Қаҳратон қиш ўз навбатини бўшатиб берган фаслда баҳордай сулув, сабру матонатда беназир ўзбек аёлининг тимсоли - Зулфияхоним дунёга келган. Ундан матонат дарсини олганлар уни садоқат куйчиси, дея эъзозлайдилар. Ўзбек аёлининг ҳаё-ибосини, унинг қалбидаги нозик туйғуларини, матонати ва саботини назмда турфа рангларда ифодалаган Зулфияхоним Шарқ аёлига тириклигидаёқ ҳайкал қўйган эди. Аллоҳ Зулфияхонимга шундай тақдир ато этдики, шоира қўлида қўшқалами билан узоқ йиллар назм гулшанида сайр этди, ўзида буюк ўзбек аёлининг ҳамма қирраларини кашф эта олди. Тақдиридан нолимади, балки кузатишларидаги, боқишларидаги олов тафти шеърларига кўчди.
Шоира маржондек тизган сатрларни ўқиб, ҳижрон, висол, баҳор, яшамоқ бахтини туяр эканмиз, Зулфияхоним умрининг қишида ёзилган - қалбининг қат-қатида сақланган, ниҳоят, кўз очган ситамли туйғулар булоғидан баҳраманд бўламиз. Бу - истиқлол йилларида яратилган "Хотирам синиқлари" достонидир. Саҳрода сарсон кезган инсонга бир пиёла сув ҳаёт бағишлайди. Шоира истиқлолни интиқиб, энтикиб кутган:
Ҳуррият, келдингми - наҳотки келдинг,
Пинҳона соғиндим, пинҳона кутдим.
Ёмғирга бағрини тутган саҳродек -
Сенинг насимингга қалбимни тутдим.
Шоира халқнинг қайғу-ҳасратини, қувончини, орзу-умидларини ёниб куйлади. 37-йиллар қатағони халқимизнинг қора, аянчли кунлари экани, бу "олов тили" кўплаб хонадонларни кул қилгани изтиробли туйғуларда ифодаланади. Юртнинг энг сара ўғлонларини ямламай ютган юҳо йилларга нисбатан нафратимиз ошади:
Сизни-да қора тун олдилармикин,
Қўлингизга кишан солдилармикин,
Юкиниш, ялинчмас - ғурурни кўриб,
Ваҳший ғазабларда ёндилармикин?!
Зулфияхоним шеърлари тоғ шалоласидай тошдан-тошга урилиб пишиб, янада мусаффоланиб ўқувчилари қалбига кириб боради - ҳижрони ёндиради, сабри инсонга матонат бағишлайди. Достонни ўқир эканмиз, асардаги воқеалар силсиласи ҳар бир ўзбек хонадонида кечган қора кунлар, таҳликали онлар туғёни эканига амин бўламиз. Мунис чеҳрасига ғам инган оналар муштдай тугунчаси қўлида авахтама-авахта сарсон кезади. Ҳатто кўзларига ёш келмай, азоблар исканжасида қолган оталар қўллари титраб "Худога солдим", дея бошини эгади. Султонликка лойиқ йигитларнинг қабри ҳам йўқ. Ва шунда энг кичик гиёҳ уйғоқ бўлса ҳам эл-элатни сукутда кўрмоқ, кўзларнинг кўрлигию диллар сўқирлиги - барчаси даҳшат-ла шоира қалбини эзади. Аммо зулмат ичра нур "йилт" этади. Бемажол тун тонгга ўрнини бўшатиб берди. Неча юз йиллар боболар курашиб кутган истиқлол қуёши бош кўтарди. Шоира дақиқалар санаб кутган кун келди. "Ҳуррият келдинг-ей, ал-омон келдинг", дея шоира қаламидан тўкилган сатрлар халқнинг дилидаги, тилидаги орзу-умидлари эди. Достонда шоиранинг армонлари, акасининг умрига завол бўлган қатағон йиллари даҳшати, мушфиқ онанинг дунёни ўртовчи изтироблари аланга олиб ётади.
Достон 1995 йилда ёзилган бўлиб, у Ҳуррият пойқадамига битилган севинч шукронаси эди.
Ҳулкар НОРОВА.