Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ижодкорлар ўртасида “Энг яхши ватанпарварлик руҳидаги видеоролик”, “Энг яхши ватанпарварлик руҳидаги қўшиқ” ҳамда “Ватанни мадҳ этувчи энг яхши шеър” танловлари эълон қилинган эди.
Бугун Қарши шаҳридаги Маънавият масканида мазкур танловлар вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.
Қайд этиш жоиз, танлов Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда 18 ва ундан юқори ёшдаги ҳаваскор ва профессионал ижодкорлар ўртасида ўтказилди. Ҳар бир тизим ўз йўналишида энг истеъдодли ижодкорларни саралаб, республика босқичига тавсия этди.
Ҳарбий хизматчилар ва ёшларда ватанпарварлик фазилатини, юксак маънавий, ахлоқий-руҳий ва психологик сифатларни юксалтириш, миллий ва жанговар руҳини янада мустаҳкамлаш, ватанпарварликни кенг тарғиб қилувчи видеоклип, қўшиқларни яратиш ва оммалаштириш каби мақсадлар кўзланган танловга тақдим қилинган ижодий ишлар бадиий савияси, креатив ёндашув, таъсирчанлик, мавзу моҳияти тўла акс эттирилганлиги каби мезонлар асосида баҳолаб борилди.
- Ҳар қандай ижодкорнинг энг яхши асарлари Ватан мавзусида бўлади, - деди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Комила Карамова. – Ватан ҳақида сўз айтиш, уни сўзда, мусиқада, видеолавҳада жо этиш катта масъулият, маҳоратни талаб этади. Бинобарин, танлов вилоят босқичига кўплаб сара асарлар келиб тушгани бизни мамнун қилди.
Якуний натижаларга кўра, таниқли ижодкор Яшин Тўраев ҳамда Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси, режиссёр Элдор Турсунов ҳамкорлигида яратилган лавҳа “Энг яхши ватанпарварлик руҳидаги видеоролик” танловида 1-ўринга муносиб кўрилди.
Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби битирувчиси, шу йил Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабаси бўлган Дурдона Нарзуллаева “Энг яхши ватанпарварлик руҳидаги қўшиқ” танловида ғолиб бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, шоира Нилуфар Умарова “Ватанни мадҳ этувчи энг яхши шеър” танловида 1-ўринни эгаллади.
Мазкур иштирокчилар танловнинг республика босқичида қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, “Энг яхши ватанпарварлик руҳидаги видеоролик” танлови республика босқичида 1-ўрин соҳибига 50 миллион сўм пул мукофоти берилади. “Энг яхши ватанпарварлик руҳидаги қўшиқ” ижрочиси 30 миллион сўм ҳамда “Ватанни мадҳ этувчи энг яхши шеър” муаллифи 20 миллион сўм моддий рағбатга эга бўлади.
Б.САЙФИЕВ