Хусусан, жойларда муттасил янги интенсив боғлар барпо қилинмоқда, пахта майдонлари қисқартирилиб, унинг ўрнида сабзавот, полиз маҳсулотлари, дуккакли экинлар экишга асосий эътибор берилаяпти. Натижада юртимизда мўл-кўллик, бозорлар тўкинлиги таъминланаяпти, нарх-наво барқарорлиги сақланаяпти. Айни вақтга келиб, биз эҳтиёждан ортган маҳсулотни ташқи бозорга чиқариш даражасига ҳам етдик. Заминимизда унган сархил мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларига чет элда талабгор кўплиги экспорт қилаётган маҳсулотларимиз тури ва ҳажми ҳамда географиясини тобора кенгайтириб бориш имконини бермоқда.
Айни жабҳада вилоятимиз ҳам улкан салоҳиятини намойиш этаётгани сир эмас. Ҳудудда барча турдаги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек, уларни сақлаш ва айримларини қайта ишлаш учун шарт-шароит, имконият ва ресурс етарли. Шу кунларда пишган мева-чева, полиз маҳсулоти ва сабзавот борки, ички истеъмолдан ортгани сараланиб, қутиларга жойланиб, юк ташувчи транспорт воситаларида экспортга жўнатилмоқда.
380 МИНГ ДОЛЛАРЛИК КЕЛИШУВ
Вилоятимизнинг Муборак тумани тупроқ-иқлим шароити қишлоқ хўжалиги экинлари, мевали дарахтларнинг ҳудудга мос келадиган турларини танлаб экишни тақозо қилади. Бироқ сўнгги йилларда туманда ундириш бироз мураккаб саналган сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш кенг йўлга қўйилиб, бу борада катта тажриба тўпланди ва бугун юқори маҳсулдорликка эришилмоқда. Айниқса, маҳаллий тадбиркорлар томонидан кўплаб иссиқхоналар қурилиб, уларда помидор, бодринг ва бақлажон етиштириш авж олди. Мазкур маҳсулотлар бугун нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам йўналтирилаётгани билан аҳамиятли.
- Ҳозирги вақтга қадар чет эллик ҳамкорларимизга туманимизда етиштирилган 8 минг долларлик помидор, 18 минг долларлик бақлажон, шунингдек, 20 минг долларлик қовун етказиб беришга улгурдик, - дейди тумандаги “Муборак Ягуар” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ойбек Абдуллаев. – Россиядаги 2 та фирма билан қиймати 380 минг долларлик келишувга эришганмиз. Помидор, бақлажон ва қовундан ташқари, йил давомида саримсоқ ва узум сотиш мажбуриятимиз ҳам бор. Маҳаллий 3 та фермер хўжалиги ва бир қанча тадбиркорлик субъектлари билан маҳсулот етиштириб бериш борасида шартнома қилганмиз. Қолаверса, ўтган йили ўзимиз ҳам 2 гектар ер олиб, иссиқхона барпо қилдик. 1000 тонна сиғимли, совутиш камерали омборимиз бор. Шу боис хорижлик ҳамкорларимизга буюртмасини узлуксиз етказиб беришда муаммога дуч келмаймиз.
Ойбек Абдуллаевнинг билдиришича, келгусида жамият қошида замонавий технологиялар ва халқаро молия муассасаси кредити асосида томат пастаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжалланган. Ушбу тайёр маҳсулотга ҳам чет элда харидорлар талайгина.
МАНФААТЛИ ШАРТНОМАЛАР СОНИ ОШДИ
Бир неча кун аввал “Торпедо” навли 40 тонна қовун Нишон туманидан 2 та юк машинасига юкланиб, Қозоғистонга жўнатилди. Шириндан шакар ушбу маҳсулотни манзилда “Кучмай” фирмаси масъуллари қабул қилиб олади. Тегишли экспорт амалиёти бироз аввал Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси чоғида мазкур фирма ва Нишон туманидаги “Нишон олтин мева” масъулияти чекланган жамияти ўртасида имзоланган келишувга асосан бажарилмоқда. Томонлар 1 миллион 600 минг долларлик маҳсулот олди-сотдиси бўйича шартнома тузгани эътиборга молик.
