сўзлар сифатида тиллардан тушмаслиги табиий. Маълумки,  қадимдан мамлакат цивилизациясининг тараққиёти халқ маънавияти савияси билан ўлчанган. Чунки юксак маънавиятли инсон ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий соҳаларнинг ривожига ўз ақл-заковати билан ҳисса қўшиб келган. Шу боис, Биринчи Президентимиз ҳам ўзбек халқининг азалий умуминсоний қадриятларига таянган ҳолда маънавий юксалиш салоҳиятига катта эътибор қаратдилар. Буюк йўлбошчимиз Ислом Каримов маънавий етук инсонгина комиллик мақомига эга бўлишини “Юксак маънавият - енгилмас куч” асарида  пурмаъно сўзлар воситасида таъкидлаб, комил шахс сиймосини яққол гавдалантиради.

“Маънавият” сўзининг чуқур мазмунини ёритишда содда ва теран фикрлар билан донишмандона ёндашиб, “Маънавият инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга даъват этадиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча  қарашларининг мезонидир”, дея таъриф беради ва бу таъриф маънавиятга берилган  таърифлар ичида энг мукаммалидир.

 Муаллиф адабиёт ва миллий  тилнинг халқимиз маънавиятида  юксак ўрин тутишини эътироф этиб, хусусан, “Алпомиш” достони таърифида қуйидаги фикрларни келтиради:

“Халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси бўлмиш “Алпомиш” достони миллатимизнинг ўзлигини намоён этадиган, авлодлардан-авлодларга ўтиб келаётган қаҳрамонлик қўшиғидир. Агарки халқимизнинг қадимий ва шонли тарихи туганмас бир достон бўлса, “Алпомиш” ана шу достоннинг шоҳ байти, десак, тўғри бўлади. Бу мумтоз асарда тарих тўфонларидан, ҳаёт-мамот синовларидан омон чиқиб, ўзлигини доимо сақлаган эл-юртимизнинг бағрикенглик, матонат, олижаноблик, вафо ва садоқат каби эзгу фазилатлари ўз ифодасини топган… Бу ўлмас асарни  халқимиз асрлар давомида яратган, ўз иймон-эътиқодидек асраб-авайлаган, қанча авлод-аждодларимиз “Алпомиш” достони асосида тарбия топган, ўзлигини англаган, маънавий     бойликка эга бўлган. Демак, халқимиз бор экан, Алпомиш сиймоси ҳам барҳаёт”.

Шу таърифнинг ўзиёқ Ислом Каримовнинг беназир нотиқлик санъати эгаси, ўзбек тили-адабиётининг билимдони, миллий маданиятнинг тарғиботчиси эканлигини  кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, “Маънавият - тақдирнинг эҳсони эмас. Маънавият инсон қалбида камол топиши учун у қалбан ва виждонан, ақл ва қўл билан меҳнат қилиши керак”, “Маънавият - инсоннинг, халқнинг, жамиятнинг куч-қудратидир. У йўқ жойда ҳеч қачон бахт-саодат бўлмайди”,  “Ватан ва халқ олдидаги бурчни англаш ҳам юксак маънавият белгисидир”, “Ахлоқ - маънавиятнинг   ўзаги”, “Жамият маданиятсиз, маънавий-ахлоқий қадриятларсиз яшай олмайди”, “Адабиёт масаласи - бу маънавият масаласидир”, “Энг буюк жасорат - маънавий жасоратдир”, “Халқ маънавияти - буюк уммон”, “Маънавий соғлом бўлган миллатгина соғлом авлодни тарбиялай олади”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлади, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлади” каби кўплаб пурмаъно ҳикматли сўзлар абадул-абад халқимизнинг, келажак авлоднинг нутқида, тилида яшайди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Буюк Йўлбошчимизнинг асарларида келтирилган содда, равон жумлалар, халқона оҳангдаги сўз ва иборалар, пурмаъно ҳикматли сўзлар, халқ мақоллари унинг ўзига хос моҳир нотиқ бўлганидан далолат беради. Ватанга, халққа муҳаббат, садоқат, уларни севиш, ҳар қандай ички ва ташқи душманлардан кўз қорачиғидай асраш, она юртга сидқидилдан хизмат қилиш сингари муқаддас туйғуларни ёшлар онгига сингдиришда Ислом Каримов асарлари  илмий ва амалий жиҳатдан муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Дилбар  ХАЛИЛОВА,

Қарши давлат университети доценти

Report typo