Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаббат ШАРАПОВА

01.10.2020


ЎҚИТУВЧИНИНГ БАХТИ - ШОГИРДЛАР КАМОЛИНИ КЎРИШДА!

Изҳор

Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор,

Сиз-ку, юракларга илк зиё ёққан.

Олимми, шоирми ва ё санъаткор

Илк бор сизга томон устоз деб боққан.

Олий тоифали ўқитувчиман, қарийб ярим аср мобайнида мактабда муаллимлик қилдим, "фанлар шоҳи" - математикага қизиқадиган қобилиятли ўқувчиларни тарбиялаб, уларни республика ва халқаро олимпиадаларга тайёрладим. Шундан бахтиёрманки, билимдон ўқувчиларим мамлакатимиз ва чет давлатларнинг нуфузли олий таълим даргоҳларида таҳсил олишди, кўплаб муваффақиятларга эришишди. Уларнинг ҳар бир ютуғидан қувонаман, фахрга тўламан! Аслида ҳақиқий ўқитувчининг бахти шогирдлар камолини, ютуқлари ва мавқеи ошиб бораётганини кўришдадир.

Шу ўринда эътироф этиш даркор, мамлакатимизда ўқитувчиларга кўрсатилаётган эътибор ниҳоятда юқори эканлиги соҳа вакилларига куч-ғайрат ва ғурур бағишламоқда. Бу - бор меҳримиз, билим ва маҳоратимизни ёш авлодга бағишлаб, уларнинг келажакда яхши инсон, яхши касб эгаси бўлиши учун ҳаракат қилишимизда муҳим ўрин тутади. Жонажон мактабимиз - иккинчи уйимиздаги азиз фарзандларимиз бизни ана шундай жонбозлик кўрсатиб ишлашга ундайди.

Айниқса, Президентимиз 2020 йил 24 январдаги  Мурожаатномасида математика, кимё, биология каби фанларга алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир туманда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилишини  айтганида, математика фани ўқитувчиси сифатида бу янгиликдан чин дилдан қувондим.

Албатта, ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши ўқитувчиларга катта масъулият юклайди, шу билан бирга, улар билимдон, янгиликлар яратувчи, интилувчан ва ижодкор бўлишлари, узлуксиз равишда ўз билим ва маҳоратларини ошириб боришлари лозимлигини англатади. Чунки бугунги давр шундай ишлашни талаб этади, буни унутмаслигимиз лозим.

Ўқитувчи сифатида таълим тизимини яхшилаш борасидаги ҳар бир янгиликдан руҳланиб, сифатли таълим олиш сари яна бир қадам қўйилганидан кўнглим таскин топади. Фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларда эканлигини ҳис этаман.

Яқиндагина Президентимизнинг "Мактаб директори, ўқитувчи ҳар битта ўқувчини - бу менинг болам, деб қабул қилсин" деган сўзларини чуқур ҳис-ҳаяжон билан эшитдим. Давлат раҳбарининг "Ҳамма ўқитувчига сизлаб мурожаат қилсин, бизлар ўқувчилик пайтимизда устозга кўчанинг нариги тарафида туриб йўл берардик", деган сўзларидан тўғри хулоса чиқара билиш даркор.

Ўтаётган ҳар бир кунимиз нечоғлик таҳликали бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб тақдирлаш, таълим тизимини ислоҳ қилиш бир зум бўлсин эътибордан четда қолгани йўқ.

Ҳозир юртимизда синовли кунлар, пандемия муносабати билан ўқувчиларимизнинг айримлари анъанавий, айримлари эса онлайн дарс тартибини танлаб, таълим олмоқдалар. Бу жараёнлар ўқитувчилардан катта куч талаб қилади, улар янада эътиборли ва янада масъулиятли бўлишлари лозим. Ишонаманки, қалби қайноқ ва шижоатли устозларимиз ўз ишларини шараф билан уддалайдилар ва ўқувчиларимизга зарур билимларни ўз вақтида бериб, таълим сифатини оширишга ўз ҳиссаларини қўшадилар!

Байрам арафасида қалбимдан шалола янглиғ қуйилиб келаётган шеърий тилаклар ўқитувчи ва мураббийларга бўлган бутун меҳрим ва чексиз ҳурматимни ифодалайди:

Муаллим! Сиз - улуғ, Сиз - азиз,

Сиздан баҳра олиб яшайди дилим,

Сизга умр тилаб, толмайди тилим,

Эй азиз муаллим, азиз муаллим!

Муҳаббат ШАРАПОВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

 

Report typo