Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Турсунбой БОЙМИРОВ

27.02.2017


ИСТЕЪДОДЛИ ШОИР, МОҲИР ТАРЖИМОН, ЗУККО МУАММОШУНОС

Абдулла Раҳмон Гулшаний 1898 йилнинг Наврўз ойида Шаҳрисабзнинг Зингарон маҳалласида косиб оиласида таваллуд топган. Отаси Абдураҳмон Фозил ўғли эгар, жабдуқ, нўхта, айил, пуштанг, жул каби от абзаллари тайёрлайдиган уста бўлган.

Абдулла 6 ёшида тоғаси Мейли қорининг мактабига боради. 13 ёшга етганида Қуръони каримни ёд олади. Шаҳардаги нуфузли Молик Аждар мадрасасида икки йил таҳсил кўргач, 16 ёшида Бухоро шаҳрига бориб, Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. Мадрасада Асвод махсумдан мантиқ илмини, Абдулло котибдан ҳуснихатни,  Идрис махсумдан аруз ҳамда муаммо илмини ўрганади. Рудакий, Жомий, Фузулий, Фирдавсий, Бедил, Навоий, Бобур, Огаҳий асарларини ўқиб ўрганади.

У 15-16 ёшларидаёқ бадиий ижод билан жиддий шуғулланиб, мушоира ва мажлисларда фаол иштирок этган. Шоир дўстлари Воизий ва Салимий билан биргаликда “Руҳ афротул аҳбоб” (Дўстлар совғаси) номли девон тузгани маълум. Айниқса, унинг ғазаллари бадиий жиҳатдан баркамоллиги, сўз қўлланилишининг бетакрорлиги билан киши эътиборини тортади:

Нечаким, зулфинг хаёли тушди ушбу жон аро,

Ғунча урди игнадек ул анбари афшон аро.

Ёш тўкарман кўзларимдан ҳам чу абри навбаҳор,

Ўйлаким, бу жисми жоним ғарқ улуб тўфон аро.

Қайд этиш жоиз, Абдулла Гулшаний ижодида Муқимий, Фурқат каби ижодкорларнинг танқидий реализмини кўриш мумкин. Шоир ўз даврида инсониятга хавф солган турли зарарли иллатларни кескин қоралаган. Хусусан, у ўз шеърларида ичкиликбозлик зарарли одат эканини таъкидлайди:

Ичкилик ўрганма, дарди бедаводир ичкилик,

Бениҳоя кўйи бадларга солодур ичкилик.

Сўзласам бошдин оёқ, бир можародур ичкилик,

Эл аро шармандалар, рўйи сиёдур ичкилик.

Одам ўғлига умуман нораводур ичкилик.

Ўз даврида Гулшаний адабиётнинг икки мисрали фардларидан тортиб, рубоий, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, қитъа, ғазал, шеър каби турли жанрларда ижод этган ва бу соҳаларни пухта эгаллаган. Мумтоз адабиётнинг аруз, мантиқ ва муаммо илмлари билан шуғулланади. Муаммоли шеър ёзиш ва ушбу шеърий мураккаб жумбоқни топиш йўллари, муаммо ечиш усулларини устоз мударрислар, шоирлар бисотидан кўп ўрганди. У нафақат мумтоз адабиётда, балки ўз давридаги адабий йўналишларда ҳам фаол ва самарали ижод қилди. Айниқса, “Кошки”, “Айб эмас”, “Қўйинг”, “Қилмағил”, “Гапирманглар”, “Ўзгинам”, “Кўрдим Қамайда бир пари”, “Қўзғолур”, “Жонон қиз” каби ижод намуналари китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинади. Бундан ташқари, Абдулла Гулшаний таржимонликда ҳам анча самарали фаолият олиб борган.

1978 йилнинг 18 октябрида мамлакат ҳукумат комиссияси Абдулла Гулшанийнинг 16 минг 854 мисрали адабий меросини қабул қилиб, уларни Тошкент қўлёзмалар институтига топширади. Бироқ бу бебаҳо хазинадан китобхону адабиёт ихлосмандлари баҳраманд бўлгани йўқ.

Абдулла Гулшаний 1962 йилдан 1963 йилгача Ўзбекистон Фанлар академиясининг тил ва адабиёт олийгоҳида илмий ходим бўлиб фаолият кўрсатади. У шу давр мобайнида Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи манзума” асарини таржима қилади, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асаридан минг байт, “Хазойин ул-маоний” асаридан олти юз сатрли муаммони ечади ва таржима қилади. Муҳаммад ал-Ҳусайний Нишопурийнинг “Муаммо фани қоидалари ҳақида”ги китобидан 6654 сатрдан иборат бўлган форсча муаммони таржима қилади. Шунингдек, муаллифи номаълум бўлган “Муаммо қоидалари ҳақида” рисоласидан 1340 сатр, “99 номга муаммо” китобидан 650 сатр муаммоли шеърни ўзбек тилига ўгиради. Ўз навбатида,  Абдулла Гулшаний ўзи ҳам “Тўю тўёна” номли муаммоли достон ёзади. Ўтган вақт давомида шоирнинг икки жилдли “Гулистони   Гулшаний” девони, “Тўю тўёна” номли уч жилдли тожикча шеърлар тўплами, “Ариза”, “Куйларим” достонлари халқимизнинг бой маънавий мулкига айланди.

Абдулла Гулшаний 1978 йил 22 декабрда 80 ёшида вафот этди.

Хулоса ўрнида айтганда, Абдулла Гулшаний воҳамиздан етишиб чиққан машҳур аллома, таржимон ва билимдон киши эди. Шоирнинг 16 минг 854 мисрадан иборат адабий меросини адабиёт ихлосмандлари, ижод аҳлига кенгроқ тақдим этиш эса соҳа мутасаддилари олдида турган масала.

Турсунбой БОЙМИРОВ

Report typo