- Йил бошида ҳам россиялик шериклар билан 2 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича келишгандик, нуфузли ярмаркада иштирок этганимиз эса манфаатли шартномаларимиз сонини кўпайтиришга имкон яратди, - дейди жамият раҳбари Бекназар Сариев. – Мавжуд мажбуриятларимизга кўра, ушбу икки давлатга жорий йил охирига қадар 10 хилдан зиёд мева-сабзавот, полиз маҳсулоти ва узум экспорт қилишимиз лозим. Шу мақсадда туманимиздаги 133 та фермер хўжалиги ва аҳоли вакилларидан маҳсулот харид қилишни кўзлаяпмиз. Улар билан ҳам шартнома тузганмиз. Айни дамда захирага мева-чева ғамлашни ҳам бошладик. Катта миқдорда узум, шафтоли тайёрлаб қўйдик. Ҳали замон уларни ҳам экспортга жўнатамиз. Жорий йилда 15 гектар ер олиб, “Жиян” навли қовун экдик. Ҳар гектаридан 15 тоннагача маҳсулот олиш мўлжалимиз бор. 10-15 кунда қовунларни узиб олишга киришамиз, даладаноқ машинага юклаб, хорижлик шерикларга етказиб берамиз.
Муҳими, тадбиркор экспорт қилинажак маҳсулотни узоқ вақт асл ҳолича сақлаш масаласини ҳам ижобий ҳал этди. 540 миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида олинган бўш бино яқинда Туркия ва Германиядан келтирилган замонавий совутиш ускуналари билан жиҳозланди. Мазкур омборхонага бир пайтнинг ўзида 280 тонна маҳсулот жойлаш мумкин. Ушбу лойиҳа асосида 20 нафарга яқин кишини иш билан таъминлаш белгиланган.
ХОРИЖДА МАҲСУЛОТЛАРИМИЗГА ХАРИДОР КЎП
Китоб тумани миришкорлари боғдорчилик ва узумчиликда донг таратган. Бу ерда етиштирилган таъми тилёрар меваю узумга нафақат юртимизда, балки чет мамлакатларда ҳам харидор кўп. Хорижлик ҳамкорлар билан маҳсулот етказиб бериш бўйича имзоланаётган шартномалар кўлами ҳам шундан далолат беради. Мисол учун, тумандаги “Озодбек Фозилжонович” фермер хўжалигининг 3,5 миллион долларлик мева ва узумни экспортга сотиш бўйича келишуви бор. Хўжалик мутасаддилари ушбу келишув талабларини бажаришга астойдил ҳаракат қилишмоқда. Мазкур субъект томонидан шу кунга қадар Қозоғистонга 40 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди.
- Мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари чет эллик харидорларга ниҳоятда манзур бўлаяпти, - дейди фермер Фозилжон Воҳидов. – Ҳамкорларимиз билан мулоқотимиз чоғида бунга тўла амин бўлаяпман. Улар биздан барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш истагини билдиришаяпти. Ҳозирча кўпроқ кишмиш навли узумдан жўнатдик. Куз фасли бошланиши билан хурмо ва анор экспортига киришамиз. Ҳўл мевадан ташқари, майиз, нўхат, мошни экспортга чиқариш ҳақида ўйлаб турибмиз. Хуллас, нимага талаб тушса, шуни етказиб беришга шаймиз.
Дарҳақиқат, шу кунларда деҳқону боғбонларимизнинг иши мўл. Пишиб, маромига етган мева-сабзавотни йиғиб олиш, саралаш керак. Чунки маҳсулот қанчалик сифатли бўлса, экспорт кўлами ошади. Бу эса барчага бирдек манфаат келтиради. Аввало, валюта тушуми ортади, бунинг эвазига келгусида юртимизга замонавий технологияларни олиб келиш имкони пайдо бўлади. Натижада ҳудудларда янги ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш шохобчалари вужудга келади. Кўплаб иш ўринлари яратилади. Бу эса халқимиз фаровонлиги янада ортиши, иқтисодиётимиз тобора равнақ топишига хизмат қилиши билан диққатга сазовордир.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.